Эътиборсиз қолдирилган депутатлик сўровлари

Эътиборсиз қолдирилган депутатлик сўровлари

@Sirdaryo
Фото: adolat.uz

Депутатлар ўз ваколатлари доирасида ечилиши лозим бўлган муаммоларга ойдинлик киритиб, уни ҳал этишга ҳаракат қиладилар. Масала ҳал этилишини сўраб, мутасаддиларга мурожаат этишганида улар ҳам жиддий ёндашув билан муаммоларни ҳал этишга кўмаклашишлари зарур. Аммо бунинг акси бўлганда-чи?

Афсус билан қайд этиш жоизки, юқоридаги ҳолатнинг юз бераётганлиги, мансабдорларнинг кўпгина депутатлик сўровларига беписанд қарашлари оқибатида муаммолар ўз жойида ҳал этилмасдан қолиб кетяпти. Аслида юборилаётган барча депутатлик сўровлари мутасадди ташкилотларнинг хеч қандай депутат сўровисиз ўзлари ҳал қилишлари лозим бўлган муаммолардир. Депутатлар уларга ўз вазифаларини эслатиб қўймоқдалар, холос. Шундан кейин ҳам уларнинг пинагини бузмаётганлигини қандай изоҳлаш мумкин?!

Шу каби ҳалигача ўз ечимини кутиб, очиқлигича қолиб кетаётган депутатлик сўровларидан бири 2019 йил 22 майда Сирдарё вилоят хокимининг биринчи ўринбосари А.Р. Каримов номига йўлланган. Мазкур сўровда Олий Мажлис Сенати аъзоси, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Арипжон Қудратовнинг 1999 йилда қурилган, алоҳида таъмирга мухтож Сирдарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказини капитал реконструкция қилиш лозимлиги хусусидаги депутатлик мурожаати юборилган. Бир ярим ойдан бери ушбу депутатлик сўровига ҳанузгача жавоб олингани йўқ. Вахоланки, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутати мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасига мувофиқ ижро жараёни ҳақида депутатга 10 кундан кечиктирилмаган муддатда жавоб берилиши шарт.

Ёки Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Салоҳиддин Элмуродов томонидан Сирдарё вилоят хокими ўринбосарига Бахт шаҳар “Ҳазина” маҳалласи Ахмад Яссавий массиви “Ибрат” кўчасидаги ҳолат бўйича депутатлик сўрови юборилганда вилоят хокимлиги ижро ишларини Бахт шаҳар хокимига юклаган. Бироқ бир йилдан ошиқ вақт ўтдики, хеч қандай амалий иш қилингани йўқ. Нега ахир шундай долзарб муаммо ҳал этилмасдан очиқлигича қолиб кетяпти? Мутасаддилар қаерга қарашяпти? Агар у маҳаллага бориб қолсангиз, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг ўзингизни ибтидоий замонга тушиб қолгандек ҳис қиласиз. Йўллар чанг-тупроқ, асфальтланмаган. Газни-ку гапирмай, оддий ичимлик суви ҳам, оқадиган анхор ҳам йўқ. Одамлар ичимлик сувини 2 км. узоқликдаги “Ишонч” маҳалласидан ташиб келтиришади. Оқар сувнинг йўқлиги сабаб экин-текинлар етиштириб бўлмаяпти, етиштирилгани ҳам қуриб қоляпти. Электр токларини терак дарахти шохлари, қўлбола таёқлар ушлаб турибди. Ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг бу ишга лоқайдлиги боис аҳоли бошбошдоқлик асосида электр ток симларини хонадонларга улаб олишган. Депутатимизнинг хабар беришича, яқинда ўша жойда электр симлари ерда ёйилиб ётганлиги сабаб шу атрофда ўйнаб юрган болаларни ток уриб олай деган. Яхшики, фалокатнинг олди олинган. Бундай ҳолатларнинг юз бериши эса биринчиси эмас.

Хўш, энди айтингчи, ўзимиз барча шароитлар муҳайё шаҳарда яшаб, битта курсини эгаллаб олиб, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган ана шундай ахволдаги инсонларни ҳам ўйлаймизми? Албатта, ҳақиқат аччиқ. Аммо унга тик ва теран нигоҳ билан боқсангиз, кўплаб муаммоларнинг олди олинган бўлади. Биз бу ҳақда мутасаддиларнинг тегишли жавобларини кутиб қоламиз.

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Report Page