Дарслар саёҳат тарзида ташкил этилди

Дарслар саёҳат тарзида ташкил этилди

@Sirdaryo
Фото: ЎзА

Сирдарёдаги касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ва ҳудуддаги уюшмаган ёшлар учун “Тадбиркорлик – фаровон турмуш асоси” мавзуида маҳорат дарслари ташкил этилди. 

Дарслар саёҳат тарзида “Гулистон Медтехника” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонада уюштирилди.

Фото: ЎзА

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сирдарё вилояти ва Гулистон шаҳар кенгашлари ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда партия масъул ходимлари, фаоллари, коллеж битирувчилари, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш истагида бўлган йигит-қизлар иштирок этди. 

Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг бизнес ғояларини рўёбга чиқаришга ҳар томонлама кўмаклашиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бу эса ўз навбатида аҳоли бандлигининг таъминланишига хизмат қилмоқда.

Фото: ЎзА

Бу каби тадбирларни ўтказиш орқали ишбилармонликнинг янада кенг қулоч ёйишига, аҳоли бандлигини таъминлашга муайян ҳисса қўшилмоқда. Иштирокчилар танишиб чиққан “Гулистон Медтехника” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонада асосан бир марталик тиббий буюмлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Йиллик қуввати 216 миллион донани ташкил қилувчи корхонада асосан 3 хил –инфузион системалар, шприц ва пешоб қопчалари ишлаб чиқарилади. 

Лойиҳа қиймати 7,3 миллион долларни ташкил қиладиган корхонада 167 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Корхонанинг йиллик экспорт ҳажми 3 миллион долларни ташкил қилиб, ишлаб чиқарилган маҳсулот қўшни Қозоғистон давлатига экспорт қилинади.

Фото: ЎзА

Айни пайтда корхонада ишлаб чиқариш ҳажмини янада кенгайтириш ва ишчилар сонини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йил охирига қадар 5 миллион доллар миқдоридаги асбоб-ускуналар олиб келиб ўрнатилиши режалаштирилган. 

2020 йилнинг учинчи чорагига бориб янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши муносабати билан бир марталик тиббий буюмлар ишлаб чиқариш ҳажми 450 миллион донага етказилади. 

Маҳорат дарсларидан кейинги давра суҳбати қизиқарли, мазмунли, савол-жавобларга бой ўтди. Тадбир сўнггида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга корхона мутахассисларидан атрофлича жавоб олди. 

Абдужалол ҚАЮМОВ, ЎзА

Report Page