Алиментчи қочоқ она топилди

Алиментчи қочоқ она топилди

@Sirdaryo
Фото: ЎзА

Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида яшайдиган Солия Қочқинова (исм-шариф ўзгартирилди)га фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судининг 2017 йил 12 октябрдаги буйруғига асосан вояга етмаган икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун иш ҳақи ва бошқа барча даромадларининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.

Бироқ, алиментчи она суд буйруғи чиққандан буён бирон марта алимент пулларини тўламай қочиб юргани маълум бўлди. Шундан сўнг унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида“ ги Қонуннинг 42-моддасига асосан (қарздор жисмоний шахсни қидириш тўғрисида) қарор чиқарилиб, Қизириқ тумани ички ишлар бўлимига ижро этиш учун юборилди. 

Бюронинг Қизириқ туман бўлими қидирув шўъбаси ҳамда ички ишлар идораси ходимлари ҳамкорлигида олиб борилган тадбирда С. Қочқинова Сурхондарё вилояти Музработ туманидан ушлаб келиниб, давлат ижрочисига топширилди. Унга фарзандларининг моддий таъминотидан бўйин товлаб қочиб юришнинг оқибатлари тушунтирилиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилиши маълум қилинди. С.Қочқинова бундан тўғри хулоса чиқариб мавжуд 8 миллион 245 минг сўм алимент пулини тўлиқ тўлаб берди. 

МИБ туман бўлими ходимлари халқимизга ёт бўлган бундай ҳолатнинг қайта такрорланишига йўл қўймаслик учун мазкур оила вакилларига ўзаро келишиб, ярашиб олиш таклифини билдирди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА

Report Page