Ховосим –ҳавасим.

Ховосим –ҳавасим.

@Sirdaryo
Фото: Раззоқберди Сангилов / Telegram

Мозийлар қаъридан келади нидо,
Нола қилар ернинг оғир нафаси.
Мангуликка дахлдор, ўтмишдан садо-
Сен ўзингсан юртим, кўҳна Ховосим.

Сурон солиб ўтган тариху – ёддан,
Битта кичик зарра, киприк ўзингсан.
Устурушонага Сўғдиёнадан,
Карвонлар ўтгувчи кўприк ўзингсан.

Бир ёнинг Тошканду, бир ён Бухоро,
Фарғона водийни қўшган ҳам сенсан.
Буюк ипак йўли тушмиш сен аро,
Чин-Фаранг туташ йўл – ҳам ёқа, енгсан.

Фото: Раззоқберди Сангилов / Telegram

Бағрингдан топилган кўзалар гувоҳ,
Сен йироқлардан келган бир сассан.
Ёғийлар тўқнашган, қон тўкилган, воҳ,
Карвонсарой томинг- кўҳна Ховоссан. 

Чирқиллаб ўтди бу минг йиллик улус,
Тарихинг номаълум бўлди ҳар замон.
Қилич солиб ўтди Чингизхон, Ўрус...
Сиртмоқ солиб тортди ҳар ким, ҳар томон.

Урсатьевск деган маълун номига,
Эга эдинг, агар билсанг бир пайтлар.
Ўйнардинг тарихнинг ноғорасига,
Ҳар ким битар эди ёлғон сўз, байтлар...

Фото: Раззоқберди Сангилов / Telegram

Муаззам тонг отди, таралди шуъла,
Хокисор тамаддун камолга етди.
Юртбошим бир хоҳиш, бир амри ила,
Буюклик тожини бошингга тутди.

Бугун тазимдадур, бу давр бебош,
Бугун келди сенинг очилур чоғинг.
Бугун Ватан узра кўтаряпсан бош,
Бурканди гулларга ҳар бир чорбоғинг.

Бунда меҳр, вафо кўп, саҳоват бисёр.
Шаънингга битилур, беқиёс ашъор.
Ҳавоси топ-тоза, бағри кенг диёр.
Танҳолардан танҳом-бошқаси душвор!

Фото: Раззоқберди Сангилов / Telegram

Чўл бағрида эдинг овлоқ бир бурчак,
Ажратиб бўлмасди тирноқдан этинг.
Янги кошоналар бўлсин муборак,
Бугун номинг бўлак, сен Ховос–сити!

Юксалгин-Cен билан янгроқ овозим,
Мадҳингни куйлайман борки нафасим.
Сени кўрмаганнинг келсин ҳаваси,
Кўрганлар қувнасин, гўзал Ховосим!

Юрак шодмонликдан қилмоқда хуруж,
Куйламоққа тордур кўкрак қафасим.
Тарих яралмоқда!
Бу янги тарих.
Ҳавасим ўзингсан- менинг Ховосим!

Раззоқберди Сангилов,
12-мактаб физика фани ўқитувчиси. Ховос тумани, Чаманзор махалла фуқаролар йиғини

👉 https://t.me/RazzoqSangil

Report Page