Депутатлар таклифи: Тез тиббий ёрдам хизмати машиналари ҳайдовчиларига маъмурий чора кўрилмасин

Депутатлар таклифи: Тез тиббий ёрдам хизмати машиналари ҳайдовчиларига маъмурий чора кўрилмасин

Sirdaryo Xabarlari
Фото: ЎзА

Бугунги кунда мамлакатимизда аҳолига давлат томонидан кафолатли бепул тиббий ёрдам беришни таъминлайдиган шошилинч, кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишнинг яхлит тизими яратилди.

Айниқса, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг самарадорлигини ошириш, замонавий асбоб-ускуналар ва малакали кадрлар билан таъминлаш, шошилинч тиббий ёрдам беришнинг замонавий, юқори технологик самарали тизимини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу билан биргаликда, аҳолига кечиктириб бўлмайдиган шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш масалаларида ўз ечимини кутаётган қатор муаммолар ҳам сақланиб қолмоқда. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари жойлардаги амалий мулоқотлар ва таҳлиллари натижасида тез тиббий ёрдам кўрсатиш машиналарининг тез, белгиланган муддатда чақирувларга етиб бориши, беморни шифохонага етказишига тўсиқ бўлаётган объектив сабаблар ҳам мавжудлиги кузатилди. Бу хақида ЎзА хабар бермоқда.

Хўш, бу объектив сабаб нималардан иборат?

Депутатларга тез тиббий ёрдам хизмати машиналари ҳайдовчилари махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини (белгиланган тезликни ошириш, светофорнинг тақиқловчи чироғига бўйсунмасдан ўтиш ва ҳк.) бузганлиги бўйича айрим ҳолатларда жавобгарликка тортилаётганини билдиришди.

Депутатлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотларни таҳлил қилганида, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали тез тиббий ёрдам хизмати ҳайдовчилари томонидан 2017 йилда 339 та шундай ҳолат аниқланган бўлса, 2018 йилда 968 та, 2019 йилнинг биринчи чорагида эса 350 тадан ошиб кетгани маълум бўлди.

Тез тиббий ёрдам хизмати кўрсатиш мақсадида зудлик билан кетаётган ҳолда шундай қоидабузарлик содир этган дея баҳоланган ҳуқуқбузарликлар учун 2017 йилда 16 нафар, 2018 йилда 110 нафар “Тез тиббий ёрдам“ ҳайдовчиси жарима тўлаган. 2019 йил 1 март ҳолатига кўра, 89 та шундай ҳал этилмаган, муаммоли ҳолат сифатида баҳоланаётган ишлар мавжуд.

Бу эса тез тиббий ёрдам хизмати машиналари ҳайдовчиларининг асосли эътирози ва норозилигига сабаб бўлмоқда. Натижада тез тиббий ёрдам кўрсатилиши зарур бўлган ҳолларда уларнинг светофор тақиқланган чироғида кутиб туриши, белгиланган тезликдан оширмасдан ҳаракатланиши оқибатида беморга ўз вақтида ёрдам кўрсатиш имконияти пасаймоқда.

Шундан келиб чиқиб, Қонунчилик палатаси депутатлари қонунчиликка ўзгартиш киритиш таклифи билан чиқди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги фармони билан тасдиқланган “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси”га мувофиқ, қонунларнинг тўғридан-тўғри амалиётга қўлланишини таъминлаш мақсадида қонунчиликка қўшимча киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Депутатлар ташаббуси билан тайёрланган қонун лойиҳасига асосан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 171-моддаси “Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали тезкор ва махсус хизмат транспорт воситалари ҳамда улар кузатиб келаётган транспорт воситалари томонидан йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ имтиёздан фойдаланган ҳолда содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар қайд этилган ҳолларда ҳайдовчиларнинг кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажарганликларини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганда охирги зарурат ҳолатида содир этилган деб топилади ва маъмурий иш ушбу кодекснинг 271-моддасига мувофиқ тугатилади”, деган мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилмоқда.

Тўғри, тез тиббий ёрдам хизмати машиналарининг ҳайдовчилари кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажараётиб, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш шарти билан йўл ҳаракати қоидаларининг талабларидан четга чиқишлари мумкинлиги ички ишлар вазирининг 2011 йил 31 майдаги буйруғига билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 45-бандида белгиланган бўлса-да, эндиликда бу қонун даражасида мустаҳкамланмоқда. Яъни айрим қонуности ҳужжатларидаги нормаларни қонунда акс эттириш орқали тўғридан-тўғри ишлайдиган ҳуқуқий механизмлар амалиётга жорий этилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши келгусида тез тиббий ёрдам хизмати машиналари ҳайдовчиларининг иш самарадорлигини оширади. Асосий мақсад эса беморга ўз вақтида ёрдам кўрсатилиб, уларни шифохонага ўз вақтида етказишни таъминлашдир. Тез тиббий ёрдам хизматини кўрсатувчи транспорт воситалари ҳайдовчиларнинг эса асоссиз юридик жавобгарлигига барҳам берилади.

Report Page