LIVE: ГулДУ ректори Муҳсин Тожиев: ТАЪЛИМ СИФАТИНИ ОШИРИШ БИРЛАМЧИ ВАЗИФАМИЗ!

LIVE: ГулДУ ректори Муҳсин Тожиев: ТАЪЛИМ СИФАТИНИ ОШИРИШ БИРЛАМЧИ ВАЗИФАМИЗ!

@Sirdaryo
Фото: Вилоят адлия бошқармаси

Гулистон Давлат университетининг Маънавият ва маърифат марказида университет раҳбарияти вилоятда фаолият юритадиган республика ҳамда вилоят ОАВ лар вакиллари ҳамда матбуот хизмати ходимлари учун матбуот анжумани ташкил қилди.

Анжуманни университет матбуот хизмати бошлиғи Равшанбек Маҳмудов очди ва олиб борди. Университет ректори Муҳсин Тожиев журналистларга “2019/2020 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида” қабул қилинган Президент қарори, Гулистон Давлат университетига қабул квотаси ҳамда абитуриентлар учун ҳужжат топшириш жараёнида яратилган қулайликлар борасида батафсил маълумот берди.

Фото: Вилоят адлия бошқармаси

-Бу йил Гулистон Давлат университетига жами 2615 нафар абитуриент қабул қилиш мўлжалланмоқда, - деди ректор ўз сўзида. Шундан 471 нафари давлат грантлари асосида, 2144 нафари эса тўлов-контракт асосида қабул қилинади. Сиртқи таълимга 715 нафар   қабул квотаси белгиланган.

Мавзуга доир: LIVE: Гулистон Давлат университетида ОТМга бу йилги ўқишга қабул тартиблари, жараёни тўғрисида брифинг ўтказилмоқда.

Бу йил университетда 7 та янги магистратура йўналиши янгидан очилди. Бакалавриат йўналишлари 9 тага кўпайиб, 40 тани ташкил қилди.

Фото: Вилоят адлия бошқармаси

-Энди галдаги долзарб вазифамиз – ушбу йўналишларда ўқишга кирган талабаларга сифатли таълим бериш, - дея таъкидлади М.Тожиев. – Бунинг учун хорижий олий таълим даргоҳлари билан ишлаб, шартнома асосида профессор-ўқитувчиларимизнинг малакасини ошириб боришимиз замон талабидир. Бугунги кунда университетимизда 74 нафар ёш илмий тадқиқотчиларимиз бор, шулардан 7 нафари биринчи ярим йилликда илмий ишларини ҳимоя қилди, яна 8 нафари йил охирига қадар докторлик илмий ишларини ҳимоя қилди. Таълим даргоҳимиз шу кунгача хориж олий таълим даргоҳлари билан 17 та меморандум имзолади. Мисол учун, Қозон Федерал университети билан  биология, информатика, тупроқшунослик, психология каби йўналишлар бўйича мутахассис тайёрланади.

Фото: Вилоят адлия бошқармаси

Университетнинг 6 нафар ўқитувчиси “Эл-юрт умиди”жамғармаси маблағлари ҳисобидан Италия, Голландия ва Россия олий таълим даргоҳларида мақсадли докторантура, магистратура, илмий изланувчилик учун юборилмоқда.

Таълим сифати –юртимиз келажагини белгиловчи омил, уни юқори кўтариш, давлатимиз ва халқимизнинг бизга билдирган ишончини оқлаш –вазифамиз, -дея якунлади сўзини Муҳсин Тожиев.

Сирдарё вилоят
Адлия бошқармаси

Report Page