Эҳтиёжмандлар учун 20 миллиард сўм ажратилди

Эҳтиёжмандлар учун 20 миллиард сўм ажратилди

@Sirdaryo
Фото: «Халқ Сўзи Online»

Аҳоли ўртасида коронавирус инфекциясининг тарқалиш занжирини узиш мақсадида Республика махсус комиссияси қарори билан волонтёрларга ёрдам кўрсатиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди. 

Эндиликда моддий кўмак юкларини ўз манзилига етказиб беришда асосий ёрдамчи бўлган волонтёрлар маҳаллий ҳокимликлар томонидан зарур ҳимоя воситалари – тиббий комбинезон, тиббий ниқоб, қўлқоп, дезинфекция воситалари, шунингдек, узлуксиз ҳаракатланиш учун автотранспорт воситалари (дамас, лабо, газель ва б.қ.) билан таъминланади.

Юқорида кўрсатилган чора-тадбирларни амалга ошириш, шу жумладан, моддий жиҳатдан оғир аҳволга тушиб қолаётган энг муҳтож оилаларга озиқ-овқат, дори-дармон воситалари ва биринчи эҳтиёж маҳсулотларини сотиб олиш ҳамда ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказлари орқали етказиб бериш учун давлат томонидан 20 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилди.

Келгусида давлат томонидан карантин даврида аҳолининг муҳтож катламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида заруратга қараб яна қўшимча маблағлар ҳам ажратилади.

Давлат томонидан карантин шароитида қийинчиликка дуч келаётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида ҳам тизимли чора-тадбирлар белгиланди. 

 Мутасаддиларга нодавлат таълим ташкилотлари (мактабгача таълим ташкилотлари, мактаблар, олий таълим ташкилотлари) фаолиятини ўрганган ҳолда, карантин чекловлари жорий этилганлиги муносабати билан фаолиятида молиявий муаммоларга дуч келаётган нодавлат таълим ташкилотларига ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиш, шу жумладан, ушбу масала юзасидан алоҳида Вазирлар Маҳкамасининг қарорини тайёрланади. 

Йирик тадбиркорлик субъектларига карантин чекловлари амал қилган даврда тегишли ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва савдо объектларида санитария-гигиена ва эпидемиологик талабларга риоя этилиши учун масъул бўлган ходим белгилаш тавсия этилди.

Report Page