Ўз соғлиғингни, ўз болангни, ўз оилангни ўзинг асра!

Ўз соғлиғингни, ўз болангни, ўз оилангни ўзинг асра!

@Sirdaryo
Фото: ЎзА

Азиз ватандошим!

Дунёнинг аксарият давлатлари кўзга кўринмас ёв COVID-19 га қарши курашишга мажбур бўлмоқда. Ўзбекистонда ҳам короновирусга қарши чекловчи тартиблар (карантин) март ойининг ўрталаридан бошланган бўлса, чекловчи тартиблар (карантин) дастлаб кучайтирилган тартиб асосида олиб борилган бўлса, май ойига келиб, вазият назоратга олингандан кейин, чекловлар бир қадар юмшатилди. Ҳудудлар “қизил”, “сариқ”, “яшил” тоифаларга бўлиниб чекловчи тадбирлар шунга мос тарзда олиб борилди. Дастлаб аҳолининг аксар қисми буни тўғри тушуниб, жорий этилган барча қоидаларга онгли равишда амал қилганлиги жойларда эпедемиологик вазиятни назоратга олиш имкониятини берди. Аммо чекловларни юмшатилишини нотўғри тушунган айрим кишилар, қоидаларни унутиб, ниқобни номига тақиш, қўл бериб кўришиш, ижтимоий масофа сақламаслик, оммавий тадбирлар ўтказишда чегарадан чиқиш ҳолатлари кейинги даврда вазиятни мураккаблашишига олиб келди. Кунлик касалланиш динамикасининг ошиши кузатилди.

Агар вазият назорат қилинмаса соғлиқни сақлаш тизимида фалажлик юзага келиши мумкинлигини ривожланган давлатларнинг тиббиёт тизими тажрибаси кўрсатди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилиши аввалида коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Йиғилишда, ушбу инфекцияга қарши курашда қандайдир «сеҳрли рецептлар» ҳали йўқлигини, Жаҳон ҳамжамияти, дунёдаги энг йирик илмий марказлар, энг кучли олимлар бу офатга даво топиш учун қаттиқ изланмоқдалигини ва бундай тадқиқотлар тез орада ўзининг ижобий натижа беришини умид қилиб, айтиб ўтди.

Шунай экан, Президент таъбири билан айтганда бугунги мураккаб вазиятда барчамиз “Ўз соғлиғингни, ўз болангни, ўз оилангни ўзинг асра!” деган шиорга амал қилиб яшашимиз шарт.

Касалланган айрим фуқаролар уйда даволанишга уринаётгани, вақт ўтказиб, кечикиб тиббиёт муассасасига мурожаат қилаётганлиги ўнглаб бўлмас оқибатларни келтириб чиқариши мумкинлигини таъкидлаб,  ўзингизда касаллик белгиларини сездингизми дарҳол тиббиёт ходимларига мурожаат этишимиз лозимлигини уқтирди. Сиз мазкур дардни грип касаллиги каби ўтиб кетади, ўзимни ўзим даволайман деган хаёлга борманг, бу хавфли вирус бўлиб, инсонни нафас олиш тизимига жиддий зарар етказиб, жуда тез кўпайиши ва ёндош касаллиги бор ҳамда иммунитети заиф инсонларда ўнглаб бўлмас ҳолатларга олиб келиши билан хатарли. Биз бугун нафақат ўзимиз балки ота-онамиз, фарзандларимиз, яқинларимиз соғлиғи ва ҳаётига ҳам масъулмиз.

Бу офатга қарши курашда барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, қатъий интизомга риоя қилиб, масъулиятни ҳис этиб, ўз соғлиғимизга бефарқ бўлмаслигимиз лозим. Шу билан бирга шахсий гигена қоидаларига амал қилиш, қўлни кунига бир неча маротаба совунлаб ювиш, шифокор тавсияларига амал қилиш, зарурат бўлмаса кўчага чиқмаслик мақсадга мувофиқ.

Айни пайтда ҳаёт давом этиши, хўжалик юритишимиз учун пандемия шароитида яшаш ва меҳнат қилишга ўрганишимиз, ҳар қачонгидан кўра интизомли ва масъулиятли бўлишимиз шарт.

Республика Маънавият ва маърифат маркази Гулистон шаҳар бўлими

Report Page