Таълим сифати янги босқичда

Таълим сифати янги босқичда

@Sirdaryo
Ҳ.Худойбердиева номидаги ижод мактабига ташриф

Сўнгги йилларда мамлакатимизда узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, сифатли таълим хизматларидан фойдаланиш имкониятларини ошириш, меҳнат бозорининг замонавий талабларига мувофиқ юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу жумладан, ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантириш, иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларни баркамол, жисмонан ва руҳан соғлом шахс сифатида Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, болаларда меҳнатсеварлик, ватанпарварлик, фидойилик, кенг дунёқарашга эга комил инсон бўлишга интилиш туйғусини шакллантириш мақсадида ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилди.

Ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактабларда ўқувчи ёшларга буюк аждодларимиз ва адибларимизнинг бой ижодий меросини ўргатиш, уларга муносиб ворис этиб тарбиялашга йўналтирилган комплекс ўқув-тарбия жараёнлари йўлга қўйилди.

HUMO bilan Misrga sayohat qiling!

Бугунги кунда ана шундай улкан мақсадларни ўз олдига қўйган ихтисослаштирилган мактаблардан бири ўз фаолиятини Гулистон шаҳрида амалга оширмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 майдаги 419-сон қарори билан нодир истеъдоди, бадиий теран, лирик ҳамда фалсафий шеър ва достонлари, публицистик асарлари билан ўзбек адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшган Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева номини абадийлаштириш, шоира издошларини кашф этиш ва уларнинг ўз истеъдодларини кенг намоён қилишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Гулистон шаҳрида Ҳалима Худойбердиева номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатни ташкил этилди.

Ёш ижодкорлар маскани, иқтидорли йигит-қизларнинг севимли даргоҳига айлантириш кўзда тутилган мазкур мактаб-интернат атоқли ижодкор, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Робиндранатҳ Тагор халқаро мукофоти совриндори Муҳаммад Исмоил раҳбарлигида самарали фаолият кўрсатмоқда.

Таълим маскани карантин даврида дарс машғулотлари масофадан туриб онлайн тарзида ижодкор ўқувчилар учун самарали ташкил этилди, шунингдек ихтисослаштирилган мактаб ўқитувчилари томонидан вилоят телевидениеси орқали “online-maktab” лойиҳаси доирасида телевизион видеодарслар тайёрланди ва эфирга узатилди.

“Online-maktab” лойиҳаси доирасида дарсларни тасвирга олишда ўқувчилар томонидан ўзлаштириши мураккаб бўлган мавзуларни кенгроқ очиб бериш, амалий машғулотларни намойиш қилиш, дарслик ва ўқув дастурларига қўшимча тарзда қизиқарли ва фойдали маълумотларни бериб бориш, ўқитувчилар томонидан илғор хорижий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўйлаймизки, мазкур ихтисослаштирилган мактаб яқин келажакда билимли, илм борасида дунёнинг ривожланган давлатларидаги тенгдошлари билан рақобатлаша оладиган ҳар томонлама етук авлодни вояга етказишга хизмат қилади ҳамда ўзбек тили ва адабиёти ривожи учун ёш иқтидорларни тарбияловчи зиё масканига айланади.

Насибахон Маҳкамова,
Гулистон шаҳрида Ҳалима Худойбердиева номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқитувчиси

Report Page