«Ҳозир бизда иш куни деган тушунча йўқ» — Сирдарё вилояти юқумли касалликлар касалхонаси бош шифокори Баҳром Турсунов билан суҳбат

«Ҳозир бизда иш куни деган тушунча йўқ» — Сирдарё вилояти юқумли касалликлар касалхонаси бош шифокори Баҳром Турсунов билан суҳбат

@Sirdaryo
Баҳром Турсунов

Бугун миллионлаб, миллиардлаб одамлар кўзга кўринмас ёв- коронавирусдан асралиш мақсадида ўзларини эҳтиёт қилаётган бир пайтда, шифокорларимизнинг бу бало билан юзма юз курашаётганлигини ҳақли равишда тенгсиз жасорат дейиш мумкин. Бу Сирдарё вилояти юқумли касалликлар касалхонаси бош шифокори Баҳром Турсунов билан бўлган қуйидаги эксклюзив суҳбатда ҳам ўз ифодасини топган.

— Баҳром Сагдуллаевич, кечаги иш кунингиз соат неччида тугади?

​ Очиғи, ҳозир бизда иш куни деган тушунча йўқ. Негаки, вазият биз шифокорлардан соатга қараб эмас, натижа учун ишлашни талаб қиляпти. Мана дейлик, кеча 14 нафар беморни уйига кузатдик. Шоду ҳуррам чеҳраларни кўришнинг ўзи дам олишга айланган, биз учун. Тунги соат иккида ҳам қўнғироқлар тинмади. Нега десангиз, стационар даволашдан ташқари, уйдаги беморлар муолажаси бўйича ҳам тавсиялар бериб турибмиз.

—​ Ҳарқалай ходимлар бироз бўлса-да, дам олишса керак...

​ Ҳа, албатта. Улар учун барча шароитлари бор алоҳида хона ташкил этганмиз. Олти соат ишлашади, олти соат дам олишади. Демак, бир кеча-кундузда 12 соат оёқда туришяпти. Аммо зарурат бўлганда, жамоамиз аъзоларига раҳмат, менинг дам олиш вақтим деб қараб ўтирмайди, зарур ёрдамга шошилади.

—​ Касалга чалинганлари йўқми?

​ Шукрки, апрелдан буён коронавирусга қарши курашаётган бўлсак, ҳали бирон ходимимиз бу вирусни юқтириб олгани йўқ. Уларнинг бари ўз ишини ва энг муҳими, касалликдан ҳимоя тартибига қандай риоя қилиш кераклигини мукаммал билади.

—​ Тор доирадаги врачлар маслаҳатини олишда муаммолар бўлмаяптими?

—​Йўқ. Электрон алоқа ва айниқса «Телемедицина» туфайли қайси доктор у қаерда ва куннинг қайси вақти бўлмасин, ундан узоғи билан 10 минутда керакли тавсияларни оляпмиз.

—​ Коронавирус билан боғлиқ ускуналар етарлими?

​ Етарли, яна қўшимча сунъий нафас олиш аппаратларини олдик, ҳозир бундай ускуналаримиз 14 та.

—​ Жамоангиздан кимларни энг фидойилар деб айтар эдингиз.

​ Майлими, бутун касалхона жамоасини десам. Чунки, жамоамизда коронавирус билан боғлиқ жараёнда барча бирдек фаоллик кўрсатмоқда. Шундай бўлса-да, врач-реаниматологлар Фахриддин Ҳамидов, Аҳад Худойбердиев, врач-инфекционист Сайфулла Алланазаров, дезинфекциячилар Муқаддас Мадалиева, Маъруф Қўзибоев кабиларни алоҳида тилга олсам арзийди. Айниқса, яна бир неча фидойиларнинг меҳнатига қанча таҳсин айтсам оз. Дейлик, лаборатория ходими Ханифа Мамараҳимова бир ўзи ҳам таҳлил олиб, ҳам унинг натижасини аниқлаш билан туну кун машғул бўлса, рентгенологимиз Беҳзод Мадраҳимов ташхис учун энг зарур бўлган даволаш жараёнининг асосий нуқталаридан бири- рентген кўригини ўз вақтида, энг муҳими, аниқ-тиниқ бажариб, пировард натижага ўзининг катта ҳиссасини қўшмоқда. Яна бир фидойимиз эса, бу дорихонамиз мудири Абдужалил Душаев. Айни унинг ўз ишига масъулияти юқорилиги туфайли, ҳали биронта дорига зориққанимиз йўқ...

...Бош шифокор билан мухтасар суҳбатдан мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимидаги бугунги ўта қайноқ ва машаққатли меҳнат жараёнини ҳис қилиш мумкин. Зеро, ҳозир халқимизнинг том маънодаги қаҳрамонлари бўлган бу шарафли касб эгаларининг шижоати туфайли минглаб юртдошларимиз даво топмоқда, қанча-қанча оилаларнинг ота-оналари, фарзандлари, жигарбандлари омон-эсон уйларига қайтишмоқда.  

Келинглар, тасаннолар айтган ҳолда, шифокорларимиз меҳнатини қадрлайлик ва уларга ёрдам берайлик. Бизнинг кўмагимиз эса: тиббиёт ходимлариникидан минг чандон осон ва оддий:

—​ Уйда қолайлик ва ўзимизни коронавирус балосидан асрайлик!     

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ ёзиб олди,
(
«Халқ сўзи»).

Report Page