Навоийда СЭОМ мансабдорлари қарийб 510 млн. сўмлик товарни талон-торож қилгани аниқланди

Навоийда СЭОМ мансабдорлари қарийб 510 млн. сўмлик товарни талон-торож қилгани аниқланди

@Sirdaryo
Фото: "Халқ Сўзи Online"

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Навоий вилояти бошқармаси томонидан Навоий вилоят санитария ва эпидемиология осойишталик маркази мансабдор шахсларига ҳамда бошқаларга нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар бермоқда, дейилади "Халқ Сўзи Online"нинг хабарида.

Аниқланишича, Навоий вилояти санитария ва эпидемиология осойишталик маркази мансабдор шахсларининг асосий вазифаси мамлакатда коронавирус пандемияси сабабли карантин эълон қилинганлиги муносабати билан вилоятда санитария ва эпидемиологик осойишталикни таъминлаш бўлсада, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19.03.2020 йилги ПФ-5969-сонли Фармони асосида ташкил қилинган Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан ажратилган маблағларни мақсадсиз сарфлаган.

Жумладан, марказ мансабдор ва моддий жавобгар шахслари жами 509 млн. 863 минг сўмлик товар моддий бойликларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилишганлиги аниқланган.

Жиноят ишининг тергови давомида марказ омбор мудирига 27.06.2020 йилда ва марказ бош врачига 04.07.2020 йилда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди, 209-моддаси 2-қисми “а” банди, 205-моддаси 2-қисми “а” банди билан айблов эълон қилиниб, “қамоқ” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда, жиноят иши доирасида ҳолатга алоқадор бошқа шахсларнинг айблилик масаласи ҳал қилинмоқда.

Шунингдек, марказнинг 7 нафар мансабдор ва моддий жавобгар шахсларнинг турар жойларида тинтувлар ўтказилганда, марказ раҳбарининг хонадондан 6 дона кўп тармоқли даволаш ва 1 дона ташхис қўйиш ускуналари ҳамда марказнинг 2019 йил учун юритилган буйруқларни рўйхатга олиш китоби, хўжалик мудирининг хонадонидан 8 тўплам инфекцияга қарши махсус ҳимоя кийими ва 5 турдаги тиббий ҳимоя воситалари олинган.

Жиноят иши бўйича Навоий вилояти прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Report Page