Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Сирдарёда “Бор меҳримиз шу халқ, шу Ватан учун!” шиори остида тиббий кўриклар бошланди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Сирдарёда “Бор меҳримиз шу халқ, шу Ватан учун!” шиори остида тиббий кўриклар бошланди

@Sirdaryo
Фото: ЎзА

Жорий йилнинг 18 июль куни давлатимиз раҳбари жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида Сирдарё вилоятига ташриф буюрганида қатор топшириқлар қатори, вилоятда истиқомат қилувчи аҳолини малакали мутахассислар иштирокида чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтказиш бўйича топшириқлар берган эди.

Мазкур вазифалар ижроси доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жорий йилнинг 22 июль кунидан бошлаб “Бор меҳримиз шу халқ, шу Ватан учун!” шиори остида вилоят аҳолиси чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.

Ушбу йирик ижтимоий тадбирдан асосий мақсад, биринчи навбатда, ҳудуддаги аҳоли ўртасидаги статистик маълумотларнинг ҳаққонийлигини аниқлаш, иккинчидан, сурункали кечувчи – кардиологик, эндокринологик, дерматологик, неврологик, гинекологик, урологик сингари бир қанча йўналишдаги хасталиги мавжуд беморларни диспансер назоратига олиш ва шу аснода уларни бирламчи тиббий профилактика назоратидан тортиб, профилактикасини тўлақонли ўтказишга қаратилган. Учинчидан эса, ушбу тадбирда малакали мутахассислар билан бирга аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрик ва мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказишда фаол иштирок этаётган маҳаллий шифокорлар бир вақтнинг ўзида ўз билим кўникмалари ва тажрибаларини янада ошириш имкониятига ҳам эга бўлмоқда.

Фото: ЎзА

Бундай кўрикларнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, аҳоли ўз ҳудудидан чиқмаган ҳолда республика даражасидаги сифатли ихтисослаштирилган тиббий ёрдам олиш имкониятидан баҳраманд бўлмоқда. Агар бир беморда бир неча турдаги касаллик мавжуд бўлса, у айни йўналишдаги тор соҳа мутахассислари иштирокида шу ерни ўзида консилиуми асосида муолажа тайинланмоқда.

Ўтказиладиган кўрикларнинг сифат ва самарадорлигини таъминлаш мақсадида ихтисослаштирилган тиббиёт марказлар директорлари, академиклар, илмий-текшириш институтлари, нуфузли республика клиник шифохоналарининг етакчи олимлари, тиббиёт фанлари докторлари ва юқори малакали шифокорлар бошчилигидаги 100 нафарга яқин мутахассисдан иборат гуруҳлар вилоятнинг энг чекка ҳудудлардаги аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказмоқда. Кўриклар давомида мутахассислар ҳар бир мурожаат қилувчига алоҳида эътибор қаратиб, тўшакда ётиб қолган қариялар ва беморлар ҳолидан хонадонларга бориб хабар олмоқда. Кўрик пайтида хасталиклар аниқлангудек бўлса, ҳар бир бемор учун махсус даволаш ва реабилитация режалари белгиланади. Жумладан, аҳолининг амбулатор шароитда, туман, вилоят шифохоналари ҳамда республика даволаш-профилактика муассасаларида ўрнатилган тартибда соғломлаштирилади.

Фото: ЎзА

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ўтган йил давомида Сирдарё вилоятида 21 та муассасада (ҚОП, ҚВП ҳамда даволаш профилактика муассасаларида) қурилиш-таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилди. “Обод қишлоқ” дастури доирасида эса соғлиқни сақлаш тизимидаги 11 та муассасада таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Жорий йилда ҳам “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 17 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Фото: ЎзА
Фото: ЎзА

“Бор меҳримиз шу халқ, шу Ватан учун!” шиори остида ўтказилаётган тадбирлар доирасида аҳоли ўртасида тиббий маданиятни юксалтириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, юқумли касалликларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари ва мулоқотлар ҳам ўтказилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

ЎзА

Report Page