Сирдарёлик ёш фермер қишлоқдошларининг 8 нафарини доимий, 40 нафарини мавсумий ишлар билан банд қилган

Сирдарёлик ёш фермер қишлоқдошларининг 8 нафарини доимий, 40 нафарини мавсумий ишлар билан банд қилган

@Sirdaryo
Фото: O`zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши

O`zLiDeP “Ёшлар қаноти” фаоли “Раҳмонқулов Ҳусниддин” фермер хўжалиги раҳбари Ҳусниддин Раҳмонқулов нафақат Боёвут туманида, балки Сирдарё вилоятида ҳам илғор фермер хўжаликларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда фермер хўжалигида Муқимий маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 8 нафар фуқаро доимий, 40 нафар ёшлар мавсумий ишларга жалб қилинган.

Боёвут туманидаги ёш, пешқадам фермер хўжаликларидан бири саналади. 

-2006 йилда 30 гектар экин майдонида фермерликни бошлаганмиз,- дейди “Раҳмонқулов Ҳусниддин” фермер хўжалиги раҳбари, “Ёш фермер -2017” кўрик-танловининг вилоят босқичи иштирокчиси Ҳусниддин Раҳмонқулов.- Атрофимиздаги бўш ерларни ўзлаштириш эвазига экин майдонларимиз бугунги кунда 100 гектарга етди.

Ёш фермер Ҳусниддин бошқараётган жамоа ўтган 2019 йилда ғалла топшириш йиллик режасини 115 фоиз қилиб бажариб, пахта топшириш режасини ҳам ортиғи билан 103 фоизга уддалаганди. Бу йил эса 60 гектар ерда ғалла етиштириб, 40 гектар майдонда уруғлик учун ғўза ниҳоллари парваришини олиб бораётган жамоада йиллик ғалла топшириш режаси 110 фоиз қилиб адо этилди. Бунинг натижасида деҳқонлар биргина ғалланинг ўзидан 100 миллион сўм миқдорида соф давромад кўришди. 

Фото: O`zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши

Давлатга 207 тонна сара дон ҳосили етказиб берган Ҳусниддиннинг ғалла майдонида бугунги кунда келгуси йил ҳосилига экин экиш учун ҳозирлик ишлари авжида. Кўрилаётган барча тадбирлар экиладиған буғдой ҳосилини тез ва соз фурсатларда, белгиланган муддатларда сифатли қилиб экиб олишга қаратилган.Фермер хўжалигида тайёргарлик шунга яраша бўлмоқда.

Шунингдек, 40 гектар пахта майдонига экилган пахта ниҳоллари ҳам оби тобида парвариш қилинмоқда. Барча агротехник тадбирлар ўз вақтида амалга оширилган майдонлардаги ҳар туп ғўзада бугунги кунда 12-16 тагача тўқ кўсакларни санаш мумкин.

Ёш фермер сифатли уруғлик чигит етказиб бериш мақсадида ҳар бир агротехник тадбирни ўз вақтида ҳамда сифатли адо этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Ҳусанхон Жабборов,
O`zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири

Report Page