Сирдарёда коронавирус инфекциясига гумон қилинган ёки касалланган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш, саралаш ва тақсимлаш марказлари фаолияти қайта тикланди

Сирдарёда коронавирус инфекциясига гумон қилинган ёки касалланган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш, саралаш ва тақсимлаш марказлари фаолияти қайта тикланди

@SirdaryoUZB
Даволаш маскани
Сўнгги кунларда Республикамизда, қолаверса, Сирдарёда ҳам коронавирус инфекцияси билан касалланиш динамикаси ошди. Коронавируснинг тарқалишига доир юритилаётган расмий статистик маълумотларга кўра, 3 июль куни Сирдарёда 27 та касалланиш ҳолати тасдиқланди, вилоят учун 2021 йилдаги антирекорд бўлди. Сирдарёда кетма-кет олтинчи кун антирекорд ўрнатилмоқда (28 июнь — 15 та, 29 июнь — 16 та, 30 июнь — 18 та, 1 июль — 20 та, 2 июль 23 та, 3 июль — 27 та). Мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб, ўтган йили, коронавирус пандемияси даврида ишга туширилган ва фаолият кўрсатган коронавирус билан касалланган беморларни соғломлаштиришга ихтисослаштирган тиббиёт муассасалар эса ўз фаолиятини қайта бошлади. Хусусан, Гулистон шаҳридаги “Алпомиш” спорт комплексида 600 ўринга, вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 120 ўринга, Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмасида 50 ўринга мўлжалланган бўлимлар ишга туширилди.

Шифокорлар рўйхати шакллантирилди. Инсонларда кечаётган касалликнинг оғир-енгил формасига қараб даволаш, соғломлаштириш борасидаги ишлар бошлаб юборилди.

Бундан ташқари махсус штаб фаолияти йўлга қўйилиб, штаб аъзолари томонидан коронавирус касаллигини юқтириб олиш хавфи кўпроқ бўлган жамоат жойлари – дўконлар, транспорт, одамлар кўп тўпланадиган жойлар, бозорлар, майдонлар, бекатлар, пиёда ўтиш йўлакларида эҳтиёт бўлиш, ижтимоий масофа сақлаш, санитария гигиена қоидаларига риоя этиш борасидаги  тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилиши билан бирга, соғлиқни сақлаш санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги, ички ишлар бошқармалари ҳамкорликда касаллик тарқалишининг олдини олиш, аҳоли саломатлигини ва осойишталигини таъминлаш мақсадида тезкор рейд тадбирлари бошлаб юборилди.

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзолари томонидан вилоятдаги мутасадди ташкилот ходимлари ҳамроҳлигида уй карантинидаги фуқаролар ҳолидан хабар олинмоқда. Уларни етарлича дори-дармон воситалари билан таъминланганлик ҳолатлари ўрганилмоқда. Вирус касаллигини енгил формаси билан касалланган ва уйда ётиб қолган беморларга ёрдам кўрсатилмоқда.

Мухтасар қилиб айтганда Сирдарёда коронавирус инфекциясига қарши кураш чоралари кучайтирилди. Халқнинг хабардорлигини ошириш, хавфли вирус инфекциясидан ҳимояланиш йўллари ҳақидаги тарғибот ишлари давом этмоқда.

Report Page