Сардобаликлар давлатдан розими? (видео)

Сардобаликлар давлатдан розими? (видео)

@Sirdaryo
Фото: Effect.uz

«Сардоба» сув омборидаги фалокат натижасида биринчи ўринда талофат кўрган аҳоли турар жойларини таъмирлаш ва янгидан қуриш бўйича олиб бориш бўйича Ўзбекистон бўйлаб катта сафарбарлик ҳаракати бошланди. Бугунги кунга келиб кўплаб одамлар ўз қадрдон гўшаларига қайтмоқда, турмуш шароитларини ўнглаб, тўкис ҳаёт кечира бошламоқда. Тошқиндан зарар кўрган Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида тез фурсатда барпо этилган уйлар ўз эгаларига топширилмоқда.

Effect.uz'нинг ёзишича, Мирзаобод туманидаги Ҳақиқат, Навбаҳор ва Дўнгариқ маҳаллаларидаги зарар етган 1200 хонадонларни таъмирлаш ва тиклаш ишларига Андижон, Жиззах, Фарғона ва Наманган вилояти томонидан катта кўмак берилмоқда. Аҳоли барча шароитларга эга бўлган ўз уй жойларига бирин-кетин қайтмоқда.

“1 май куни, 40 йил деганда талофатларни кўриб уйдан чиқиб кетдик бола чақамиз билан. Ҳозир шароитимизни аъло даражада қилиб беришди. Уйларимизни таъмирлаб, полларини янгилаб беришди. Маиший техникалар беришди. Мана телевизорларни кўриб, кондиционерларни қўйиб маза қили яшаб ўтирибмиз. Улардан фойдаланяпмиз.

Аллоҳга шукур. Иссиқхоналар, бостирмалар қилиб беришди. Ҳовлиларимизни яхшилаб цементлаб, тўсиқлар билан ўраб беришди. Уйларимизга иситиш тизимини қилиб беришди. Газда ҳам электр токида ҳам исийдиган бўлди. Сувни уйимизнинг ичига олиб кириб беришди. Ҳовлиларимизга сув киргизишди. Бундан буёғига улардан яхши фойдаланамиз.

40 миллион сўм пул бердилар. Кам-кўстимизга ишлатяпмиз. Келиним чеварчиликка ўқияпти, унга шу йўналишда тадбиркорлик ишини йўлга қўйишга ёрдамлашаман. Неварам учинчи курсда ўқийди, уни ҳадемай уйлантирмоқчимиз. Пулнинг ярмини шунга сарфлаймиз.

Ҳозирги ёзнинг иссиқ кунларида кондиционердан фойдаланяпмиз. Уйим ҳавоси баҳор кунларидек салқин. Тоғ шароитида яшаётгандекмиз. Ҳамма берилган маиший техникалардан фойдаланяпмиз, келиним электр печда нон пиширяпти, кир машинада кирини ювади. Неварларим қўшниларнинг, ўзимизнинг уйимизни таъмирлаш ишларида қатнашди. Иш ҳақини беришди. Хурсандмиз, шунчалик шароит яратиб беришгани учун раҳмат", - дейди Мирзаобод туманининг Навбаҳор маҳалласида яшовчи Савринисо момо Абдурайимова.

Шунингдек, яна бир фуқаро давлатдан рози эканлигини таъкидлади.

«Қурувчилар жуда яхши хизмат қилди. Уйимизни чиройли қилиб таъмирлаб беришди. Каттакон раҳмат, барча маиший техникалар берилди, мол берди, товуқ берди унинг устига. Давлатмиз томонидан ажратилган қирқ миллион сўмни олиб, қиз неварамга машинка олиб бердим, 3 миллион 200 мингга. Ҳозир қизим, «Отажон,тикишни ўрганиб олдим, ёнимга дугоналаримни чақириб тадбиркор бўламан», дейди. Пардаларни ўзи тикиб, тайёрлаяпти.

Мен ўзим ҳам қурувчилар билан бирга ишладим, бир штат ойлигимни берди. Қурувчилар полларни кўтариб, унинг остини тошқинда келган лойлардан тозалаб, тош тўкиб, қуритиб, қўм тўшаб унинг устидан клёнка ёпиб сўнгра стяжка қилиниб пол ётқизилди. Қурувчилар яхши, сифатли ишлади, раҳмат уларга.

Уйимиздан сув чиқмасди, мана ҳозир идиш-товоқларни қизларим ичкарида ювмоқда. Қишларда жуда қийналардик, печкага ҳам, кўчада учоққа ҳам ўтин ёқардик. Оллоҳга минг шукр,ҳозир газ бор, отопления бор, иссиқ-совуқ сув бор, ҳамма шароит бор. Токларни таъмирлади, тўртбурчак ёритқичлар қўйди, ҳар бир хонага иккита, учтадан қўйди. Авваллари битта бўларди. Бир сотих ерга парник қилиб, устиларини ёпиб берди. Энди биздан ишлаш қолди.

Агар мен шахсан бундай уй соламан десам камида беш-олти йилда қурган бўлардим. Шунда ҳам кучим етса. Оллоҳга минг бор шукур. Мана яқинда янги уйга келин туширмоқчи бўлиб турибмиз. Худо хоҳласа, давлатимиз берган қирқ миллион сўм пулнинг қолганини шу тўйга ишлатаман деб ният қилиб қўйибман», - дейди Ҳақиқат маҳалласининг Тинчлик кўчасида яшовчи Тожибой Бегбўтаев.

Видео: Effect.uz

Effect.uz'нинг эслатишича, 1 май куни соат 05:55 да Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омбори тўғонининг 6-пикет деворида сув чиқиши юзага келганди. Сув тошқини оқибатида 4435 та хонадон талафот кўрган. Улардан 2390 таси яроқсиз ҳолга келган, 2045 таси эса таъмирталаб ҳолатда.

Бош прокуратура Сардоба фалокати юзасидан жиноят иши бўйича 4 та тергов версиясини кўриб чиқмоқда. Ҳозирда сув омбори иши бўйича икки киши қамоққа олинган. Сардоба тумани «Дўстлик» маҳалласида 37 та 1480 хонадонли; Мирзаобод тумани «Ҳақиқат» маҳалласида 20 та 800 хонадонли ва «Навбаҳор» маҳалласида 9 та 360 хонадонли кўп қаватли турар жой қурилиш ишлари бошланган.

Report Page