Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаевнинг вилоят халқига коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият бўйича МУРОЖААТИ

Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаевнинг вилоят халқига коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият бўйича МУРОЖААТИ

@Sirdaryo
Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев

Қадрли сирдарёликлар! Отажонларим, онажонларим, акаларим-укаларим ва опа-сингилларим!

Барчангиз кўриб турганингиздек, муҳтарам Президентимиз бошчилигида бир неча ойдирки коронавирус деб аталмиш офат тарқалишининг олдини олиш, халқимизни асраб-авайлаш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгилаб, изчиллик билан амалга оширилиб келинмоқда. Тўғри дастлабки даврда карантин қоидалари қатъий белгиланганлиги учун бу касалликнинг кенг тарқалишини жиловлашга эришилди.

Лекин, аҳоли бандлиги, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, Сизларнинг доимий даромадингизни камайишига йўл қўймаслик мақсадида карантин қоидалари юмшатилди. Биз қисқа муддатда вилоят иқтисодиётини жонлантиришга эришдик, кўплаб иш ўринлари қайта тикланди, минглаб одамларнинг бандлиги таъминланди.

Бугун тан олиб айтишимиз керакки бирон бир давлатда коронавирус инфекциясини самарали даволаш учун вакцина ёҳуд «сеҳрли рецептлар» ишлаб чиқилмаган. Буни тўғри тушунишимиз ва карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ҳаракат қилишимиз зарур. Кейинги 3 ой ичида 16 мингдан ортиқ фуқароларимиз карантин қоидаларини бузганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилгани ҳали ҳам “менга тааллуқли эмас” ибораси билан яшаётган фуқароларимиз борлигидан далолат беради.

Касалликнинг бирор-бир кичик белгисини ўзингизда сездингизми, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг. Унутманг ташҳисни фақат ва фақат шифокор қўйишга ҳақлидир. Гувоҳи бўлаётганингиздек коронавирус инфекцияси билан касалланган айрим фуқароларнинг барвақт ҳаётдан кўз юмишига шифокорларга кеч мурожаат қилганлиги, ўз билганича даволанганлиги сабаблардан бири сифатида кўрилмоқда.  

Муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда мен учун ҳам ҳар бир оила, ҳар бир инсоннинг сиҳат-саломатлиги муҳим. Бугунги шароитда барчамиз “Ўз соғлиғингни, ўз болангни, ўз оилангни ўзинг асра!” деган шиорга амал қилиб яшашимиз шарт. Касалликнинг маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслиги учун энг аввало ўзимиз масъул эканлигимизни унутмайлик.

Кўриб, сезиб турибсизлар Сардоба сув тошқини офатини бартараф этишга бутун Ўзбекистон оёққа турган. Кечаю-кундуз қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Пировад мақсад эса битта: халқни рози қилиш, оддий одамларнинг турмуш шароитини яхшилаш. Шундай шароитда ҳеч қайси ўзини сирдарё фарзандиман деб ҳисоблаган инсон ўз тақдирига бефарқ бўлмаслиги шарт.   

Ишончимиз комилки, ушбу синовли дамларда бутун ўзбек халқи қаторида бизнинг вилоятимиз аҳли ҳам ҳеч қачон тушкунликка тушмайди ва огоҳликни сусайтирмаган ҳолда хавфли касалликка чалинмаслик учун барча чора-тадбирларни белгилашда ҳар бир фуқаромиз ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади.

Бунда, аввало, ҳар биримиз шахсий намуна кўрсатишимиз, карантин қоидаларига қатъий амал қилиб, мутасаддиларнинг талаб ва кўрсатмаларини оғишмай бажаришимиз шарт.

Энг асосийси, шу синовли дамларда ҳар биримиз, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз керак. Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек, биз бир куч бўлиб, коронавирус инфекциясини темир интизом, юксак тафаккур, сабр-тоқат билан енгамиз

Report Page