Нафақат Гулистон шаҳрида балки бутун Республика миқёсида Карантин тадбирлари кучайтирилди

Нафақат Гулистон шаҳрида балки бутун Республика миқёсида Карантин тадбирлари кучайтирилди

@Sirdaryo
Фото: Сирдарё вилояти ИИБ ЙҲХБ

Барчамизга маълумки қарийб тўрт ойдан бери Республика ҳудудида "Коронавирус пандемияси"нинг тарқалишини олдини олиш юзасидан Карантин тадбирлари узлуксиз амалга оширилиб келинмоқда. Дастлаб республика миқёсида эълон қилинган карантин кейинчалик фуқароларга қулайликлар яратиш юзасидан юмшатилиб, шаҳар-туманлар кесимида ва ҳаттоки маҳаллалар кесимида "Қизил, сариқ, яшил" тоифаларга ажратилди ва карантиннинг кучайтрилган тартиблари қизил ва сариқ ҳудудларда амал қилиб, яшил ҳудудда "гўёки вирус етиб келмайдигандек", фуқаролар берилган имтиёзлар ва имкониятлардан нотўғри мақсадларда фойдаланиб, суистеъмолчиликка йўл қўйилиши натижасида вирусга чалинганлар сони кескин кўпайиб кетганлиги сабабли куни кеча Махсус комиссия томонидан кескин чоралар кўриш тўғрисида йиғилиш баёни қабул қилинди. Ушбу комиссия қарорига асосан охирги хафта давомида Республика ҳудудида вирусга чалинганларнинг ошиб кетганлиги, шу жумладан яшил тоифадаги худудларда ҳам вирус юқтирган фуқаролар кўплаб аниқланаётганлиги, ўлим билан боғлиқ ҳолатлар кескин кўпайганлиги Махсус Комиссия томонидан Республика ҳудуди "Қизил тоифа"га ўтказилганлиги билдирилган.

Мавзуга доир: «Қорни очдир, мазаси йўқдир яна кимнингдир бошқа муаммоси бордир, буларни ўйламаяпти...» — Гулистонда бир неча километргача чўзилаётган «пробка»да соатлаб қолиб кетаётган ҳайдовчилардан мурожаат

Махсус Комиссия қарори асосида бир қатор чекловлар белгиланган бўлиб, жумладан, транспорт воситалари ҳаракати чеклаш бўйича бир қатор талаблар белгиланган: яъни биринчидан - жорий йилнинг 10 июл кунидан 1 августга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига автотранспорт воситаларининг кириши ва чиқиши тўхтатилган, иккинчидан, жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилган, учинчидан, автотранспорт воситаларига махсус рухсатномасиз ҳаракатланишга фақатгина соат 07:00 дан 10:00 гача, 17:00 дан 20:00 гача фуқаролар иш жойига бориб келиш, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги махсулотлар ҳарид қилиш учун ҳаракатланишга рухсат берилади, тўртинчидан, махсус рухсатнома карантин даврида амал қилишлиги, шунингдек, махсус рухсатнома талаб қилинмайдиган транспорт воситалари рўйҳатлари ҳам эълон қилинди.

Шу билан биргаликда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш лицензиясига эга бўлган йўналишсиз таксиларга ҳам рухсат этилган бўлиб,

Бунда:

йўловчи ташиш учун автотранспорт воситаси салонида ҳайдовчи ўриндиғи йўловчилар ўриндиғидан шаффоф пластик ёки махсус плёнка билан тўсилган бўлиши керак;

ҳайдовчи ва йўловчи тиббий ниқобда бўлиши (тиббий ниқобсиз йўловчини ташиш тақиқланади) лозим;

йўловчиларни автотранспорт воситаси салони орқа ўриндиғига ўтказилиши ҳамда фақат ўз (автотранспорт воситаси давлат рўйхатидан ўтказилган) ҳудудида ҳаракатланиши шартлиги белгилаб қўйилди.

Фото: Сирдарё вилояти ИИБ ЙҲХБ

Шу ўринда юқоридаги Карантин талабларини бузган хайдовчиларга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, транспорт воситалари жарима майдонларига жойлаштириш тартиби ҳам тушунтириб ўтилганлигини маълум қиламиз.

Фото: Сирдарё вилояти ИИБ ЙҲХБ

Карантин тадбирлари кучайтирилиб бошланган вақтдан ўтган кун мобайнида хайдовчилар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилар томонидан транспорт воситаларининг "пробкаларда тиқилиб" соатлаб кутиб қолиб кетишаётганлиги тўғрисида бир қанча эътирозлар келиб тушаётганлигини гувоҳи бўлиб турибмиз.

Ҳақиқатдан ҳам, карантин талаблари кучайтирилгандан сўнг юқоридаги каби соатлаб навбат кутиш ҳолатлари вилоят худудида ташкил этилган барча карантин постларида кузатилаётган ҳолат. Чунки барча фуқаролар ҳам шахсий транспорт воситасида ишини битириш мақсадида транспорт воситасини йўлга ҳайдаб чиқиб манзилига бориб келишга ҳаракат қилади ва кўпчилик қатори карантин постлари атрофидаги "пробка"ларга дуч келишиб навбат кутишларига тўғри келмоқда. Тиқилинчда қолган транспорт воситалари орасида "стикери" мавжуд ёки рухсатнома талаб этилмайдиган транспорт воситаларини ҳам учраши табиий ҳол, албатта. Арзимас сабаблар ҳамда турли баҳоналар билан карантин пости яқинига келган транспорт воситаси ҳайдовчилари тартибга солувчиларнинг ишораларига бўйсунмасдан сунъий тўсиқни вужудга келтиришиб, қатнов қисмини беркитиб қўйиши натижасида ҳақиқий муҳтож бўлган хайдовчилар ўз вақтида постлардан ўтиб кета олмаяптилар. Булар орасида оғир касаллар, туғриққа яқин ҳомиладорлар ва бошқа кечиктириб бўлмас ҳолатлардаги йўловчилар борлиги ҳам сир эмас.

Фото: Сирдарё вилояти ИИБ ЙҲХБ

Хурматли ҳайдовчилар!

Карантин талабининг энг асосий қоидаларидан биринчиси бу уйда қолиш эканлигини эсдан чиқармайлик! биз вирусни қаердан ва қандай қилиб юқишини билмаймиз, Чунки бу вирус кўзга кўринмас бўлиб, уни турли йўллар билан ўзингиз эътибор бермаган жойдан (ҳаттоки ўзингизни танангизга вирусни юқтирмаган бўлсангизда кийимингиз, бирор буюмингиз орқали оила аъзоларингизга ҳам) юқтириб олишингиз мумкин.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Сиз хурматли ҳайдовчиларимиздан, уйда қолишингизни ва мана шу 20 кун давомида карантин тартибига қатъий амал қилиб, ушбу пандемиядан эсон омон қутулиб кетишимиз учун биргаликда бир тану-бир жон бўлиб ҳаракат қилишимиз зарурлигини билдирамиз.

Йўлларда келиб чиқаётган ноқулайликларга барчамиз бирдек сабабчи бўлаётганлигимизни яна бир бор эслатиб, Сизнинг Йўл патрул хизмати ходимларининг ҳаракати ва холатини тушунишингиз биз учун жудаям муҳимлигини таъкидлаб ўтишни лозим топдик.

Сирдарё вилояти ИИБ ЙҲХБ Ахборот хизмати

Report Page