Т.Нарбаева Боёвут туманида бир қатор янги лойиҳалар билан танишди

Т.Нарбаева Боёвут туманида бир қатор янги лойиҳалар билан танишди

@Sirdaryo
Фото: Senat.uz

Аввал хабар берилганидек, жорий йил 3 июль куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Сирдарё вилояти Боёвут туманига ташриф буюрди.

Ташриф давомида Сенат Раиси бир қатор объектларда бўлиб, янги лойиҳалар билан танишди. Хусусан, туманда мавжуд бўлган авария ҳолатидаги уйларни кўздан кечирди.

Боёвут тумани “Маданият” ва “Ижодкор” маҳаллаларида жойлашган 5 та кўп қаватли уйлар ҳолати билан танишди. Улар 1960-1970 йилларда қурилган бўлиб, бугунги кунда чўккан, яшаш учун яроқсиз ҳолатга келиб қолган.

Фото: Senat.uz

Сенат Раиси Т.Нарбаева мазкур ҳудуд аҳолиси билан мулоқот қилиб, уларни қийнаб келаётган масалалар, шу шумладан, газ таъминоти ва электр энергияси, ичимлик суви муаммоси, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш ва уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш каби долзарб масалаларга эътибор қаратди.

Фото: Senat.uz

Шунингдек, ушбу ҳудуд аҳолисини янги турар жойга кўчириш, турмуш тарзини янада яхшилаш борасида кўрилаётган чораларни тушунтирди.

Шундан сўнг туманда уй-жойга муҳтож бўлган оилаларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида Боёвут шаҳарчасида жойлашган “Боёвут қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи” ҳисобида турган тўрт қаватли ётоқхона биносини уй-жойга мослаштириш лойиҳаси билан танишди.

Фото: Senat.uz

Навбатдаги манзил – Боёвут тумани “Учтургон” маҳалласи. Жорий йилда мазкур ҳудудда ҳам 4 та беш қаватли арзон уй-жойлар қурилиши режалаштирилган.

Т.Нарбаева ташриф давомида“Учтургон” маҳалласида олиб борилаётган ишлар ҳамда муҳандислик-коммуникация объектларини қуриш учун халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилиш масаласини кўздан кечирди. Бу борадаги ишларни жадаллаштириш, савдо кўнгилочар масканларини очиш, китоб дўконлари фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан мутасаддиларга кўрсатма берди ва бу жараёнга масъулият билан ёндашиш зарурлигини таъкидлади.  

Фото: Senat.uz

Яна бир жиҳат, қишлоқ хўжалик экин ерларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, суғориш объектлари ҳамда коммуникация тизимини яхшилаш чораларини кўриш ҳам ташриф кун тартибидан ўрин олди. 

Хусусан, “Боёвут техно кластер” МЧЖ томонидан амалга оширилган ишлар билан танишилди. Мазкур кластерга тумандаги 10 500 гектар ер майдонида пахта хом ашёси етиштириш учун ажратиб берилган. 2020 йил ҳосили учун жами 31 286 тонна пахта хом ашёси етиштириш белгиланган. Ҳозирда корхонада қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Хориждан 90 та контейнерда 14,0 млн. долларлик замонавий асбоб ускуналар келтирилди.

Фото: Senat.uz

– Корхонамиз томонидан 2020-2023 йилларда бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган, – деди “Боёвут техно кластер” МЧЖ директори Ш. Комилов. – Яъни 40 минг тонна қувватга эга бўлган пахта тозалаш корхонасини сотиб олиш ва уни 2020 йил III чорак якунига қадар капитал таъмирлаш, 20 млн. АҚШ долларлик инвестиция маблағи асосида ип йигирув фабрикасини жорий йил якунига қадар ишга тушириш кўзда тутилган. Бу орқали 800 нафар янги иш ўрни яратилади. Қолаверса, 15 минг тонна қувватга эга бўлган чигитни қайта ишлаш заводини 2022 йил 3-чорак якунига қадар ишга тушириш, бу орқали 100 нафар аҳолини иш билан таъминлаш ҳам мақсадимиздан биридир. Корхонамизни электр энергияси билан таъминлаш муаммо бўлиб турганди. Шу масала бўйича Сенат Раисига мурожаат қилдим ва бу ижобий ҳал қилинадиган бўлди.

Фото: Боёвут тумани ҳокимлиги

Т.Нарбаева “Стелла мода” МЧЖ тикувчилик фабрикаси томонидан текстил маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси билан ҳам танишди.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш орқали 400 та янги иш ўрни яратилиб, аҳамиятлиси, туман хотин-қизлари иш билан таъминланади. Ҳозирда қурилиш-таъмирлаш ишлари жадаллик билан кетмоқда.

Фото: Senat.uz
Фото: Senat.uz

– Ушбу корхонага 4 млрд. сўмлик инвестиция киритдик,– деди “Стелла мода” МЧЖ раҳбари Ж.Суванов. – Мақсадимиз, ҳудуд аҳолисининг бандлигини таъминлаш. Албатта, бу билан 400-500 нафар хотин-қиз ишга жойлашади. Қолаверса, мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятига ҳиссамизни қўшмоқчимиз. Биз асосан тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқарамиз ва уларни Италия, Россия, Чехия, Белоруссия ва Қозоғистон давлатларига экспорт қилинади. Сенат Раиси иш жараёнимиз билан танишиб, ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Шу билан бирга, улардан ҚҚС қайтарилиши муддати чўзилгани масаласида амалий ёрдам сўрадик ва бу ижобий ҳал қилинишини билдирди.

Фото: Senat.uz

Боёвут тумани “Зиёкор” маҳалласи ташрифнинг сўнгги манзили бўлди. Сенат Раиси маҳалла нуронийлари билан бирга янгидан қурилган “Зиёкор” маҳалла фуқаролар йиғини маъмурий биносининг очилиш маросимида иштирок этди.

Фото: Senat.uz

“Зиёкор” МФЙ раисининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Салтанат Йўлдошеванинг таъкидлашича, маҳаллада 3451 та оила мавжуд. Аҳоли, шу жумладан, ёшлар, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида аҳамият қаратилиб, уларга имтиёзлар кредитлар бериляпти ва оилавий тадбиркорликка жалб қилиняпти. Ёшлар ҳам балиқчилик, қуёнчилик, ҳунармандчилик билан шуғулланяпти. Аёллар эса тикувчилик, гўзаллик салонлари фаолиятини йўлга қўйган. Қолаверса, субсидия асосида иссиқхоналар қуриб берилмоқда.

Фото: Senat.uz

Олий Мажлис Сенати Раиси ташриф мобайнида туманда истироҳат боғи барпо қилиш, ҳиёбонлар маданият масканлари ва спорт соғломлаштириш марказларини бунёд этиш каби масалаларга ҳам урғу берди.

Фото: Senat.uz

Олий Мажлис Сенати Раиси ташриф мобайнида туман марказида барпо этилаётган ҳиёбон билан танишиб, уни барпо этаётган уста-дурадгор билан суҳбатда бўлди. Унда туман аҳолисининг оилавий дам олишлари, фарзандларини сайр қилдириш учун истироҳат боғи барпо қилиш, ҳиёбонлар сонини кўпайтириш, шунингдек, маданият масканлари ва спорт соғломлаштириш марказларини бунёд этиш каби масалаларга ҳам урғу берди.

Фото: Боёвут тумани ҳокимлиги

Шунинг билан парламент юқори палатаси Раиси Танзила Нарбаеванинг Боёвут туманига ташрифи якунланди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

Report Page