Тоқаев ҳукуматга "сариқ карточка" кўрсатди

Тоқаев ҳукуматга "сариқ карточка" кўрсатди

@Sirdaryo
Фото: «Platforma.uz»

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ҳукуматнинг кенгайтирилган мажлисини ўтказди. Унда мамлакатда коронавирус тарқалишини бартараф этиш борасидаги ишлар қониқарсиз эканлиги очиқ-ойдин кўрсатиб ўтилди, дейилади Telegram'даги «Platforma.uz» канали хабарида.

Жуда кескин «тон»да кечган машваратда вазирликлар, идоралар, ҳокимликлар манзилларига жуда аччиқ гаплар айтилди. Яъни Тоқаев вазиру аъёнларнинг «патини юлди». 

Бунинг сабабини бугунги кунда қўшни давлатда COVID-19 билан боғлиқ ҳолат нақадар жиддий эканлигини кузатиб бораётганлар яхши тушунишади. Келинг, йиғилишда билдирган айрим фикрларни мазмунан келтирамиз. 

Аввало, Тоқаев ҳукуматга вазиятни ўнглаш учун икки ҳафта муддат берди. Агар ўзгариш бўлмаса, Вазирлар Маҳкамаси тарқатиб юбориш хавфига дуч келишини билдирди:

"Ҳамма жазога лойиқ. Таътиллар ва дам олишлар ҳақида унутинг. Қарор тезкорлик билан қабул қилиниши керак. Бюрократия жонга тегди, — деди у. — Ҳокимлар ва вазирлар ўз имкониятларини баҳолашлари ва қарор қабул қилишлари шарт" (истеъфога ишора).

Тиббий суғурта фонди(ФОМС) ва республика бюджети ҳисобидан тиббиёт техникаларини сотиб олиш ҳамда кейинчалик уларни молиявий лизинг асосида соғлиқни сақлаш муассасаларига етказиб бериш билан шуғулланиб келаётган, ўз мамлакатида дори-дармонлар таъминоти ва фармацевтикани ривожлантиришга асосий масъул ташкилот ҳисобланган «СК Фармация» раҳбариятларини ишдан бўшатишни, керак бўлса, улар устидан тергов бошлашни буюрди.

— Суриштирув ишларини олиб бориш керак, юзага келган қийинчиликлардаги барча айбдорларни жавобгарликка тортиш лозим, —дея қатъий таъкидлади у.

Маълумки, Қозоғистонда июнь ойида коронавирус ва пневмония инфекцияси авж олиб кетди. Натижада дори-дармонлар тақчиллиги юзага келди. Дорихоналарда на иссиқни туширадиган ва на антибиотиклар топилди. Одамлар уйида даволанишга мажбур бўлмоқда. Тоқаев бунда собиқ раҳбарларни айблади:

— Соғлиқни сақлаш вазирлигининг собиқ раҳбарияти хатога йўл қўйишган, статистика билан бўлишиш нима учун керак эди? Энди эса аҳоли шубҳаланмоқда.

Ўз навбатида, инқироз Қозоғистон учун ўта хавфли эканлигини тан олар экан, шу боис иқтисодиётни аҳоли томон йўналтириш зарурлигига урғу берди.

Шунингдек, Таълим вазирлигининг 1 сентябрь куни бошланадиган янги ўқув йилига тайёр эканлигига шубҳа билдирди. Чунки маълум бўлишича, мактаблардаги 400 мингта компьютердан бор-йўғи 40 фоизи ишлаётган экан.

Бинобарин, йил охиригича аҳолининг 99,3 фоизи интернет билан таъминланиши шартлиги, халқ таълимида янги фан — экологик таълимга эътиборни кучайтириш кераклигини билдирди у.

Маълум қилинишича, мамлакатда 2021 йилда Ер кодексининг айрим нормаларига қўйилган мораторий якунига етади ва шундан сўнг хорижликларга ер сотилмайди.

«Қозоғистоннинг ўзида дори-дармонлар ва тиббиёт воситаларини ишлаб чиқариш вақти келди. Яна қачонгача импорт қилинадиган дориларга боғланиб қоламиз? Биздаги ғурур қани?» — деди у.

Тоқаев Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Цойга алоҳида мақом берилгани ва ҳокимлар ҳамда бошқа вазирлар унинг тавсияларига қулоқ тутишлари шартлигини таъкидлади.

«Махсус комиссия эса мансабдорларнинг хатоларини аниқлаб бериши керак», — дея қўшимча қилди у.

Шулардан келиб чиқиб битта хулоса қилиш мумкин экан. У ҳам бўлса, Қозоғистон президенти ҳукумат ва бошқа бўғинлар мутасаддиларини тебса-тебранмасликда айбламоқда.

Бу қай даражада самара келтиради, икки ҳафтадан сўнг аниқ бўлади.

Report Page