Ўзбекистон “Ҳолливуд”и қаерда қурилади?

Ўзбекистон “Ҳолливуд”и қаерда қурилади?

@Sirdaryo
Фото: Халқ Сўзи Online

Халқ Сўзи Online нашрида давлат раҳбарининг ўтган йилги тегишли қарори асосида юртимизда “Учта шаҳар” (“Халқ дипломатияси шаҳри”, “Этношаҳар”, “Киношаҳар”) комплекси пайдо бўлиши ҳақида хабар берилган эди.

Президентимизнинг куни кеча эълон қилинган қарори лойиҳасида мазкур мажмуа учун Тошкент вилояти Файзобод маҳалласидан 116,5 гектар майдон ажратилиши кўрсатиб ўтилди.

Халқ Сўзи Online'нинг ёзишича, ушбу лойиҳа билан махсус ташкил этилган Uzbekistan Film Holding МЧЖ (муассислари “Ўзбеккино” агентлиги, Туризмни ривожлантириш бўйича давлат қўмитаси ва Intellect Enterprise компанияси) шуғулланади. Компанияга ер участкаси 49 йил ва ушбу муддатни узайтириш имконияти билан бепул берилади.

Лойиҳада, шунингдек, компанияга 2029 йил 31 декабрига қадар солиқ ва божхона имтиёзлари берилиши белгиланган.

Тегишли равишда белгиланган участка ҳудудидаги оилалар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларни кўчириш, турар жойлар, нотурар бинолар ва иншоотларни бузиш, шунингдек, зарарни қоплаш бўйича чора-тадбирлар қабул қилиш Тошкент вилояти ҳокимлиги зиммасига юклатилади.

“Учта шаҳар” нима дегани?

Президентимизнинг 2018 йил 24 июлдаги “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида мазкур лойиҳа Ўзбекистоннинг бой маданий-тарихий қадриятларга эга дунёвий давлат сифатидаги имиджини халқаро аренада илгари суришга аниқ йўналтирилган миллий кинематографияни ривожлантириш, шунингдек, туризмни равнақ топтириш, инвестицияларни жалб этишга қаратилгани белгилаб берилган.

Ўшанда уни яратиш уч босқичга бўлинган эди.

Биринчи босқич – 2019 йил 1 сентябригача. 18 миллион доллар йўналтирилади.

“Халқ дипломатияси шаҳри”: олтита маданият маркази, Президентлар аллеяси, Буюк Ипак йўли кўчаси, сунъий тоғли ва қатор-қатор шаршарали шоирлар боғи, очиқ осмон остидаги музей, “Севишганлар боғи”, кафе ва ресторан.

“Этношаҳар”: Амир Темур саройи хиёбони, фавворалари ва боғи билан, олтита этноҳовли, кафе ва ресторан, сувенир расталари, эски кўчалар, минора, шаҳар дарвозаси мажмуаси.

“Киношаҳар”: суратга олиш учун павильон, киномаҳалла, бизнес-марказ, хиёбон ҳудуди ва бошқалар.

Иккинчи босқич: 2020 йилнинг 1 сентябригача. 82 миллион йўналтирилади.

“Халқ дипломатияси шаҳри”: тўққизта маданият маркази, очиқ концерт зали, кўргазма мажмуаси, кафе ва ресторанлар, меҳмонхона, тўртта музейли музей майдони, кинематография маркази.

“Этношаҳар”: 13 та этносарой, иккита меҳмонхона, 10 та кафе ва ресторан, 20 та сувенирлар растаси, “Лаби Ҳовуз” эски кўчалари мажмуаси, иккита этномеҳмонхона, Улуғбек расадхонаси, бешта ўтов, иккита минора, учта шаҳар дарвозаси ва бошқалар.

“Киношаҳар”: меҳмонхона, тўртта павильон, бизнес марказнинг иккита блоки, киномаҳалла (20 та вилла, 200 та таунхаус, 75 хонали кўп квартирали тураржой), киноакадемия, супермаркет, хусусий мактаб ва боғча, стадион, хиёбон ва бошқалар.

Учинчи босқич: 2021 йил 1 сентябргача. 42 миллион доллар йўналтирилади.

“Халқ дипломатияси шаҳри”: кафе ва ресторан, меҳмонхона, спорт объектлари(футбол майдони, кортлар ва бошқалар).

“Этношаҳар”: иккита меҳмонхона, кафе ва ресторанлар, карвонсарой.

“Киношаҳар”: коворкинг маркази, киномаҳалла(18 татаунхаус, 77 хонали тураржой), миниипподром, ишлаб чиқариш цехи.

Маблағлар манбалари

Асосий маблағ манбалари – давлат бюджети, “Этномир”(Россия), WHITECO Harvest Investion (Кипр), Royal Holding Orbit Group LLC (БАА) каби компаниялардан хориж инвестициялари ва бошқалардир.

Report Page