Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда санитария-эпидемиология тизимини модернизация қилишга 200 млн доллар ажратади

Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда санитария-эпидемиология тизимини модернизация қилишга 200 млн доллар ажратади

@Sirdaryo
Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ахборот хизмати

Бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов 13 июль куни видеоконференцалоқа орқали Осиё тараққиёт банки (ОТБ) президенти Масацугу Асакава билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ахборот хизмати хабар қилган, дейилади "Дарё" хабарида.

Мулоқот Ўзбекистон ҳукумати томонидан аҳолини коронавирус тарқалишидан ҳимоя қилиш ва пандемиянинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишига салбий таъсирини минималлаштириш бўйича кўрилаётган чоралар доирасидаги ҳамкорликни муҳокама қилишга бағишланди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ахборот хизмати

Суҳбатда Масацугу Асакава Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимининг сифатли ва узлуксиз ишлашини таъминлаш, махсус тиббий муассасалар ва карантин зоналарини ташкил этиш, аҳолига тиббий ва моддий ёрдам кўрсатиш, макроиқтисодий барқарорликни сақлаш ва пандемия шароитида ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни тўлиқ қўллаб-қувватлади.

Шунингдек, Банк раҳбарияти устувор йўналишлар бўйича Ўзбекистонга келгусида ёрдам кўрсатишга содиқлигини билдирди. Хусусан, коронавирус тарқалишига қарши курашиш, шунингдек, Сирдарё вилоятининг шикастланган инфратузилмасини тиклашга қаратилган чораларни молиялаштириш давом эттирилади.

ОТБ президенти Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими ва санитария-эпидемиология хизматини модернизация қилиш ва жиҳозлаш учун 100 миллион АҚШ доллари миқдорида янги кредитни маъқуллаш бўйича тайёргарлик ишлари якунланаётганигини маълум қилди. Кредит 2020 йилнинг август ойи бошида маъқулланиши кутилмоқда. Шунингдек, ушбу лойиҳани амалга ошириш учун биргаликда молиялаштириш асосида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг 100 миллион долларлик маблағлари жалб этилиши маълум қилинди.

«Томонлар қишлоқ хўжалиги, сув ресурсларини бошқариш, соғлиқни сақлаш, таълим, энергетика, инфратузилмавий қурилиш ва хусусий секторни ривожлантириш соҳаларидаги қўшма лойиҳаларнинг жорий ҳолатини ҳамда уларни амалга оширишни тезлаштириш механизмларини алоҳида муҳокама қилди», — дейилади хабарда.

Музокаралар якунида ОТБ билан амалдаги Ҳамкорлик дастури доирасидаги фаол ҳамкорликни давом эттириш ва 2021—2023 йилларга мўлжалланган янги дастур бўйича келишиш ишларини бошлашга қарор қилинди.

Эслатиб ўтамиз, июнь охирида ОТБ Ўзбекистонга COVID-19 пандемияси даврида иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун 500 миллион доллар миқдорида кредит беришни маъқуллаганди. Кредит келишуви ҳам имзоланган. Шунингдек, 13 июлда Ўзбекистон ҳукумати ва Жаҳон банки мамлакат қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш лойиҳасини амалга ошириш учун умумий қиймати 500 миллион долларлик қарз битимини имзолаган.

Report Page