Янги ва замонавий боғча қад кўтармоқда

Янги ва замонавий боғча қад кўтармоқда

@Sirdaryo
Фото: adolat.uz

Яқин-яқингача Сирдарё туман “Бешбулоқ” МФЙдаги 1973-йилда қурилган 23-мактабгача таълим муассасасининг бугунги кундаги аҳволини кўриб, очиғи, ҳар бир инсоннинг дилидан ачиниш ҳисси ўтиши табиий эди. Салкам ярим аср муқаддам қурилган ушбу объект 60 ўринга мўлжаллаб бунёд этилган бўлиб, бугунги кунга келиб замон талабига мутлақо жавоб бермасди. Таъмирталаб, зах ва қоронғи хоналар болаларнинг саломатлигига жиддий хавф туғдирарди. Қолаверса, йиллар ўтиб маҳалла аҳолиси сони ҳам ортиб борди. Шунга мутаносиб равишда у даврдаги боғча эндиликда шароит жиҳатидан ҳам, ўрин сони жиҳатидан ҳам талабга мос эмас.

Бу муаммо бўйича маҳалла аҳли бир неча маротаба юқори ташкилотларга ариза билан мурожаат қилган бўлсалар-да, ушбу муаммоли вазият ҳал этилмасдан келаверди. Ахийри, 2017-йил маҳалладагилар Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Салоҳиддин Элмуродовга мурожаат этишганида депутат дархол Сирдарё вилоят халқ таълими бошқармасига мазкур масала юзасидан депутатлик сўрови киритди. Депутатлик сўровида эски боғча ёнидан қўшимча ўринларга мўлжалланган бино қурилиши, эскиси янгидан капитал таъмирланиши лозимлиги айтиб ўтилган эди. Халқ таълими бошқармаси вакиллари депутат билан юзма-юз учрашишганида ушбу сўров бошқарма томонидан маъқулланганлигини оғзаки тарзда билдириб ўтдилар. 

Кейинчалик Халқ таълими тизимидан Мактабгача таълим вазирлиги алоҳида ажралиб чиққач, депутат С. Элмуродов яна бир маротаба муаммо ҳал этилишини сўраб Сирдарё вилоят Мактабгача таълим бошқармасига депутатлик сўрови юборди. 2018 йил 7-февралда юборилган ушбу депутатлик сўровига жавобан Сирдарё вилоят Мактабгача таълим бошқармаси депутатга 23-сонли мактабгача таълим муассасаси 2019-йил Инвестиция дастурига киритилганлигини маълум қилади. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018-йил 17-декабрдаги қарорига асосан Сирдарё туман “Бешбулоқ” МФЙ ҳудудида мактабгача таълим муассасасини қайтадан қуриш ҳамда 125 ўринга мўлжаллаб реконструкция ишлари олиб борилажагини маълумот тарзида келтиради. Шунингдек, МТМ учун давлат бюджети ҳисобидан 3 миллиард 375 миллион сўм маблағ ажратилганлигини айтиб ўтади. 

Белгиланган фурсат келиб, 23-сонли мактабгача таълим муассасасининг мавжуд майдони асосий бино ва қўшимча биноларни қуриш учун етарли эмаслиги аниқлангач, Сирдарё вилоят мактабгача таълим бошқармасининг қурилиш бўйича ўринбосари Ф.Халигитов вилоят ҳокимининг ўринбосари Ж.Ибрахимов номига боғча учун қўшиимча ер майдони ажратилишини сўраб ёзма мурожаат қилади. Сўровда келтириладики, “Бешбулоқ” МФЙдаги 13-мактаб ҳудуди анчагина кенг майдонни ўз ичига қамраб олгани боис янги МТМ биносини айнан шу мактаб ҳудудида қурилишига рухсат берилиши ва ер ажратилишида амалий ёрдам сўрайди. Айнан мазкур сўров Сирдарё туман ҳокими А.Муҳаммадиев номига ҳам юборилган. Бунга қадар 2018-йил 23-октябрда Сирдарё туман ҳокимининг мазкур мактабгача таълим муассасасини реконструкция қилиш тўғрисидаги қарори чиқарилган эди. Бироқ, эски 23-мактабгача таълим муассасасини ўрганиш натижаларига кўра муассаса ҳудуди 10 сотихли ер майдони бўлиб, 125 ўринли бинонинг қурилиши учун етарли бўлмаганлигидан бу ерда боғча қурилиши мақсадга мувофиқ эмас, деб топилади. Шундан келиб чиққан ҳолда Мактабгача таълим бошқармаси Сирдарё туман хокимидан юқорида қайд этилган қарорга ўзгартириш киритиш ва ушбу маҳалладаги 13-мактаб биноси майдонидан ер ажратилиши, тегишли техник ишларни расмийлаштиришда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилади. Яқиндан эътиборан Сирдарё вилоят ва Сирдарё туман ҳокимлигининг бу ишга аралашувлари билан мактаб ҳудудидан янги боғча қурилиши бошлаб юборилди. МТМга 50 сотих ер майдони ажратиб берилди. Шу ўринда, депутатларимизнинг нақадар синчиков эканликларини, ҳал этилиши лозим бўлган ишларга очиқ кўз билан қараб, муаммоли вазиятларни ижобий томонга буриб юбораётганликларини муносиб бахолаш даркор.

Баходир Ҳайитқулов, “Бешбулоқ” маҳалласида яшовчи фуқаро, меҳнат фахрийси:

- Кўз олдимизда қад ростлаётган мухташам, бежирим ва замонавий боғчага ҳар кўзимиз тушганида дилларимиз яйраб кетяпти. Менинг боғча ёшидаги 3 та неварам бор. Хонадонимиз эски боғчанинг олдида жойлашган. Гарчи ҳали янги боғча қурилиши ниҳоясига етказилмаган бўлса-да, эскиси ва янгиси солиштирилганда ер билан осмонча фарқ сезилмоқда. Нафақат мен ва оилам, балки, бутун маҳалла аҳли бу боғчанинг қурилаётганлигидан ўзида йўқ хурсанд.

Ҳар холда шунча қилинган саъй-ҳаракатлар бесамар кетмади. Халқ манфаати йўлида бошланган эзгу иш ўзининг амалий ифодасини топиб, бугунги кунда 13-мактаб ҳудудидан янги ва замонавий мактабгача таълим муасассаси қад кўтармоқда. Хозирда қурилиш ишлари айни авжи паллада. Албатта, бу каби хайрли ишларнинг ортида халқ манфаатини ўз манфаатидан устун қўйиб, шу асосда иш олиб борадиган фидойиларнинг ўрни алоҳида.

Меҳринисо Бобоназарова,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Report Page