Сирдарёда ғалла ўрим-йиғимида фаол қатнашганларга 2,5 миллиард сўмлик қимматбаҳо совғалар топширилди

Сирдарёда ғалла ўрим-йиғимида фаол қатнашганларга 2,5 миллиард сўмлик қимматбаҳо совғалар топширилди

 Sirdaryo Xabarlari
Фото: Фурқат Тошматов / ЎзА

Сирдарё вилояти ҳокими Ғофиржон Мирзаевнинг қарори билан ғалла ўрим-йиғимига муносиб ҳисса қўшган, унда фаол иштирок этган қишлоқ хўжалиги ходимлари ва ўрим-йиғимга бириктирилган вакилларнинг 780 нафардан ортиғига 2 миллиард 500 миллион сўмлик қимматбаҳо совғалар топширилди.

Гулистон шаҳридаги Тўра Сулаймон номли амфитеатрида вилоят ғаллакорларининг улкан меҳнат зафари шарафига байрам тадбири ташкил этилди.

Сирдарёлик 1 минг 992 фермер хўжалиги ғаллакорлари 85 минг гектар майдонга ғалла уруғини қадаб, вилоят тарихида биринчи марта давлатга дон сотиш шартномавий режасини 15 иш кунида уддалади. Мамлакатимиз хиромонига 191 минг 387 тонна ўрнига 233 минг тоннадан ортиқ сара дон етказиб бериб, бу борадаги режа 128 фоизга бажарилди. Вилоят бўйича 468 минг тоннадан зиёд ғалла ишлаб чиқарилди.

Бу йилги ғалла ўрим-йиғим мавсумига 360 та ғалла ўриш комбайнлари жалб этилиб, 168 та отрядлар шакллантирилди. Мазкур отрядларда туман ҳокимликлари, ички ишлар бўлими ходимлари ва бошқа ташкилотлардан иборат 1 минг 638 нафар масъуллар ҳамда 1 минг 416 та юк автомобили, 103 та кўчма устахона ва 114 та ёнилғи ташиш воситалари хизмат қилди. Шунингдек, сирдарёлик фермерларнинг янги замонавий ҳамда Хоразм вилоятидан ёрдамга келган ўрим комбайнлари томонидан ўрилган ғалла вилоятнинг шартномавий режасини шараф билан уддаланишида катта ҳисса қўшганлигини алоҳида эътироф этиш лозим.

Фото: Фурқат Тошматов / ЎзА

Оқолтин, Боёвут, Сайхунобод ва Сирдарё туманлари миришкорлари ғалла ҳосилини етиштириш ва давлатга дон сотиш бўйича вилоятда етакчилик қилишди. Ғалладан юқори ҳосилдорликка эришган Сайхунобод туманидаги “Кубай ота”, “Шохиста Олимжоновна” масъулияти чекланган жамияти, “Дурахон Азим” фермер хўжликлари, Боёвут туманидан “Болғали Қилич ака”, Фарход ғаллакор”, Гулистон туманидан “Собир Саодат ҳамкор”, “Муҳаммаджон Мухторжон файз”, Оқолтин туманидан “Оқолтин асил чорва”, “Калтатой”, Сирдарё туманидан “Эсонтурдиев Ҳожибой ота”, “Дониёр Шароф барака”, “Издиёт” фермер хўжаликлари ҳар гектар майдондан 70-80 центнердан ошириб хирмон чошлади.

Айниқса, Оқолтин тумани ғаллакорлари дон етиштиришда республикада етакчилар қаторида эканини алоҳида эътироф этиш лозим. Туман бўйича 13 минг гектар майдонга ғалла уруғи қадаб, давлатга ғалла сотиш режасидаги 28 минг тонна ўрнига салкам 38 минг тонна сара дон етказиб берилди ва бу борадаги режа 121 фоизга уддаланди.

Фото: Фурқат Тошматов / ЎзА

Ғалладан юксак хирмон чошлаган Сирдарё вилояти ғаллакорлари ғалабаси шарафига вилоят марказидаги амфитеатрда ўтказилган байрам тадбирига қадар ҳар бир туманда вилоят ҳокимининг қарори билан 780 нафардан зиёд ғалла ўрим-йиғимида иштирок этган фермер, комбайн оператори, юк ташиш машинаси ҳайдовчиси, отряд раҳбари ва унинг ўринбосари, шу отрядга бириктирилган вакилларга, туну кун отряд аъзолари билан бирга бўлган ички ишлар вакилларига, туманлардаги 4 сектор раҳбарларига республикамиздаги энг сўлим санаторийларга бепул йўлланма, “Домашний кинотеатр” телевизорлари, 2 камерали совутгичлар, “Зима-лето” кондиционерлари, кир ювиш машиналари, газ плиталари ва бошқа қимматбаҳо совғалар топширилди.

Байрам тадбирда эса вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев – ғалла ўрим-йиғимида энг юқори натижа кўрсатиб, давлатга ғалла сотиш режасидан 9 минг тонна кўп дон етказиб берган, республикада бу борада етакчилар қаторидан ўрин олган Оқолтин тумани ҳокими Дилмурод Фозиловга Президентимиз совғаси – “Патириот” енгил автомашинасининг калитини тантанали равишда топширди.

Фото: Фурқат Тошматов / ЎзА

Шунингдек, давлатга ғалла топширишда иккинчи ўринни эгаллаган Боёвут туман ҳокимлигига “Нива”, учинчи ўрин соҳиблари Сайхунобод тумани ҳокимлигига “Кобалт” ва Сирдарё тумани ҳокимлигига “Дамас” автомобилларининг, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни тизимли ташкил этиш мақсадида вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда Ховос, Мирзаобод ва Сайхунобод туманлари кенгашларининг ҳар бирига “Дамас” автомобилларининг, ер шароити оғир бўлишига қарамай давлатга бошоқли дон сотиш режасини илғорлар сафида бажарган Мирзаобод, Сардоба ва Ховос туманларига “Жентра” автомобилларининг калитлари – Президентимиз совғаси сифатида тақдим этилди.

Фото: Фурқат Тошматов / ЎзА

– Давлатга ғалла сотиш шартномавий режасидан салкам 9 минг тонна ортиқча дон етказиб бериб, ўртача ҳосилдорликни 52 центнерга етказдик, – дейди Оқолтин тумани ҳокими Дилмурод Фозилов. – Туманимиздаги “Авазбек Ҳожиакбар Зилола” фермер хўжалиги 133 тонна ўрнига давлатга 143 тонна, “Ҳумо” фермер хўжалиги 200 ўрнига 228 тонна, “Оппоғой” фермер хўжалиги 150 ўрнига 160 тонна, “Калтатой” фермер хўжалиги 105 ўрнига 119 тонна, “Оқолтин асил чорва” фермер хўжалиги 72 ўрнига 109 тонна сара дон етказиб бериб давлатга дон сотиш режаларини 115-125 фоизга ортиғи билан уддалади.

Тантанали маросимга республика пойтахтидан ташриф буюрган таниқли санъаткорлар ва вилоятнинг иқтидорли ёшлари ижросидаги катта концерт дастури байрам иштирокчиларига кўтаринки руҳ ва хуш кайфият бағишлади.

Сирдарёлик ғаллакорларнинг меҳнат зафарига бағишланган байрам тадбирда вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев сўзга чиқди.

А.ҚАЮМОВ, ЎзА 

Report Page