Қуёш ваннаси ва унинг хусусиятлари

Қуёш ваннаси ва унинг хусусиятлари

@Sirdaryo
Фото: ЎзА

Офтобда қорайган терида ажинлар янада сезилиб қолади, қуёш нури туфайли пигмент доғлар пайдо бўлади, тери қурийди. Қуёш нурлари – ёшлик душмани экан-да, деб ўйларсиз?! Дерматовенеролог, тиббиёт фанлари номзоди Назира Қурбонова бу ҳақда қуйидагича фикрда:

Терапевт, эндокринолог ва психиатрларнинг таъкидлашича, қуёш етишмаслиги ҳам аянчли асоратларга олиб келади. D витаминини ишлаб чиқариш, кальцийнинг сўрилиши ва суяклар мустаҳкамлиги учун белгиланган миқдорда ультрабинафша нурлари зарур. Булар айрим гормон ва нейромедиаторлар синтезини рағбатлантиради. Унинг танқислиги тери ва бошқа аъзоларнинг қаришига олиб келади. Шунингдек, иммунитет сусаяди – инфекцияларга қирон келтирувчи ҳужайралар ажралиши камаяди. Боз устига, маълумотларга кўра, муайян миқдордаги ультрабинафша нури сут бези, йўғон ичак ва простата безида саратон ривожланишидан ҳимоялайди. қуёш нури етишмаса, депрессия ва сурункали чарчоқ синдроми келиб чиқади. Демак, ультрабинафша нуридан бекинишга муккасидан кетмаслик керак. Бироқ атайин танани қорайтириш ҳам ярамайди.

ШАРТЛИ ҲИМОЯ

Қуёшдан сақловчи кремлар ҳар доим ҳам фойдали бўлавермайди. Улар терининг офтобдан куйишига қарши самарали восита, аммо крем ва мойлар таркибидаги фильтрлар В типидаги ультрабинафша нуридан ҳимоялайди, холос.

А типидаги ультрабинафша нурини эса озгинагина ушлаб қолади. Пировард натижада бундай воситасиз сояга ўтасиз ёки устингизга бирорта кийим ташлаб оласиз. Крем суртиб олсангиз, куймайсиз, нохушликни ҳам сезмайсиз – шунчаки қуёшда қовурилишда давом этасиз. Бу вақтда А типидаги ультрабинафша нурининг 70–90 фоизи терига чуқур кириб боради. Чунки коллаген шикастланиши, тери қуриши (ҳужайраларда намликни меъёрда сақловчи гиалурон кислота йўқолиши), ажинлар, ўсма ривожланиши – буларнинг бари А ультрабинафша нурининг иши. Биз ҳимояланишга уринадиган В нури асосан куйишга сабаб бўлади. У эса ҳақиқий хавф-хатардан яшириниш фурсати етганидан огоҳлантиради.

Умуман олганда, бундай кремларни бефойда деб ҳам бўлмайди. Улар терини озиқлантиради, намиқтиради, тери қизариши ва буруннинг пўст ташлашидан асрайди. Бироқ офтобда қорайиш хавфини камайтиради деб, улардан умид қилмаслик керак. ёшликни сақлашни хоҳласангиз – офтобда чўмилганда ҳам эгнингизда кийим бўлсин.

БИНАФША ЁКИ ҚИЗИЛ

Инфрақизил нурланиш, энг аввало, иссиқлик билан намоён бўлади. Айнан унинг шарофати билан қаҳратон қиш илиқ баҳорга, сўнг жазирама ёзга алмашади. Улар терига ҳам ёшартирувчи, ҳам зарарли таъсир ўтказиши мумкин – бу тери ҳолатига боғлиқ. Натижада яллиғланувчи жараёнларга қарши курашиш тезда ривожланади. Юз ранги, соч ва тирноқларнинг озиқланиши яхшиланади. Бироқ узоқ вақт қизиш томирлар шикастланишига олиб келади.

Яна бир муҳим ҳолат – офтобда қорайиш ва пигмент доғларнинг ультрабинафша нурлари таъсирида келиб чиқиши ҳеч кимга сир эмас. Аслида меланоцитлар – меланин ишлаб чиқарувчи ҳужайралар узун ўсимталарга эга бўлиб, улар чуқур тери остидан ташқи қатламларгача етиши ва бу пигментни ўша ерга етказиши мумкин. Шу боис уларнинг меланинни юқорига етказиши инфрақизил нурланиш миқдори ҳамда жадаллигига боғлиқ. Бошқача айтганда, агар пигмент доғлар пайдо бўлишидан хавфсирасангиз, терини крем ёрдамида нафақат ультрабинафша нурларидан, балки инфрақизил нурлардан ҳам ҳимоялаш керак. Бундай вазиятда фақат кийим ёрдам беради, ташқарида эса – вентилятор, муз бўлаги ёрдамида салқинлаш мумкин.

КИМЛАР ҚУЁШГА ЗОРУ, КИМЛАР ЭСА...

Финляндияда қуёш 56 кун, Исландияда эса бор-йўғи 3–8 кун нур сочади. Гиннеснинг рекордлар китобида дунёдаги энг қуёшли шаҳар деб АқШнинг Аризона штатидаги Юма шаҳри тан олинган: у ерда қуёш йилига 318 кун нур сочади.

Ультрабинафша нурларининг кўпи ҳам, ками ҳам саломатлик учун зарар. Бироқ офтобдан меъёрда фойдаланилса, организм учун турган-битгани фойда.

КИМЛАРГА ОФТОБДА ҚОРАЙИШ ТАқИқЛАНАДИ:

Юқори тана ҳарорати ва ўткир касалликлардан қийналаётган кишилар;

озғинлик, юрак нуқсони, камқонлик ва ҳар қандай ўсмада, шунингдек, айрим гинекологик хасталикларда;

гипертониклар, юрак-қон томир касалликлари ва аутоиммун муаммолар (ревматоид артрит, тизимли қизил волчанка) дан қийналаётганлар;

веналарнинг варикоз кенгайиши, қанд­ли диабет, қалқонсимон без муаммосидан қийналаётганлар.

ҚУЁШ НУРИ ЕТИШМОВЧИЛИГИ

Қуёш нури етишмовчилиги ҳам организм учун хатарли эканини унутманг. Негаки, ультрабинафша нурининг фойдаси аниқ. қуёш иштаҳани ва терининг қон билан таъминланишини яхшилайди. Унинг таъсирини қон босими сал кучайтиради, юрак ва томирлар фаолроқ ишлай бошлайди. Шунингдек, энергия сарфи ҳам кўпаяди. Натижада иштаҳа ҳамда уйқу сифати яхшиланади.

Албатта, қуёшнинг асосий фойдаси D витаминини ишлаб чиқариш ҳисобланади. Лекин уни етарли миқдорда олиш учун дарахт соясида

15 дақиқа бўлиш етарли эканини унутманг. Организмни зарур витамин билан тўйинтириш учун юз ва қўл кафтларини офтобда тутиб туриш ҳам кифоя қилади.

D витамини танқислиги аянчли оқибатларга олиб келади. Болаларда унинг етишмовчилиги рахитга сабаб бўлади. Катталарда онкология ривожланади – мазкур ҳолатда саратоннинг колоректал шакли назарда тутилган. Кўпинча катталарда, айниқса, аёлларда, D витамини танқислигида мавсумий вазн тўплаш кузатилади. Шунингдек, асаб тизими қийнала бошлайди – жиззакилик, ланжлик, ҳафсаласизлик, депрессия қайд этилади.

D витаминининг кунлик меъёри болалар учун – 400, катталар учун – 600 грамм. Табиий равишда D витамини етишмаганда қўшимча воситалардан фойдаланиш мумкин. Масалан, уни суюқ ҳолида, томчи шаклида қабул қилса бўлади. Уларни дори қадоғида кўрсатилган шаклда ичган маъқул. Бундан ташқари, ушбу витаминни таомдан ҳам олса бўлади. Таркибида D витамини бўлган маҳсулотларга балиқнинг ёғли навлари, сариёғ, жигар, тухум сариғи, гўшт ва сутни киритиш мумкин.

D витамини етишмовчилиги туфайли асаб тизими бузилишлари келиб чиқиши мумкин. Негаки, бу витамин серотонин – бахт гормони ишлаб чиқаришга ёрдам беради. Таомномага курка, банан, шоколадни киритиб, вазиятни андак ўнглаш мумкин. Бундай маҳсулотлар таркибида триптофан бўлиб, у туфайли ҳам серотонин ажралади. Шунингдек, нур терапиядан фойдаланиш ҳам мумкин.

Шоҳида ИСМОИЛОВА ёзиб олди.

Манба: “Postda” газетаси, ЎзА

Report Page