Вилоятимизда “гул байрами”, “қуш байрами” ва “қовун сайли” ўтказилади. “Гул байрами” ғолибига “Спарк” берилади

Вилоятимизда “гул байрами”, “қуш байрами” ва “қовун сайли” ўтказилади. “Гул байрами” ғолибига “Спарк” берилади

Sirdaryo Xabarlari
Фото: «Халқ сўзи»

Сирдарё вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Гулистонда жорий йилнинг 23 августида “Гул байрами”, “Қуш байрами” ва “Қовун сайли” ўтказилади.

Айтиш лозимки, одатда вилоятда ҳар йили “Қовун сайли” ўтказиш анъанага айланган эди. Эътиборлиси, ушбу сайлларнинг бирида полиз экинлари ҳосилдорлигини, экспортбоплигини ошириш, йўқолиб кетаётган қадимий қовун навларини тиклаш каби масалаларга бағишлаган республика илмий конференцияси ҳам ташкил қилинган эди.

Айни чоғда “Қовун сайли” қаторига “Гул байрами” ва “Қуш байрами” тадбирлари қўшилишида ҳам худди шундай эзгу мақсад бор. Яъни кўчаларимиз, майдонларимиз, хонадонларимизнинг гулу райҳонлар билан безаниши ободликнинг ажралмас бўлагидир. Зеро, бугун кўкаламзорлаштириш ва гулзорлар ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганлигига нафақат Гулистонда, балки ҳудуднинг барча шаҳару қишлоқларида гувоҳ бўлиш мумкин.“Қуш байрами” моҳиятида ҳам табиат ва жониворларни асраб-авайлашдек эзгу мақсад мужассам.

Танлов ғолибларини эса қимматбаҳо совға ва пул мукофотлари кутмоқда. Масалан, “Гул байрами”да олий ўринни эгаллаган иштирокчи “Спарк”автомобили билан тақдирланса, “Қовун сайли”да худди шундай натижага эришганга 30 миллион сўм туҳфа қилинади. Иккитадан биринчи, иккинчи, учинчи ўринлар соҳибларини ҳам муносиб мукофотлар билан тақдирлаш белгиланган.

Маълумот учун айтиш лозимки, айни шу куни Гулистонда I Халқаро инвестиция форуми иш бошлайди. Унда 60 дан зиёд давлатлар вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Эътиборлиси,шу куни меҳмонлар ажойиб байрам томошаларида ҳам иштирок этишади.

Аҳмадали Шерназаров, ЎзА

Report Page