Мен Қўқонга бораман

Мен Қўқонга бораман

@Sirdaryo
Фото: ЎзА

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жорий йилнинг 10-15 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида биринчи маротаба ўтказиладиган Халқаро ҳунармандчилик фестивали олдидан Гулистон шаҳридаги “Ватан” тантаналар мажмуасида “Мен Қўқонга бораман” шиори остида Сирдарё вилояти ҳунармандларининг маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди.

Кўргазмада вилоятда истиқомат қилиб, фаолият юритаётган 70 дан ортиқ ҳунармандлар ўзлари яратган, миллий минталитетимизни ўзида яққол намоён эта олган турли маҳсулотлари билан иштирок этди.

Ҳудуддаги 60 нафар ҳунарманд республика “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармаси рўйхатидан ўтган. Вилоятда асосан, ҳунармандчиликнинг миллийлигимизни ўзида мужассам этган металдан турли тақинчоқлар ясаш, ёғоч ўймакорлиги, зардўзлик, миниатюралар яратиш, ҳайкалтарошлик, матоларга гул босиш, болажонлар саломатлиги учун хавфсиз бўлган юмшоқ ва қаттиқ қўғирчоқлар, кундалик эҳтиёж учун зарур уй-рўзғор, ошхона ва бошқа шу каби жиҳозлар ясаш йўналишлари ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Фото: ЎзА

Кўргазмада сирдарёлик ҳунармандлар томонидан яратилган бир-биридан ажойиб қўғирчоқлар, оддий металдан ясалган аёллар тақинчоқлари, эркак, аёл ва болалар миллий либослари, бешик, пичоқ, обдаста, уй жиҳозлари ва бошқа кўплаб ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазма иштирокчиларининг диққат марказида бўлди.

– Томорқамизга қовоқ экиб, ундан миллийлигимизни ўзида намоён этган турли сувенир, зарур уй жиҳозлари ясайман, – дейди Гулистон туманидан келган ҳунарманд Ўктам Шодмонқулов. – Ясаган ҳунармандчилик маҳсулотларимни нафақат Сирдарё ва қўшни вилоятларга, балки қўшни республикаларга ҳам сотиб турибман. Бу ҳунар менга ота мерос. Худога шукур, ана шу ҳунар ортидан рўзғоримда қут-барака бор. Бу ҳунарни фарзандларимга ҳам ўргатаяпман.

– Бугунги кўргазмага оилавий тайёрлаётган маҳсулотимиз – эркаклар ва болалар ёзги ва мавсумий оёқ кийимлари билан қанашаяпмиз, – дейди Гулистон шаҳрилик ҳунарманд Наргиза Марасулова. – Ушбу оёқ кийимлар таг чармини Тошкентдан олиб келамиз. Устики қисмини эса ўзимиз тўқиймиз. Уларнинг икки қисми бир-бирига елимлангач, мустаҳкам қилиб тикилади. Қарабсизки, енгил, мавсумбоп, сифатли ва чидамли буюртма тайёр.

Дарҳақиқат, Марасуловлар оиласи бир суткада оилавий 3-4 донагача оёқ кийим тайёрлашар экан. Буюртмалар 2 ой наригача бўлган муддатга олиб қўйилибди. Наргиза опа ишлаб чиқарадиган косиблик маҳсулотини тур, миқдор ва сифатини янада ошириш ниятида экан.

– Бу йил биринчи маротаба Қўқон шаҳрида ўтадиган халқаро ҳунармандчилик фестивали асрлар давомида жаҳон бозорида ўз ўрни ва шуҳратига эга бўлган ўзбек миллий ҳунармандчилигининг дунё ҳунармандлари томонидан қайта кашф этилишига ва бунда сирдарёлик ҳунармандларнинг ҳам ҳиссаси бўлишига ишончим комил, – дейди республика “Ҳунарманд” уюшмаси Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи Музаффар Раҳматов. – Бу халқаро кўргазма ҳунармандчилик намуналарини тарғиб этиш, шунингдек, ушбу йўналишда ўзаро тажриба алмашиш орқали турли халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлашга ёрдам беради. Бу йил илк бор ўтказиладиган фестивалга сирдарёлик ҳунармандлар ҳам пухта ҳозирлик кўраяпти. “Мен Қўқонга бораман” шиори остида ўтказилган бугунги кўргазма Қўқондаги халқаро кўргазма олдидан ўзига хос кўрик вазифасини ўтаб берди.

Фото: ЎзА

Кўргазма давомида ҳунармандларга зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди. Ҳар бир ҳунарманд тайёрлаб келган маҳсулотлардан намуналар ҳамда кўргазмадан олинган фотосурат ва зарур ҳужжатлар республика ишчи комиссияси эътиборига жўнатилди.

А.ҚАЮМОВ, ЎзА 

Report Page