Давстатқўм: Ўзбекистонда оилавий корхоналар сони ўсди

Давстатқўм: Ўзбекистонда оилавий корхоналар сони ўсди

@Sirdaryo
Фото: Kun.uz

Ўзбекистон бўйича оилавий корхоналар сони ошиб бормоқда, деб хабар беради Давлат статистика қўмитаси.

Kun.uz'нинг ёзишича, 2020 йилнинг 1 июль ҳолатига рўйхатдан ўтган оилавий корхоналар сони 38,4 мингни ташкил қилган. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15,5 мингга ёки 167,7 фоизга кўпроқ демакдир.

Фаолият юритаётган оилавий корхоналарнинг сони нисбатан камроқ, аммо барибир ошгани қайд этилган. Хусусан, 1 июль ҳолатига уларнинг миқдори 35,9 мингга етган. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13,8 мингга ёки 162,7 фоизга кўпроқ демакдир.

2020 йил январь – июнь ойларида 9,8 мингта оилавий корхона янгидан ташкил қилинган. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 мингга ёки 143,1 фоизга кўпроқ демакдир.

2020 йил 1 июль ҳолатига Самарқанд вилояти оилавий корхоналар сони бўйича пешқадам бўлиб турибди – 5440та. Кейинги ўринларда Сурхондарё (4140) ва Фарғона (3916) вилоятлари боряпти. Оилавий корхоналарнинг энг кам миқдори Сирдарё вилоятида рўйхатдан ўтган – 281та.

Қўшимча қилиш жоизки, оилавий корхоналар фаолияти «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонун билан тартибга солинади.

Унда «оилавий корхона - унинг иштирокчилари томонидан товарлар ишлаб чиқариш ва реализация қилиш учун ихтиёрий асосда, иштирокчиларнинг улушли ёки умумий мол-мулк, шунингдек иштирокчилардан ҳар бирининг мол-мулки негизида ташкил этиладиган кичик тадбиркорлик субъекти» экани кўрсатилган.

Report Page