ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ХАЛҚДАН АЙРО ЭМАС, УНИНГ БИР БАНДИДИР

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ХАЛҚДАН АЙРО ЭМАС, УНИНГ БИР БАНДИДИР

@Sirdaryo
Шавкат Миромонович Мирзиёев

Мен Шавкат Миромоновични Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалиги механизацияси институти талабаси бўлган, ёшларга етакчилик қилган даврларидан бери биламан. Талабалигидан сўнг ҳам илм ўрганиш, изланишда давом этиб, илмий ходим, фан номзоди, институт проректори даражаларига қадар кўтарилди.

Шуҳрат ЖАЛИЛОВ

У киши 1992 йили Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимида иш бошлаган вақтлари республика “Маҳалла” жамғармаси раиси, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари бўлиб ишлаганим боис, тез-тез учрашиш, амалга оширган хайрли ишларига гувоҳ бўлиш имкониятига эга бўлганман. Туман ҳокими сифатида биринчилардан бўлиб “Маҳалла” жамғармасини ривожлантириш таклифи билан чиққан эди. У киши тумандаги 52 та маҳалланинг ҳар бир оқсоқолини яхши танир, ишларидан бохабар, маҳалла муаммолари, имкониятлари, аҳоли қийинчиликларини яхши биларди. Ўша йилларда Мирзо Улуғбек тумани маҳаллалари республикада биринчилардан бўлиб инфраструктурасини ўзгартирган эди. Ички йўлларни асфальт қилиш, савдо-маиший шохобчалар қуриш, кўчаларни ободонлаштириш борасида самарали ўзгаришлар бўлганди.

Шуни айтиш керакки, Тошкентда озиқ-овқатлар, айниқса, сут маҳсулоти ниҳоятда танқис эди. Шавкат Миромонович сутни қўшни Сирдарё вилоятидан келтириб, аҳоли талабини қондирарди. Бу ишни ўринбосарлари зиммасига юклаб, ҳар куни улар ишини назорат қиларди. Умуман олганда, Президентимиз маҳаллани давлат ва аҳоли ўртасидаги кўприк, таянч тузилма сифатида кўрганлар. Эътибор берсак, охирги икки ярим йилда маҳаллалар фаолиятини такомиллаштириш, моддий-техник, маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича қанчадан-қанча ишлар қилинди. Бу ишларнинг дебочаси ўша даврда бошланган эди, десам муболаға бўлмаса керак.

Шавкат Миромоновичнинг доимий эътибор марказида бўлган соҳаларидан бири спорт бўлган. Туманда “Умид” деган ташландиқ, таъмирталаб футбол майдони бор эди. Елиб-югуриб, ўша даврларда бирмунча қийин бўлган маблағ ажратиш масалаларини ҳал этган, стадионни таъмирлаб, ёшларни спортга жалб қилиш бўйича кўпгина ишлар қилган. Бир туманнинг ўзида олий лигада ўйнайдиган иккита футбол клуби бор эди: “ЦСКА” ва “Трактор”. Айниқса, “Трактор” клуби жуда яхши натижаларга эришди, клуб стадиони ёнида каттакон сув ҳавзаси қурилиб, ёшларга беминнат хизмат қилган. Бу ишларни амалга ошириш ўша даврда осон бўлмаган, албатта. Мана, бугунги кунда Президентимизнинг ёшлар учун илгари сурган 5 та муҳим ташаббусининг иккинчиси ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилгани ҳам бу ишларнинг илдизи нақадар чуқурлигидан дарак беради.

Шавкат Миромонович ўша даврларда ҳам ниҳоятда камтарона ҳаёт тарзига эга эди. “РАФ” русумли машинада маҳалла оқсоқоллари билан юриб, жойларга бориб муаммоларни ўрганарди. Маҳалла оқсоқолларини ишлаши учун шароитлар, ўша даврда бўлган икки кишилик машиналар билан таъминлаб, оқсоқоллар ғамини ердилар. Бу ишларнинг давомийлигини ҳозир ҳам кўряпмиз, барча ҳудудлардаги маҳаллаларнинг мавқеи яхшиланмоқда, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари орқали мамлакат янгича қиёфага кирмоқда. Уларнинг шароитлари, тоза, равон кўчалари бир-биридан қолишмайди. Яна бир нарсани алоҳида айтиб ўтишим лозимки, Шавкат Миромонович қайси ҳудудда раҳбар бўлмасин, ўша ердаги қабристонларни обод қилиб, озода сақлашга алоҳида эътибор қаратарди.

Туман ўзига хос “округлар”га, бўлиб бошқарилар, ишларнинг бевосита назорати эса ҳоким зиммасида эди. “Округлар” бугунга келиб секторларга айланди, улар бевосита масъулларга бириктирилиб, иши назорат қилинади. Бир вақтлар Мирзо Улуғбек туманида йўлга қўйилган тажриба бугунги кунда бутун республикага жорий қилиниб, ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Шавкат Миромоновичдан камтаринлик, масъулият борасида ҳамма раҳбарлар ўрнак олишимиз лозим. У киши нутқларида тез-тез “Оёқларинг ердан узилмасин!”, “Нима иш қилсанг ҳам, аввало, халқ манфаатидан келиб чиқиб қил!”, “Ҳақиқий баҳони халқ беради”, “Қарсакбозлик, ура-урачилик, қуруқ гаплар керак эмас!” каби хитобларни таъкидлаши бежиз эмас. Ёдимда, ўша вақтлар Шавкат Миромонович институт проректори, депутат бўлсалар-да, оиласи билан икки хонали уйда ижарада турарди. Илм йўлидаги изланишлар, диссертация ёзиш машаққатлари ана шундай мураккаб шароитда бўлган. Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманга ҳоким бўлгачгина у кишига уй берилган. Бу ҳам осон бўлмаган. Ўша вақтлар уй олиш ҳам жуда оғир, уй беришга масъулларнинг ошиғи олчи, ўзига бино қўйган пайтлар эди.

Шавкат Миромоновичга уй берилса-да, уни олгунча роса югуришлар, сансоларликлар бўлган. Буни қарангки, ўша оворагарчиликларга сабаб бўлиб, ташвишларини кўпайтирган аёл Шавкат Миромонович туманга ҳоким сифатида иш бошлаб, йиғин ўтказганларида бўлим бошлиғи бўлиб ўтирган, у кишини таниб анча хижолатли ҳолга тушган. Аёл йиғилишдан сўнг ёнларига кириб узр сўраган, ишдан бўшамоқчилигини билдирганда, Шавкат Миромоновичгина кек сақламасдан, хатоингизни англаган бўлсангиз ишлайверинг, бошқа бундай қилмасангиз бўлди, қабилида гапирган. Шавкат Миромонович камтар, масъулиятли бўлиш билан бирга, кечиримли ҳам. Ўзи ҳам бот-бот таъкидлайди, “Ҳамма нарсани кечиришим мумкин, фақат хиёнатни кечирмайман” деб.

Мен барчанинг муаммоларини худди ўзининг ташвишидек қабул қиладиган, камтар, масъулиятли, ҳаракатчан, халқ дардида ҳаловатни унутган инсон Шавкат Миромоновичдан барча раҳбарлар ўрнак олишини истар эдим.

Шуҳрат ЖАЛИЛОВ,
Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси бошқаруви раиси.

ЎзА

Report Page