Қилмиш қидирмиш: ДХХ коррупцияга оид Сирдарёдаги яна бир ҳолатни фош этди

Қилмиш қидирмиш: ДХХ коррупцияга оид Сирдарёдаги яна бир ҳолатни фош этди

@Sirdaryo
Фото: Google Images

Барчамизга маълумки, ҳозирги замон миллий ва халқаро ҳуқуқда тобора кўп қўлланилаётган атамалардан бири бу коррупциядир. 

Мамлакатимизда охирги йилларда коррупция иллатига қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, зарурий чора-тадбирлар кўриб келинмоқда. Чунки порахўрлик — ҳокимият ва бошқарув асосларини емирадиган, унинг аҳоли олдидаги обрўсига путур етказадиган, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қиладиган хавфли жиноий ҳодисалардан биридир. 

Коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, давлатнинг конституциявий асосларини ва қонун устуворлигини заифлаштиради, пировардида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади. Аниқ фактларга ўтсак. 

Жумладан, Сирдарё вилояти «Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри» давлат корхонаси тизимидаги айрим ходимлар томонидан мансаб ваколатини суистеъмол қилиб, моддий манфаатдорлик эвазига сунъий аукцион ташкиллаштириш орқали, фуқароларга ер майдони олиб бериш билан шуғулланиб келаётган фуқароларни жиноят устида қўлга олиш юзасидан тезкор тадбир амалга оширилди. 

Жорий йилнинг 17 июль куни фуқаро С.Д.А. аризасига асосан ДХХ Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚКД Сирдарё вилояти бошқармаси ходимларини жалб қилган ҳолда Сирдарё вилояти «Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри» давлат корхонаси Сайхунобод туман филиали кадастр мухандиси Хамраев Санжар Ражаббой ўғли Сайхунобод тумани ҳудудидан 4 сотих ер майдонини сохта аукцион ташкиллаштириб, аризачининг иштирокисиз ер майдонини арзон нархда олиб беришни ваъда қилиб, эвазига келишилган 1000 АҚШ долларининг 500 АҚШ долларини олдиндан пора сифатида олаётган вақтда жиноят устида қўлга олинган.  

Натижада С.Хамраевга нисбатан ЎзРЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) 1-қисми ҳамда 28-моддасини қўллаган ҳолда 211-модда (пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.  

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, коррупция мураккаб ижтимоий ҳодиса бўлиб, унга қарши курашиш учун алоҳида чораларни қўллаш самарали хисобланмайди, коррупцияга қарши курашиш давлат ва жамиятнинг ўзаро жипслиги талаб этилади. Зеро, бу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар фуқаролар томонидан ҳам фаоллик кўрсатилсагина, кўзланган натижани бериши мумкин. 

Демак, биз коррупцияга қарши курашда жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз, барчамиз бирга ҳаракат қилмоғимиз зарур. Бунда коррупцияга қарши курашиш фаолиятининг мақсади ва объекти сифатида алоҳида олинган коррупционер эмас, балки ушбу хатти-ҳаракатларни амалга оширишга шароит яратиб берувчи ҳолатларини бартараф қилиш ва профилактик олдини олиш чораларида намоён бўлишини англаган ҳолда ҳаракат қилиш лозим бўлади.

Report Page