Картошкага помидорни пайвандлаш усули синовдан ўтказилди

Картошкага помидорни пайвандлаш усули синовдан ўтказилди

@Sirdaryo
Фото: ЎзА

Сўнгги пайтларда сабзавот экинларини пайвандлаш орқали юқори ҳосил олишга алоҳида эътибор бериляпти. Хусусан, олчага гилос пайванд қилингани, қовоққа бодрингни пайвандлаш тажрибаси ижобий натижа бергани ҳам маълум. Чўл шароитида тарвузни янтоққа пайвандлаб сув тақчиллигининг олди олиниши ҳам миришкор деҳқонларнинг тажрибаси натижасидир.

Лекин картошкага помидорни пайванд қилиш анча мураккаб, ўта нозик ва шу билан бирга ниҳоятда оғир иш. Бу жараён шифокор жонлантириш бўлимида жарроҳлик амалиётини ўтаётган ҳолатни эслатади. Чунки, пайвандчининг ҳам махсус пичоғи, тахтакачи бор. Озгина эътиборсизлик қилса, тамом, мурғак ниҳол нобуд бўлади. Аммо, Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти олимлари бунинг уддасидан чиқди. Соҳа фидойиларининг изланишлари зое кетмади. Тинимсиз меҳнат ўз самарасини берди.

Бу хабарни эшитганлар ҳайратланиши табиий. Сабаби ер остида картошка, поя устида помидор пишаётганини кўз олдига келтиришнинг ўзи қизиқ. Институтнинг селекционер олими, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Екатерина Лян томонидан ўзига хос янги кўринишга эга, бозоргир, экспортбоп, серҳосил помидорнинг «Витаминка коктейлная» нави ихтиро қилинди.

Фото: ЎзА

Ушбу нав ўрта эртапишар ҳисобланади. Мева шакли чўзинчоқ, ранги тўқ сарғиш. Янги навнинг ўсув даври, ҳосилдорлиги, мева таркибидаги моддалар кўрсаткичлари қайд этилиб, Давлат нав синаш комиссиясига топширилди.

Мазкур институтнинг тажриба даласидаги сабзавот экинларининг серҳосиллигидан ҳайратланасиз. Иссиқхонадаги помидорлар томорқаларда экилганидан тубдан фарқ қилади. Селекционер олима изланишлари туфайли Черри навли помидор новдалари тепага сим тортилиб, боғлаб қўйилибди. Тагида картошка ўсиб чиқаяпти.

– Бу тажрибани апрель ойида бошлаган эдик, – дейди Екатерина Лян. – Ундан юқори ҳосил олиш кутилмоқда. Ўтган йили ҳам Санта навли бир туп картошкадан 1.5 килограмм, ҳар туп помидордан 4 килограммгача ҳосил олган эдик. Бундай янгилик кўпчиликни қизиқтирмоқда. Шунинг учун бу янгиликни томорқа эгаларига тавсия қила оламиз. Нафақат иссиқхонада, балки очиқ майдонда ҳам етиштириш мумкин. Лекин ҳимояланган бўлиши керак. Умуман олганда, помидорнинг бошқа навларига ҳам пайванд қилса бўлади.

Картошка ҳам, помидор ҳам итузумдошлар оиласига киради. Агротехникасида фарқ йўқ. Илгари қандай етиштирилган бўлса, худди шундай парваришланаверади. Муҳими, памидорни ҳам, картошканинг ҳам бир хил муддатда пишадиган навини танлашдир.

Фото: ЎзА

Одатда экинлардан юқори ҳосил олиш, қимматли селекцион нав намуналарини кўпайтиришни тезлаштириш учун пайвандлаш усули агротехник тадбир сифатида қўлланилади. Масалан, баъзилар ўсимлик танасини қия қилиб кесиб пайванд қилади. Ёки «устма-уст улаш» усули қўлланади. Кўпчилик фойдаланадигани искана пайванд. Айниқса, ёнма-ён қилиб пояларни ярмигача кесиб пайвандлаш усуллари кўпроқ урф бўлган. 

Институт олимлари эса помидор кўчатини илдиз остидан 5 сантиметр юқорилигида искана пайванд қилган. Пайвандлаш натижасида ўсимликларнинг айрим белгилари бошқа ўсимликка ўтади. Бунда пайвандтаг сифатида фойдаланиладиган нав кучли илдиз тизимига эгалиги билан ажралиб туради. Натижада ўсимликнинг ноқулай шароитларга, касалликларга бўлган чидамлилиги ортади ва сув ҳамда озуқа моддалари билан таъминланиши яхшиланади. Ҳосилдорлик ҳам кўнгилдагидек бўлади.

Ҳозирча картошкага помидорни пайвандлаш усули Тошкент вилояти Зангиота туманидаги тажриба даласида синовдан ўтказилди. Келгусида институтнинг вилоятлардаги илмий тажриба станцияларида ҳам синовдан ўтказиб, ишлаб чиқаришга тавсия қилинади.

А.Мусаев, ЎзА

Report Page