ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ (лойиҳа)

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ (лойиҳа)

@Sirdaryo
Фото: Google Images

Сирдарё вилоятида ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш тизимини такомиллаштириш ҳамда мавжуд спорт иншоотлари қувватидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида ID-5046

Сирдарё вилоятида ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш тизимини такомиллаштириш, мавжуд спорт иншоотлари қувватидан самарали фойдаланиш ҳамда ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ва самарали ўтказиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва оммавий спортни ташкил этишда олис ва чекка қишлоқларда спорт иншоотлари тармоғини кенгайтириш орқали жисмоний тарбия ва спортни янада оммавийлигини ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2019 йил 19 мартдаги “Ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишини ошириш бўйича 5 та мухим ташаббусини амалга ошириш тўғрисида”ги 12-сон мажлис баёнининг иккинчи ташаббуси “Ёшларни жисмоний чиниқтириш ва спорт соҳасида ўз қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиб бериш” бўйича берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1.     Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 19 мартдаги “Ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишини ошириш бўйича 5 та мухим ташаббусини амалга ошириш тўғрисида”ги 12-сон мажлис баёни раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин. 

2.     Қуйидагилар:

Сирдарё вилоятида 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларнинг камида 30 фоизи (88766 нафари)ни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб этиш, мавжуд спорт иншоотларининг қувватидан самарали фойдаланиш, олис ва чекка қишлоқларда спорт иншоотларини барпо этиш бўйича “Йўл харитаси” (бундан кейин матнда - “Йўл харитаси” деб юритилади) 1-иловага мувофиқ;

“Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирларни амалга оширилишини ташкиллаштириш ва назоратини олиб бориш бўйича ишчи гуруҳи таркиби

2-иловага мувофиқ;

жисмоний тарбия ва спорт йўналиши мавжуд олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларини педагогик амалиёт ўташи белгиланган муассасалар рўйхати 3-иловага мувофиқ;

Гулистон давлат университетида умумтаълим мактабларининг жисмоний тарбия фани ўқитувчиларини тўгарак юритиши бўйича ташкил этиладиган бир марталик ўқув курсларига жалб этиш жадвали 4-иловага мувофиқ;

Сирдарё вилояти туман (шаҳар)лари ҳокимларига жисмоний тарбия

ва спорт масалалари бўйича бириктирилган спорт йўналиши бўйича маслаҳатчилар рўйхати 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3.      Ишчи гуруҳ “Йўл харитаси”да назарда тутилган вазифаларнинг ижросини ҳар чоракда камида бир марта таҳлил қилиб, уларни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган муаммоларни бартараф этиб бориш чораларини кўрсин.

4.     Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Ўзмиллийбанк, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги:

олис ва чекка қишлоқларда енгил конструкцияли сендвич панелдан кичик спорт заллар ва сунъий қопламали спорт иншоотларини ташаббускор тадбиркорларни аниқлаш ҳамда 2019 йил якунига қадар уларни давлат-ҳусусий шериклик асосида барпо этиш;

нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган спортчилар, айниқса, Жаҳон ва Олимпия ўйинлари чемпионларига спорт иншоотларини барпо этиш учун бепул асосида доимий фойдаланишга ер майдонларини ажратиш;

ташаббускор тадбиркорларга “Ёшлар - келажагимиз” давлат дастури доирасида имтиёзли фоиз ставкаларида кредит маблағлари ажратилишини таъминлаш чораларини кўрсин.

 5.    Ўзмиллийбанк, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги спорт иншоотларини барпо этиш мақсадида хорижий банкларининг кредит манбалари ҳисобидан “Ёшлар - келажагимиз” жамғармасига маблағлар жалб қилинишини таъминлаш;

 “Ёшлар - келажагимиз” жамғармаси Бахромбеков Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тавсияси асосида спорт иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва спорт анжомлари билан жихозлашга ташаббускор тадбиркорлардан таклиф этилган лойихаларни молиялаштириш учун, Жамғарма билан бош келишувга эга бўлган тижорат банкларининг тегишли хисоб варақларига, жалб қилинган маблағларнинг шартлари доирасида, зарур маблағларни ўтказиш ишларини амалга оширсин.

6.     Марказий банк билан биргаликда молиялаштиришда қатнашувчи тижорат банклари ажратилаётган маблағларни мақсадли сарфланишини ва лойиҳаларни молиялаштиришда ўз устама ҳақларини (банк маржасини) бир фоиздан ортиқ бўлмаган шартларда ўрнатилишини алоҳида назоратга олсин.

Белгилаб қўйилсинки тижорат банклари томонидан жисмоний тарбия ва спорт фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига кредитлар 7 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан ажратиб берилиши ушбу мақсадларга ажратиладиган кредитлар лойиха ташаббускорларини ёшидан қатъий назар чекловларсиз молиялаштирилиши назарда тутилади.

7.     Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Абдуҳакимов, Молия вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманидаги Малек шаҳарчаси, Бахт шаҳридаги спорт базалари ҳамда Ховос тумани “Гулбаҳор” маҳалласидаги янги қурилган спорт иншооти базасига болалар-ўсмирлар спорт мактаби мақомини берсин.

8.     Сирдарё вилояти ҳокимлиги:

Вилоятда жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш, оммавий спорт тадбирларини кўтарники рухда ўтказиш мақсадида, ҳар йилги маҳаллий бюджет параметрларини шакллантиришда вилоят, туман ва шаҳар оммавий спорт тадбирлари календарь режаси учун зарур маблағларни ажратиш;

шаҳар ва туманларда жойлашган Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари қувватини ошириш мақсадида коллеж ва умумтаълим мактабларининг бўш турган спорт заллари ва майдонларини аниқлаш, рўйхатини шакллантириш ҳамда БЎСМлар балансига ўтказиш;

аҳолини, айниқса ёшларни спортга кенг жалб этиш бўйича, спорт иншоотлари, жумладан умумтаълим мактаблари, коллежлар ҳамда олий таълим муассасаларининг спорт объектлари имкониятидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, дарсдан ташқари вақтларда ҳуддудаги аҳоли томонидан эркин фойдаланишларини ташкил этсин.   

9.     Сирдарё вилоятининг туман (шаҳар)лар ҳокимликлари маслаҳатчи сифатида бириктирилган спортчилар ва малакали мутахассислар билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйсин ҳамда уларнинг жойларда самарали фаолият юритишлари учун етарли шарт-шароит яратсин.

10.   Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирига зарурат тақозосига кўра туман (шаҳар)лар ҳокимларига жисмоний тарбия ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчи сифатида бириктирилган спортчилар рўйхатига тегишли ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилганлиги белгилаб қўйилсин.

11.    Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳар йилги Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигининг асосланган ҳисоб-китобларига асосан умумтаълим мактаблари ҳамда спорт муассасаларини зарур спорт анжомлари ва ўқув қўлланмалар билан босқичма-босқич таъминлаш ҳамда уларни янгилаб бориш учун зарур маблағларни назарда тутсин.

Белгилансинки, “Йўл харитаси”га мувофиқ ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ишларини амалга оширишда биринчи навбатда умумтаълим мактаблари имкониятларидан кенг фойдаланилади.

12.   Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Сирдарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда:

ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш борасидаги барча мавжуд имкониятлардан самарали ва тўлиқ фойдаланиш ҳамда умумтаълим мактаблари ўқувчи-ёшлари ва мактабларга туташ ҳудуддаги маҳалла ёшларини жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида вилоятдаги барча умумтаълим мактабларида ёшлар қизиққан спорт турлари бўйича тўгараклар фаолиятини йўлга қўйсин.

Бунда:

Халқ таълими вазирлиги тўгараклар фаолиятини ташкил этиш, умумтаълим мактабларида турли тадбирлар, кўрик-танловлар ўтказиш, уларнинг мазмундорлигини таъминлаш;

тўгаракларни самарали фаолият юритиши, тадбирлар ўтказилиши учун спорт залларида тегишли шарт-шароит яратиш, уларга ўқувчи-ёшлар қатновини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Сирдарё вилоят ҳокимлиги билан биргаликда, ажратилган маблағлар доирасида умумтаълим мактаблари ва болалар-ўсмирлар спорт мактабларига зарур бўлган спорт жиҳозларини харид қилиш ҳамда жойларга ўз вақтида етказиш чораларини кўрсин.

13.   Белгилансинки, давлат харидлари доирасида харид қилинаётган спорт анжомлари ва жиҳозлари сифати, белгиланган давлат ва ҳалқаро стандартлар талабларига тўлиқ жавоб бериши ва тегишли мувофиқлик сертификатига эга бўлиши шарт.

14.   Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Сирдарё вилоят ҳокимлиги билан биргаликда:

вилоятнинг малакали тренерларга талаб юқори бўлган туман (шаҳар)лари учун тасдиқланган қабул квоталари доирасида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига давлат гранти асосида бакалавриат йўналиши бўйича 2020/2021 ўқув йилида 50 та ва келгуси ўқув йилларида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг буюртмасига асосан мақсадли қабул квоталари ажратиш;

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Гулистон давлат университетининг сиртқи бўлимида “Спорт фаолияти” таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш чораларини кўрсин.

15.   Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Сирдарё вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда умумтаълим мактаблари, олий таълим муассасалари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларнинг спорт заллари, йирик спорт иншоотларига ёшларни жалб этиб, уларни спортга бўлган қизиқишларини янада ошириш, ёш спортчиларни Ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида Республикамизнинг номдор ва таниқли спортчилари, жаҳон ва Олимпияда чемпионлари билан 2019-2020 йиллар давомида учрашувларини ташкил этиш жадвалини ишлаб чиқсин ва ижросини таъминласин.

16.   Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.Абдухакимов, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Д.Набиев, Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаевлар зиммасига юклансин.

 

А.Арипов,
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири


1-ИЛОВА: Сирдарё вилоятида 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларнинг камида 30 фоизи (88766 нафари)ни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб этиш, мавжуд спорт иншоотларининг қувватидан самарали фойдаланиш, олис ва чекка қишлоқларда спорт иншоотларини барпо этиш бўйича “ЙЎЛ ХАРИТАСИ”


2-ИЛОВА: “Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирлар амалга оширилишини ташкиллаштириш ва назоратини олиб бориш бўйича ишчи гуруҳ ТАРКИБИ


3-ИЛОВА: Жисмоний тарбия ва спорт йўналиши мавжуд олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларини педагогик амалиёт ўташи белгиланган муассасалар РЎЙХАТИ


4-ИЛОВА: Гулистон давлат университетида умумтаълим мактабларининг жисмоний тарбия фани ўқитувчиларини тўгарак юритиши бўйича ташкил этиладиган бир марталик ўқув курсларига жалб этиш ЖАДВАЛИ


5-ИЛОВА: Сирдарё вилояти туман, шаҳарлари ҳокимларига жисмоний тарбия ва спорт масалалари бўйича бириктирилган спорт йўналиши бўйича маслаҳатчилар РЎЙХАТИ


Таклиф киритинг: https://regulation.gov.uz/uz/document/5046

Report Page