Республика ишчи гуруҳи Сирдарёда ғалладан бўшаган ерларга такрорий экинлар экиш ҳолатини ўрганди: ютуқлар бор, камчиликлар ҳам...

Республика ишчи гуруҳи Сирдарёда ғалладан бўшаган ерларга такрорий экинлар экиш ҳолатини ўрганди: ютуқлар бор, камчиликлар ҳам...

@Sirdaryo
Фото: O`zLiDeP вилоят Кенгаши

Жорий йил ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинларни экиш учун ер тайёрлаш, талаб этиладиган моддий-техника ресурсларини етказиб бериш, агротехник тадбирларни сифатли ўтказиш, заҳирага жамғариш, ички ва ташқи бозорларга етказиб беришни ташкил этиш бўйича тузилган Республика ишчи гуруҳи барча вилоятларда бўлгани каби Сирдарёда ҳам бўлишди.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, бир қатор вазирликлар, ҳокимликлардан таркиб топган Республика ишчи гуруҳи ғалладан бўшаган ерларга такрорий экинлар экилиши ҳолатини тўлиқ ўрганиб чиқишди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 29 мартдаги 259-сон қарорига мувофиқ Сирдарё вилоятида 1 минг 992 та фермер хўжаликларининг ғалладан бўшайдиган 83 минг 350 гектар ер майдонларига такрорий экинлар экиш ва маҳсулот етиштириш белгиланган эди. Ўтказилган ўрганиш якунларига кўра бугунги кунда вилоятда 48,3 минг гектар ёки 58 фоиз ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинлар экилган. Жумладан, Мирзаобод туманида бу кўрсаткич 62%ни, Сирдарё туманида 61%, Сардобада ва Сайхунобод туманларида 59%, ҳамда Гулистон ,Оқолтин туманларида 58, Ховос , Боёвут туманларида эса бу кўрсаткич 56 - 53% ни ташкил қилган.

Фото: O`zLiDeP вилоят Кенгаши

Вилоятнинг Сирдарё туманида бу йил 10 минг гектар ерга буғдойнинг “Краснодар-99”, “Чиллаки”, “Бобур” каби 16 хил серҳосил навлари экилган эди. Натижада туманда ҳар гектар ердан олинган ҳосилдорлик 56 центнерданни ташкил этиб, бу борадаги режа 116 фоизга уддаланди.

Туман ҳокимлигининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича бўлим мудири Жаҳонгир Гаппаровнинг эътироф этишича ғалладан бўшаган майдонларга мош, ловия, нўхат, тариқ экинлари экилаётган экан.

- Дуккакли экинларни, айниқса мош экишда экишнинг сочма усулидан фойдаланаяпмиз, - дейди Жаҳонгир Гаппаров. - Сув танқислиги бўлган ерларга уруғни сочма усулдан фойдаланиб экиш яхши самара беради. Ўз намига ундириб олинган, 1 гектар ерга экилган уруғдан 20 центнергача ҳосил олиш мумкин. Туманимиздаги “Янги ҳаёт”, “Истиқлол”, “Ҳамза” СИУларидаги энг серҳосил 18 гектар ер 27 та кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга бўлиб берилди.

Бу йил тумандаги 4 та фермер хўжалигида экиндан бўшаган майдонларга тариқ экилиб, ҳосилдорлик четга экспорт қилиниши мўлжалланаяпти. Масалан Испанияда тариққа бўлган талаб ниҳоятда кучли бўлиб, ундан мой ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

- Ҳудудимиздаги ғалладан бўшаган 1234 гектар экин майдонига тариқ, мош, экинлари экиляпти, - дейди тумандаги “Малик” СИУ уюшмаси раҳбари Орзимурод Амиров. - Ҳудуднинг “Тинибек бобо” фермер хўжалиги даласига экилган такрорий экинлар бир текис униб чиққан.

Фото: O`zLiDeP вилоят Кенгаши

Тадбиркор Фарҳод Тўраев томонидан Сирдарё туманининг “Ёшлик” МФЙ ҳудудида аҳоли етиштирган дуккакли маҳсулотларни қабул қилиш ва унинг экспортини йўлга қўйиш мақсадида “Sirdaryo bens” маҳсулотни қайта ишлаш корхонаси фаолияти йўлга қўйилганди. 2017 йилда корхона томонидан аҳолидан йиғиб олинган 2,5 минг тонна, 2018 йилда 3,5 минг тонна дуккакли маҳсулотлар Хитой, Эрон, Ҳиндистон, Польша каби давлатларга экспорт қилинди. Бу йил корхона Хитойга 5 минг тонна маҳсулот етказиб бериш юзасидан шартнома имзолади.

Айни пайтда тадбиркор ташаббуси билан вилоятнинг Сайхунобод тумани ҳудудида Туркия технологияси асосида 1 гектар майдонда янги дуккакли маҳсулотларни қайта ишлаш корхонаси қурилиши жадалллик билан олиб борилмоқда. М-34 автомагистрали йўлида қурилаётган бу корхона вилоят деҳқонлари томонидан етиштирилган дуккакли маҳсулотларни йиғиштириб олиб экспортга йўналтиради.

- Корхонани Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги арафасида ишга туширишни мўлжаллаб турибмиз, - дейди Фарҳод Тўраев. - Туркия технолгияси асосида қурилаётган корхона цехларига дастлаб 250 минг долларлик замонавий дастгоҳлар ўрнатилади. Маҳсулотларни буюртмачиларнинг талабига кўра 8-15-25 килограммли махсус қопчаларга қадоқланади. Бу борада тумандаги “Мега люкс” қўшма корхонаси билан шартномамиз бор.

Ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган қисқа муддатли ўрганишлар жараёнида ютуқлар билан бир қаторда камчиликлар ҳам борлиги маълум бўлди. Вилоятда ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинлар экмаган 195 та фермер хўжаликлари мавжудлиги аниқланди. Шундан 70 та фермер хўжаликларида ғалла майдони сомондан тозаланмаган, 125 та фермер хўжаликларида шудгорлаш ишлари бошланмаган.

Жумладан, Сирдарё-Сайхунобод туманларида 30 та, Ховос туманидаги 48 та, Гулистон туманидаги 26 та, Оқолтин туманидаги 18 та фермер хўжаликларида бу борада сусткашликларга йўл қўйилган. Бу камчиликларни жойида бартараф этилиши мутасадди раҳбарлар томонидан назоратга олинди.

Бундан ташқари, ғалладан бўшаган майдонларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда вилоят, туман ҳокимларининг қарорларида белгиланган экинларни экиш режасига зид равишда бошқа экин турларини экиш ҳолатлари ҳам аниқланган. Боёвут, Сайхунобод , Сардоба, Оқ олтин ва Гулистон туманларида бу борадаги ишлар мутасаддилар томонидан назоратга олинди.

Фото: O`zLiDeP вилоят Кенгаши

Ғалладан бўшаган майдонларда такрорий экинларни эктириш учун қайта ишлаш, тайёрлов ва экспорт қилувчи ташкилотлар билан фъючерс шартномаларини тузиш ва фермер хўжаликларига бўнак маблағларини тўлаб бериш бўйича ҳам масъулиятсизликка йўл қўйилаётганлиги ҳам бор гап.

Вилоятда 750 гектар ерга картошка экинлари экиш белгиланган бўлса-да, лекин бу борадаги топшириқ бор йўғи 11 фоизга бажарилган, холос. Шунингдек, вилоятда ғалладан бўшаган майдонларга 5,3 минг гектар ерга шоли экиш режалаштирилганди. 4 июль ҳолатига кўра шоли экинлари 4,1 минг гектар экилган ва шоли экиш муддатларининг ўтганлиги ҳисобга олиниб, қолган 1,2 минг гектар майдонларга мош, тариқ ва гречиха экинлари экиш белгиланди.

Ишчи гуруҳи ўрганиши якунларига кўра барча туманлар ва вилоятда такрорий экинлар эктириш штаблари иши йўлга қўйилди ва мавсум давомида ҳар ҳафтада Ишчи гуруҳига ахборот бериб борилиши белгилаб қўйилди.

Дилором ЭСОНОВА,
O`zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши
матбуот котиби

Report Page