Қут-барака инган замин...

Қут-барака инган замин...

@Sirdaryo
Фото: ЎзА

Муносабат

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган 3 йил ичида 4 маротаба, жорий йилнинг ўзида эса 2 маротаба Сирдарё вилоятига ташриф буюрди. Сизни йўқловчилар қанчалик кўп бўлса, рўзғорингизга шунчалик кўп қут-барака ёғилади, дейишгани бежиз эмас экан. 

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 19 февралида “Бек кластер” масъулияти чекланган жамиятимизга қарашли пахтани қайта ишлаш корхонасида бўлиб, маслаҳатларини берган эди. Бу зиммамизга жуда муҳим ва долзарб вазифаларни юклади, уларни бажариш билан кўп ютуқларни ҳам қўлга киритдик.

Бу сафарги ташрифда эса Ховос тумани ҳудудидаги корхонамизга қарашли томчилатиб суғориш технологияси асосида уруғлик қадаган “Саховот” фермер хўжалиги пахта даласида бўлиб, яна муҳим таклиф, кўрсатмаларини берди.

Президентимиз пахтамизнинг ривожи яхшилигини, ҳар бир ниҳолда 9 тадан бўлиқ кўсак борлигини, энди унинг ҳосилдорлигини, ривожини ошириш учун зарур агротехник тадбирларни кечиктирмай амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.

Сирдарё вилоятида бу йилги ҳосил учун 73 минг гектар майдонда чигит экилиб, баҳор серёғин келгани туфайли 22 минг гектар майдондаги чигит бузиб, қайта экилгани, соҳа мутасаддиларига қолоқ майдонларнинг ҳар бир контури бўйича назоратни йўлга қўйиб, биостимуляторлар билан ишлов бериш, барча агротехник тадбирларни тизимли ташкил этиш, қолган 50 минг гектар майдондаги ҳар туп ғўза ривожини, ҳар бир гектардан қўшимча 4-5 центнердан ҳосил олиш учун нималарга эътибор бериш лозимлигини таҳлил қилиб, ўрганиб мурожаат қабул қилиш лозимлигини таъкидлади.

Бу йил 320 гектар майдонда чигитни томчилатиб суғориш технологиясини қўллаётганимизни айтдик. Бунда Туркия ва Хитой технологиясидан самарали фойдаланаяпмиз. Кейинги йил “Бек кластер”га қарашли барча пахта майдонларини тўлиқ томчилатиб суғоришга ўтишни режалаштирганмиз.

Президентимиз вилоятимиз туманлари ва секторлар раҳбарлари, нуронийлар, фермер ва тадбиркорлар билан учрашувида бир қатор муҳим масалалар билан бирга қишлоқ хўжалиги борасидаги масалаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари зиммасига аниқ топшириқ ва вазифаларни қўйди.

Учрашувда қишлоқ хўжалиги соҳасига алоҳида тўхталиб, ўзбек бренди билан ўзимизнинг қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва буни ҳар бир фермер қўллаб-қувватлаши лозимлиги хусусида алоҳида топшириқ берилди. Пахтанинг харид нархи ўтган йилгига нисбатан қарийб 1,3 баробарга кўпайтирилганини алоҳида таъкидлади. Бу пахта етиштирувчиларнинг манфаатдорлигини оширади.

Ҳосилдорликни қанча юқорига кўтарсак, оладиган даромадимизнинг салмоғи ҳам шунча баланд бўлади. Бунинг учун эса давлатимиз раҳбари зиммамизга юклаган топшириқларни бекаму-кўст бажаришимиз зарур.


Улуғбек СОТИБОЛДИЕВ,
“Бек кластер” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона раҳбари,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси

Report Page