Танқиддан сўнг: хатоларини англаган раҳбар – уларни бартараф этиш йўлларини ҳам топади

Танқиддан сўнг: хатоларини англаган раҳбар – уларни бартараф этиш йўлларини ҳам топади

@Sirdaryo
Фото: Президент матбуот хизмати

Президентимиз раислигида жорий йилнинг 8 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда бюджет тушумларини сўзсиз таъминлаш чора-тадбирлари муҳокама қилиниб, камбағалликни камайтириш бўйича баъзи секторларда олиб борилаётган ишлар кўнгилдагидек эмаслиги борасида алоҳида тўхталиб ўтилган эди.

Ушбу видеоселекторда, давлатимиз раҳбари 257 мингга яқин муҳтож оилалар вакилларини ишга жойлаштириш, 37 минг хонадонга оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредитлар ажратиш зарурлигини қайд этди. Эҳтиёжманд аҳолини ишга жойлаштириш кўрсаткичи энг паст секторлар таъкидланар экан, уларнинг раҳбарларига нисбатан жазо чоралари кўрилди.

Жазоланганлар орасида Гулистон шаҳар давлат солиқ инспекцияси бошлиғи, шаҳардаги 4-сектор раҳбари Жаҳонгир Раджабовнинг исми-шарифи айтилиб, унга нисбатан охирги огоҳлантириш сифатида “ҳайфсан” эълон қилинди.

Ҳақиқатдан ҳам Президентимизнинг видеоселектор йиғилишида айтиб ўтган танқидлари жуда ҳам ўринли ва асосли бўлди. Чунки Гулистон шаҳар 4-сектор ҳудудидаги маҳаллаларда ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, моддий ёрдамга муҳтож оилалар сони 88 тани, улардаги оила аъзолари 362 нафарни, меҳнатга лаёқатли ишсизлар сони эса 86 нафарни ташкил этгани ҳолда, уларнинг бор-йўғи, 6 нафаригина ишга жойлаштирилган, холос...

Хўш, Президентимизнинг видеоселектор йиғилишидаги бу ҳақли танқидидан қандай хулоса чиқарилди? Ана шу саволга жавоб топиш мақсадида, Гулистон шаҳридаги 4-сектор ҳудудида бўлиб, амалга оширилаётган ишлар билан танишдик.

Мавзуга доир: Президент йиғилишида 6 та раҳбар ишдан олинди. Қатор амалдорларга, хусусан сирдарёлик раҳбарга «ҳайфсан» берилди

Таъкидлаш жоизки, 4-сектор раҳбари, Гулистон шаҳар солиқ инспекцияси бошлиғи Жаҳонгир Раджабов томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлдик.

– Президентимиз томонидан видеоселектор йиғилишидаги танқид ва жазо – бу, юзимни оқлашим учун имконият, деб ўйлайман, – дейди Гулистон шаҳридаги 4-сектор раҳбари, шаҳар солиқ инспекцияси бошлиғи Жаҳонгир Ражабов. – Давлатимиз раҳбарининг бу танқидларидан тўғри хулоса чиқариб, раҳбарлигимдаги секторда Юртбошимиз, вилоят ҳокимлиги, вилоят солиқ бошқармаси томонидан кўрсатилган амалий ёрдам ва белгилаб берилган аниқ чора-тадбирлар ҳамда аниқ топшириқлар асосида ишни ташкил этдик.

Шу ўринда вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан кўрсатилаётган амалий ёрдамни ҳам алоҳида таъкидлаган бўлардик. Ҳамкорликда амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида юқорида эътироз билдириб ўтилган йўналишлар тўлиқ қамраб олингани таҳсинга лойиқ.

4-сектор ҳудудидаги ижтимоий ёрдамга муҳтож ва меҳнатга лаёқатли фуқаролардан 29 нафарининг бандлиги таъминланган. Жумладан, Каронавирус пандемияси шароитида ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғирлашган оилаларнинг бандлигини таъминлаш орқали уларга даромад манбаини яратишнинг “Вақтинчалик тартиби”га асосан меҳнатга лаёқатли ишсизларнинг 7 нафари жамоат ишларига, 18 нафари ўзини ўзи банд қилиш тизими орқали рўйхатга олинган. Шунингдек, 3 нафар фуқаролар юк ташиш хизматига, 1 нафари бошқа фаолият бўйича бандлиги таъминланиб, доимий даромад манбаига эга бўлибди.

Бу борадаги ишларни давом эттирган ҳолда шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Гулистон шаҳар бўйича жорий йилнинг июнь ойи учун бюджетга 19 миллиард 800 миллион сўмлик белгиланган прогноз ҳақиқатда 21 миллиард 700 миллион сўмга яъни 109,6 фоизга ёки ойлик прогнозга нисбатан 1 миллиард 900 миллион сўм ортиғи билан бажарилган. Тушумлар миқдори ўтган ойдаги 11 миллиард 400 миллион сўмга нисбатан 10 миллиард 400 миллион сўмга кўп ёки 191,3 фоизга ўсган.

Жорий йилнинг июль ойида қўшимча манбаларни жалб этган ҳолда, шунинг билан бирга, карантин даврида фаолиятини тўхтатган хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини тиклашга кўмаклашиш орқали бюджет даромадларига қўшимча 22 миллиард 100 миллион сўм тушум ундириш режалаштирилган.

– Менга билдирилган ишончни оқлаш учун сидқидилдан меҳнат қилиб, сектор ҳудудида ишсизликни бартараф этишга, эҳтиёжманд оилаларнинг муайян даромадга эга бўлишига, камабағалликни қисқартиришга, тадбиркорлик субъектларининг пандемия шароитида тўлиқ ишлашини таъминлашга бор куч-ғайратим ва барча имкониятларимни тўлиқ ишга солишга ваъда бераман, – деди Жаҳонгир Ражабов.

Ўз хато ва камчиликларини англаб етган, ўринли ва айни пайтида айтилган танқиддан тўғри хулоса чиқарган раҳбар – уларни бартараф этиш учун барча зарур имкониятларини ишга солади. Изланган киши эса ҳамиша имкон топади.

А.ҚАЮМОВ, ЎзА

Report Page