Эҳ амалдорлар, еб тўймасдингиз, энди ялаб ҳам тўймайсиз!

Эҳ амалдорлар, еб тўймасдингиз, энди ялаб ҳам тўймайсиз!

@Sirdaryo
Фото: 21asr.uz

Халқнинг ризқ-насибасини яримтамас, бутунлай ямламай ютаётган юҳолар, амалдорлар (кечагина Бош прокуратура Навоий, Наманган ва Қашқадарё вилоятидаги қатор мансабдорлар еб қўйган маблағлар миқдори БИР ЯРИМ МЛРД. сўмдан кўпроқлигини ошкор этди-ку) қонун олдида жавоб бериши аниқ, лекин ҲАҚ ва ХАЛҚ олдида-чи?

Уларнинг номлари қачонгача силлиққина (кўпинча бундай лавозим эгаларининг исми-шарифлари ёпиқ суд жараёнларида маълум бўлиши модага айланган бизда) рўйхатларга киритилиб, улусга кўрсатган "қилиқлари" нега шармандаи шармисор қилинмайди?

Тағин рамий давраларда демократик жамият қуряпмиз, қонун олдида ҳамма тенг жавобгар бўлиши керак деймизу, кўчада майда-чуйда бўлсаям қоида бузган шопирми, пиёдами ёки ниқоб тақмаган йўловчиними, телевизорда шармандасини чиқариб, кўрсатишни қойиллатамиз. Лекин давлатнинг, халқнинг ҳаппа ҳалол пулини, насибасини ўмарган муттаҳам, ҳаром луқма еган амалдорларнинг исми-шарифини элга овоза қилишдан нега чўчиймиз? Кимдан қўрқамиз? Қонунни оёқ ости қилган жиноятчининг асл башараси кўрсатилса, нима бўлади?

Бу нима, шарқона истиҳолами, ё ўзбекона сир тутишми? Бировнинг товуғини ўғирлаганни ёки машинасида эҳтиётсизлик ортидан эшагини уриб юборганни ёхуд суғурта полиси йўқлиги учун шахсий мулки бўлмиш мошинасини жарима майдончасига тиқишдан аввал боплаб анави ЙПХчиларнинг телеканаллардаги рекламчиларига рўпару қилиб, қайта-қайта намойиш этишдан тоймаймиз, ҳатто айрим қоидабузарларни туну кун судма суд судрашдан қайтмаймизу, аммо битта имзо ё биргина муҳр билан миллиардлаб маблағларни ютвораётган "акула"ларнинг номларини ҳеч ким билмайди. Бундай тенгсизлик кимга керак, айтинг!

Пойтахтдаги бутун бутун истироҳат боғларию "элитный стоянка"ларгача ёки 60-70 йилдан бери газетчилар пулига қурилган "Матбуотчилар-32" деган кўп қаватли бинони хориждаги ўзимизнинг "янги бой"ларимиз ва текинхўр “кимошди”чиларимизга сувтекин нархда ўтказиб берворишса ҳам халқ ишонган қонун ҳимоячилари миқ этмай томошабин бўлиб ўтираверса, эртага нима бўлади?

Энг даҳшатлиси, Тошкентдаги ҳашаматли жойлар теп-текин пулга сотилганини биз хориждаги ҳамкасбларимиз орқали эшитиб, билиб қолаётганимиз кулгили эмасми? Қачонгача бор ҳақиқатни халқдан яширамиз?

Тилла БОЛА
21asr.uz

Report Page