Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев вилоятда коронавирус пандемияси билан боғлиқ ҳолат юзасидан брифинг ўтказди

Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев вилоятда коронавирус пандемияси билан боғлиқ ҳолат юзасидан брифинг ўтказди

@hokimiyatpress
Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги

Вилоятимизда бугунги кунда 190 та коронавирусни юқтириб олган фуқаролар даволанмоқда, – деди вилоят раҳбари. – Булардан 57 нафари стационар шароитда, қолган 133 нафари уй шароитда даволанишда бўлиб турибди. Тиббиёт ходимларининг хулосасига кўра 31 нафар беморимизда пневмония ҳолати аниқланган, биронта бемор сунъий нафас олиш аппаратларига уланмаган.  Ҳозирга қадар 194 нафар фуқароларимиз тўлиқ соғломлаштирилди.

Вилоят ҳудудида карантин бошлангандан буён 385 нафар фуқарода касаллик аниқланди, шундан 140 нафари “Гулистон” чегара постидан ўтган халқаро юк ташувчилар хамда чет давлатлардан келган фуқаролар бўлса, қолган 245 нафари вилоятимиз фуқароси ҳисобланади. 

"Албатта ҳар бир рақам ортида инсон ҳаёти ётганлиги ҳаммамиз тўғри тушуниб турибмиз. Минг афсус Гулистон туманидан бўлган кўп йиллар тиббиёт тизимида самарали меҳнат қилган инсон айнан касаллик асорати сабабли вафот этди. У кишининг яқинларига таъзиямизни изҳор қилган ҳолда одамларимизни яна бир бор хушёрликка чақираман"- деб қўшимча қилди Ғофуржон Мирзаев.

Сўнгги 3 кун ичида 124 ҳолатда инфекция тасдиқланди. Вилоятдаги санитария эпидемиологик вазият мураккаб бўлиб қолмоқда. Эътибор беринг, вилоятимизда 224 та маҳалла бўлса шундан 97 тасида касаллик аниқланган. Ушбу рақамлар касалликни қанчалик орамизга кириб боргани, яқинларимиз соғлигига таъсир кўрсатаётганлигини англаш  учун етарли бўлса керак. 

Вилоят ҳокимлиги ҳамда тегишли мутассадди ташкилотлар томонидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 3 минг кишига етадиган захира ўринлари шакллантирилди, дори-дармон учун 3 млрд сўм маблағ ажратилди, вилоят шошилинч тез тиббий ёрдам маркази учун қўшимча 14 та автомашина харид қилинди, Калл-марказ ишга туширилди, алоқаси мавжуд бўлмаган 55 та қишлоқ врачлик пунткларига телефон алоқаси ўрнатилди.

Ички ишлар, Миллий гвардия, Фавқулотда вазиятлар бошқармаси ходимлари туну-кун кучайтирилган тартибда хизматларини олиб боришмоқда.

ИИБ ва МГ ҳамкорликдаги рейд тадбирларида давомида бир кунда 389 та, тадбир бошидан эса 1 857 та карантин қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланган.

Шунингдек, 1 204 та автотранспорт воситаларида ҳаракатланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланиб, 222 та автотранспорт жарима майдонига жойлаштирилган.

Муҳтарам Президентимиз томонидан кейинги 3 йилда тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш бўйича улкан ишлар бажарилди. Вилоят тиббиёт муассасаларида 96 та ИВЛ ускунаси, 95 та СПАП (упка вентиляцияси), 57 та кардимонитор, 78 та пульс улчаш аппарати, стационар ренгген аппаратлари мавжуд. Тиббиёт муассасаларимиз етарли дори дармон, малакали шифокор ва кичик тиббиёт ходимлари билан таъминланган. Лабораторияларимиз узлуксиз иш режимига ўтган.

Ҳурматли фуқаролар! Бутун давлат органлари оёққа туришган. Шундай бир вазиятда Сизлардан бир илтимосимиз ва талабмиз бор: карантин қоидаларига риоя қилинг, маскасиз кўчага чиқманг, мулоқот давомида ижтимоий масофани сақланг.

Бирон бир муаммо ёки савол туғилса куннинг исталган вақтида (67) 226-10-03 телефонига мурожаат қилинг. Ҳар бир мурожаат назоратга олинган.   

Айрим фуқароларимиз уй шароитда ўзини ўзи даволашга ўтганлиги касаллик ривожланиб пневмания даражасига ўтиб кетаётганлиги ҳам рост гап. Эслатиб ўтмоқчиман диагнозни фақат ва фақат шифокор қўйишга ҳақли.

Карантин жорий этилгандан буён бир ҳақиқатни барчамиз англаб етдик деб уйлайман. Ўзимизни, оиламизни, фарзандларимиз соғлиги учун аввало ўзимиз масъулмиз. 

Сирдарё виоляти ҳокимлиги Ахборот хизмати

Report Page