МЕНДА ТАКЛИФ БОР: Йўл ҳаракати қоидасини бузганлик учун жазо чоралари кучайтирилсин

МЕНДА ТАКЛИФ БОР: Йўл ҳаракати қоидасини бузганлик учун жазо чоралари кучайтирилсин

@Sirdaryo
Фото: adolat.uz

Ён-атрофимизда автомобиллар ҳаракати кўпайгани сари улар билан боғлиқ муаммолар ҳам кун сайин ортиб бормоқда. Интернетни кузатсангиз, ҳар куни қаердадир автоҳалокат содир бўлганини кўрасиз. Бундай кўнгилсиз ҳодисаларнинг кўпайиши натижасида қанчадан қанча инсонларнинг бир зумда ёстиғи қуриб, ҳаёти қил устида қолмоқда.

Автомобиллар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг содир этилишига кўп ҳолларда ҳайдовчининг ҳатти-ҳаракати сабаб бўлмаяптимикин? Дарҳақиқат, машина бошқараётган ҳайдовчи тўхташ лозим жойларда тўхтамасдан светафорнинг қизил чироғи ёниб турса ҳам машинасини ғиззиллатиб ўтиб кетаверади. Пировардида, пиёдаларнинг ҳаёти хавф остида қолади. Йўллар тирбанд бўлганда бир-бирига йўл бермай, оқибатда мана шу каби ҳодисаларнинг рўй беришига замин яратиб беришади.

Йўл ҳаракати маданияти ҳар бир инсонда шаклланган бўлиши керак деймизу, аммо кап-катта инсонларга кўп ўргатсангиз ҳам ёқмайди. Бошқача айтганда, бу ҳар бир инсонда ёшликдан шакллантирилган бўлиши керак. Йўқса, катта бўлгандан сўнг бировнинг панд-насиҳатини ёҳуд йўл ҳаракати маданияти борасидаги тушунтириш ва тарғиботларини қабул қилиши мушкул.

Шунинг учун ҳам мен йўл ҳаракати қоидасини бузганлик учун ҳайдовчиларни маъмурий жазо ўрнига жиноий жавобгарликка тортиш лозим, деб ҳисоблайман. Шу таклифни ўртага ташлайман. Жазо чоралари кучайтирилганда балки, ҳайдовчилар автомобиль бошқараётганларида эхтиёткорроқ бўлишармиди. Шу билан бирга, юзага келиши мумкин бўлган кўплаб автоҳалокатларнинг олди олинган бўларди, менимча.

Мавлуда АЛТМИШЕВА,
Халқ депутатлари Сирдарё
вилоят Кенгаши депутати

Report Page