Юнусободда бўлиб ўтган тўйда 79 киши коронавирус юқтириб олган
@SirdaryoЎзбекистонда охирги 14 кунда коронавирус бўйича аниқланган ҳолатларнинг 52 фоизи чет элдан келган фуқароларда, 48 фоизи эса мамлакатда аҳоли орасида аниқланган. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди, дейилади «Дарё» хабарида.
Вазирнинг айтишича, аҳоли орасида аниқланган 48 фоиз ҳолат белгиланган карантин тартибларига амал қилинмагани натижасида юзага келган.
Унинг сўзларига кўра, аҳоли орасида тўй, турли маросим ва оилавий тадбирлар вируснинг тарқалишига хизмат қилмоқда. Тошкент шаҳрида охирги бир ой ичида 4 та тўйда 110 та касалланиш ҳолати аниқланган.
HUMO bilan Misrga sayohat qiling! ✈️
Бундан ташқари, Юнусобод туманида ўтказилган тўйда 79 киши вирус юқтириб олган. Тўйни 30 киши билан ўтказиш учун бир кунда уч марта тўй қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида 23 мартдан эътиборан оммавий тадбирлар, хусусан, тўй-маросимларнинг ўтказилиши тақиқланган эди. Ушбу тақиқдан сўнг тўй маросимларини ўтказишга уринганларга нисбатан ҳатто жиноят иши ҳам қўзғатилди.
Мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашиб, нисбатан назорат остига олингач, Республика махсус комиссиясининг 30 майдаги қарори билан «яшил» тоифага киритилган ҳудудларда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни 30 кишидан кўп бўлмаган ҳолда ўтказишга рухсат берилди.
Мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият кескинлашаётгани сабабли 10 июлдан бошлаб мамлакатда тўйларни ўтказиш яна тақиқланади.