“Давлат мукофотига лойиқ кўрилганимдан мамнунман”

“Давлат мукофотига лойиқ кўрилганимдан мамнунман”

 Sirdaryo Xabarlari
Фото: Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши

Ватанимизда биз ёшлар учун яратилаётган имкониятлар чек-чегарасиз. Биздан фақат олға интилиш, ўқиб изланиш, ғайрат ва шижоат талаб этилади.

Дарҳақиқат, ёшларга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, бу бўйича муҳим ислоҳотлар, янгиланишлар олиб борилмоқда. Бунда Президентимиз томонидан илгари сурилаётган бешта муҳим ташаббус асосий йўналиш сифатида танлаб олинганлиги, айниқса, ёшларнинг ўз имкониятларини янада кенгроқ очишларида асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда. Бешта муҳим ташаббуснинг ҳар бири ёшларимиз учун жуда зарур бўлган йўналишларни ўз ичига қамраб олган.

Шу билан бирга, таълим соҳасида ҳам қатор ижобий ўсишларга гувоҳ бўлмоқдамиз. Олий таълим соҳасидаги янгиланишлар ёшларимизга жуда кўплаб имкониятларни, хусусан, халқаро нуфузли олийгоҳларда имтиёзли шартлар асосида ўқиш имкониятини туҳфа этмоқда. Юртимизда кўплаб хорижий олий таълим муассасаларининг филиаллари ташкил этилмоқда. Янги-янги таълим даргоҳлари барпо этилмоқда. Уларда энг сўнгги технологиялар асосида замонавий шарт-шароитлар яратилмоқда. Албатта, бундай беқиёс имкониятларимизни кўриб, қалбимиздаги жўшқинлик, ёрқин келажакка бўлган интилиш янада ошади. Ватанимиз истиқболи йўлида хизмат қилиш олдимизда турган шарафли бурч эканлигини теранроқ англаймиз.

Уйимиз, оиламиз, маҳалламиз тинч ва фаровон. Осойишта яшаб, хотиржамликни ҳис этишимизнинг ўзи катта бахт. Баъзи жойларда бир бурда нонини халоват нелигини билмасдан тановул қилаётганлар бор. Биз шуларни кўриб, фикр этиб, тинчлигимиз энг олий неъмат эканлигини ҳис этмоғимиз даркор. Зеро, кундузлари файзли, тунлари осуда ўтаётган жаннатмакон юртимизнинг қадрига етишимиз зарур. Шу асосда, тинмай меҳнат қилиб, ўқиб, изланиб Президентимизнинг бизга билдирган ишончларини оқлашимиз, Ватанимиз, халқимиз олдидаги ўз фарзандлик бурчимизни адо этишимиз лозим.

Яқинда нишонланган “Ёшлар куни” арафасида янги таъсис этилган “Мард ўғлон” Давлат мукофотига кўплаб иқтидорли ёшлар қатори мен ҳам лойиқ кўрилдим. Спорт соҳасида эришган камтарона ютуқларим шундай улуғ мукофотга лойиқ кўрилганлигидан Юрбошимизга чексиз миннатдорчилик изҳор этаман. Бундай шарафдан, албатта, бошиш кўкка етди. Шунинг баробарида, бу мукофот менинг зиммамга янада улкан масъулиятларни юклайди. Менга берилган бу ишончни оқлашим, яна ҳам кўпроқ интилиб юқори марраларни забт этишим зарур.

Барча ҳамюртларимизга омад ва зафарлар ёр бўлишини тилаган ҳолда, бутун Ўзбекистон ёшларига мақсадлари сари олға интилишларига тилак билдираман.

Жавоҳир ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши

Report Page