Автотранспорт воситаларини утилизация қилиш тизими яратилади

Автотранспорт воситаларини утилизация қилиш тизими яратилади

@Sirdaryo
Фото: ЎзА

Ўзбекистон атмосферасининг ифлосланиши кузатилмоқда. Сабаби ифлослантирувчи моддалар чиқарилиши миқдорининг ортиши асосан иқтисодиётнинг жадал ривожланиш жараёнида ишлаб чиқариш корхоналари ва айниқса транспорт воситаларининг сонини ортиши билан ҳам изоҳланади.

Ўзбекистон Экологик партияси ахборот хизмати раҳбари Эркин Омоновнинг маълумот беришича, 2010 йилдан 2016 йилгача атмосфера ҳавосига чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар миқдори борган сари кўпайиб 2016 йили қарийб 2,556 млн. тоннани ташкил этган. 2018 йилда атмосферага ташланган ташланмалар миқдори 2 млн. 442 минг тоннани ташкил қилган. Бунда автотранспорт воситаларидан ташланадиган ташланмалар миқдори 65%, яъни 1,56 млн. тоннани, йирик шаҳарларда, жумладан, Тошкент шаҳрида ушбу кўрсаткич 80% дан ортиқни ташкил этади.

Бугунги кунда мамлакатимизда эксплуатация муддати тугаган автотранспорт воситаларини ҳисобдан чиқариш масалаларида айрим муаммолар мавжуд. Уларни утилизация қилиш мажбурияти эгаларининг ҳам ишлаб чиқарувчиларнинг ҳам зиммасига юклаш масалалари қонунчилик билан мустаҳкамланмаган.

Вилоят, туман, шаҳар маъмуриятларига эксплуатация муддати тугаган транспорт воситалари, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва бошқа махсус транспорт воситаларини утилизация қилиш бўйича жавобгарлик юклатилмаган, шунингдек, уларда утилизация қилиш бўйича техник имкониятлар мавжуд эмас.

Эксплуатация муддати тугаган транспорт воситалари узоқ йиллар давомида атроф муҳитга зарарли таъсир кўрсатиб келмоқда. Айнан жисмоний ва технологик жиҳатдан эскирган транспорт воситаларидан атроф-муҳитга, шу жумладан, атмосфера ҳавосига энг ифлослантирадиган моддалар чиқарилади. Масалан, 10 йил эксплуатацияда бўлган автотранспорт воситасидан белгиланган меъёрдан йилига ўртача 1,5 баробар кўп зарарли ифлослантирувчи моддалар чиқарилади.

Экологик барқарорликни таъминлаш, эксплуатация муддати тугаган транспорт воситаларининг зарарли таъсиридан инсонлар саломатлигини ва атроф муҳитни муҳофаза қилишни таъминлаш бу борада ҳуқуқий ва иқтисодий механизмларни такомиллаштириш мақсадида биринчи қадам сифатида ҳар бир транспорт воситасидан утилизация учун йиғим ундириш тизимини жорий қилиш таклиф этилмоқда.

Ушбу йўналишда автотранспорт воситаларини утилизация қилиш тизимини яратиш мақсадида мутахассислар томонидан қуйидагилар илгари сурилмоқда:

- автотранспорт воситаларини (шу жумладан, махсус ва қишлоқ хўжалиги техникалари) утилизация қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш механизмларини қонунчилик даражасида ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

- утилизация йиғимларидан келиб тушадиган даромадларини давлатнинг эксплуатация муддати тугаган автотранспорт воситаларини утилизация қилиш харажатларига йўналтириш механизмини жорий этиш;

- Ўзбекистон Республикаси ҳудудига технологик жиҳатдан эскирган, халқаро экологик стандартларга мувофиқ келмайдиган автотранспорт воситалари олиб киришни тартибга соладиган нормаларни жорий қилиш.

Автотранспорт воситаларини утилизация қилиш тизимининг шаклланиши, транспорт воситаларини бошқариш масалаларини тизимлаштиришга, уларнинг ҳаракатланишини оптималлаштиришга ва умумий экологик ҳолатнинг яхшиланишига хизмат қилади. Шунингдек, қаттиқ чиқиндиларни бошқариш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш соҳасида фойдаланилаётган эскирган усуллардан воз кечиб, босқичма-босқич бугунги кунда жаҳон тажрибасида мавжуд бўлган замонавий, илғор технологияларга ўтиш имкониятини беради.

Наргис ҚОСИМОВА, ЎзА

Report Page