Саломлашиш одоби

Саломлашиш одоби

@Sirdaryo
Фото: Google Images

Маълумки, муқаддас динимиз Ислом таълимотлари инсониятни гўзал хулқу одоблар билан зийнатлаб, эзгу фазилатлар касб эттирувчи илоҳий йўл-йўриқ ва кўрсатмалардан ташкил топган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам бир ҳадисларида шунга ишора қилиб, “аслида, Мен олийжаноб хулқларни камолига етказиш учун юборилгандирман”, дея марҳамат қилганлар.

Албатта, ҳар бир халқ ва маданиятнинг ўз саломлашиш услуби бор. Исломдан аввал ҳам одамлар бир-бирлари билан турли хил кўринишларда саломлашганлар. Бу жиҳатдан саломлашувнинг ўзи бир ибодат, десак янглишмаган бўламиз.

Саломлашиш жамият вакиллари ўртасида иноқлик пайдо бўлишига хизмат қилади. Кишилар ўртасида меҳр-муҳаббат туйғуларини вужудга келтиради. Бу эса ўз навбатида жаннатга кириш омилларидан эканлиги ҳадиси шарифлардан маълумдир.

Динимизда саломлашувнинг ўрни беқиёс. Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Токи, бир-бирингизни яхши кўрмас экансиз, (комил) мўмин бўлолмайсиз. Бир-бирингизга нисбатан (қалбларингизда) муҳаббат пайдо бўлишига сабаб бўладиган ишни айтайми?!.. Орангизда саломни ёйинг!”, дея саломлашишни одамлар орасида кенг кўламда жорий қилиш жаннатга кириш сабабларидан бири эканлигини баён қилиб берганлар. Шундан ҳам билиш мумкинки, эътибор беринг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннатга кириш шарти (комил) мўминлик эканлиги, (комил) мўмин бўлиш учун эса ўзаро муҳаббат шартлиги, ўзаро муҳаббат пайдо бўлиши учун эса халқ ичра салом кенг кўламда ёйилиши лозимлигини айтар эканлар.

Салом бу биринчи навбатда дуодир. Ҳар бир инсон ўзидан ёши каттароқ одамни кўрганда “ассалому алайкум!” деб саломлашиши лозим. Қаршингиздаги инсонга тинчлик ва саломатлик, раҳмат ва баракотлар тиламоқдасиз. Бир-бирлари билан саломлашаётган кишилар шу маънони қалбдан ўтказсалар, албатта у ижобат бўлиб, кўплаб яхшиликларга сабаб бўлади.

“Ассалому алайкум!” (Сизга тинчлик бўлсин!), дейилса, камида “ва алайкум ассалом!” (Сизга ҳам тинчлик бўлсин!), деб алик олиш керак.  Барчанинг бир-бирига салом беришда табассум ва очиқ чеҳра билан тиллардан ёғилувчи “ассалому алайкум!” деган мўъжизавор хитоб мудом айланишда бўлиб, мазкур тилак баробарида қалблар ҳам бир-бирига нисбатан адоват ва нафратдан мусаффо ва саломат ҳолга келишини тушунамиз. Ахир, қандай қилиб, бир-бирига тинчлик ва саломатлик сўраб турган кишилар ўртасида адоват ва нафрат бўлиши мумкин?! Қандай қилиб, қаршисидаги кимсага қалби билан эзгуликни соғиниб турган инсон унга зарар келтиришни хаёлига келтириши мумкин?!

Салом бериш суннат, алик олиш фарз. Шунга биноан, қай йўсинда салом берилишидан қатъий назар алик олиш лозим бўлади. Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишига “Жаброил сенга салом айтяпти”, дедилар. Шунда Волидамиз “ва алайҳис-салом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ!” яъни: “Унга ҳам Аллоҳнинг саломи, раҳмати ва баракотлари бўлсин!”, деб алик олдилар.

Саломни биринчи бўлиб беришда кичик каттага, юрган ўтирганга, отлиқ пиёдага, камчилик кўпчиликка салом бериши лозим. Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ва бошқалар ўз “саҳиҳ” ва “сунан”ларида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: "Отлиқ пиёдага, ўтиб кетаётган ўтирганга, камчилик кўпчиликка ва кичик каттага салом беради". Отлиқ (ҳозирги замонда ҳарқандай улов, жумладан машина минган ҳам шу маъно остига киради) пиёдага, ўтиб кетаётган ўтирган одамга, камчилик кўпчиликка, ёши кичик ёши каттароққа салом бериши саломлашув одобларидан ва афзал йўлларидан экан. Хўш, бунинг ҳикмати нимада?! Нима учун пиёда отлиққа эмас, балки, отлиқ пиёдага салом бериши керак? Нима сабабдан ўтирган юрганга эмас, юрган ўтирганга салом беради? бу масаладаги асосий ҳикмат жамиятнинг турли қатламлари орасидаги мувозанатни сақлашдир. Отлиқ киши пиёдадан шу туришининг ўзида битта имтиёз билан устун бўлиб турипти. Унда пиёдада йўқ неъмат бор. У ҳам бўлса, Аллоҳ унга Ўзфазлидан бир улов ато этганлиги. Энди, яна бунинг устига ўзига салом берилиш фазли ҳам унга берилса, у ҳолда у кишида бир вақтнинг ўзида қаршисидаги пиёдага нисбатан иккита устунлик жам бўлиб қолади. Натижада унинг қалбига кибр ва манманлик кириб қолиши мумкин. Ўз навбатида ўзининг ижтимоий ва моддий ҳолати туфайли бундай таҳқирга учраганлигини гумон қилувчи нариги инсоннинг қалбида эса унга нисбатан кучли нафрат пайдо бўлади.

Имом Бухорий ривоятида: "ва кичик каттага (салом беради)...", деган қўшимчаси келган. Энди, ҳадиснинг "ўтиб кетаётган" дея маъно берганимиз "пиёда ўтирганга салом беради" деган қисмига келсак, бунда ҳам юқоридаги каби кўплаб ибрат ва ҳикматлар мавжуд.

Юқоридаги, биринчи бўлиб аслида кимлар салом бериши ҳақидаги сўзлар саломлашувнинг рисоладагидек бўлиши ва ўзидан кўзланган ҳикматга мувофиқроқ бўлиши учун айтилган. Бу билан, ёши катта кичикка салом бермаслиги керак, ва ҳоказо деган маъно чиқмайди. Агар, ёши катта бўлса ҳам ўзидан кичикка салом берса, ўтирган бўлса ҳам юриб кетаётганга салом берса бу нур устига нур, ҳамда дастлаб салом берганлиги жиҳатидан қўшимча ажр-савобларга эга бўлади. Зеро, кўплаб ҳадис ва осорларда "Саломни биринчи берувчи кибрдан пок одам бўлади", дейилган.

Баъзи ўринларда салом бермаслик ҳам мумкин ҳисобланади. Жумладан, ҳожатхонада, азон айтилаётганда, иқомат такбири айтилаётганда, намоз ичида (намоз ичида туриб, бировга салом берса, намози бузилади), намоздаги одамга ҳам салом берилмайди. Чунки, бу уни чалғитади. Шунингдек, жума хутбаси ўқилаётган вақтда, яна ҳаж ва умра учун талбия айтаётганда ҳам саломлашилмайди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази Гулистон шаҳар бўлими

Report Page