ТАҲЛИЛ ВА ТАКЛИФ: такси хизматлари фаолиятини қандай ҳуқуқий тартибга солиш лозим?

ТАҲЛИЛ ВА ТАКЛИФ: такси хизматлари фаолиятини қандай ҳуқуқий тартибга солиш лозим?

Sirdaryo Xabarlari
Фото: ЎзА

Енгил автомобиль транспортида йўловчи ташиш (такси) хизматларидан фойдаланишга бўлган талаб бутун дунёда юқори. Таксилар хизмати туризм соҳасида ҳам ўз ўрнига эга.

Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам автомобиль транспортида йўловчи ташиш бозорида аллақачон таксини онлайн буюртма қилиш бўйича маҳаллий ва хорижий хизматлар пайдо бўлган. Бу хақида ЎзА хабар бермоқда.

ЙЎЛКИРА МИҚДОРИ ТЎҒРИСИДА ОЛДИНДАН ХАБАРДОР БЎЛИШ

Таксини онлайн буюртма қилиш хизмати, бу – IT-платформадан фойдаланган ҳолда такси буюртма қилиш хизмати бўлиб, хизмат кўрсатувчи юридик ёки жисмоний шахсларга махсус ишлаб чиқилган дастурий таъминот орқали йўловчилар топиб беради.

Автомобилларни буюртма қилиш жараёнининг қулайлиги ва соддалиги, йўлкира миқдори тўғрисида олдиндан хабардор бўлиш имкониятининг мавжудлиги, автомобиль тоифаси ва кўрсатиладиган хизматларнинг бошқа параметрлари кўрсатилганлиги сабабли аксарият йўловчилар таксини онлайн буюртма қилиш хизматидан фойдаланишни танлаяптилар.

Экспертлар фикрича, замонавий ахборот технологиялари ривожланиб бораётгани сабабли таксини онлайн буюртма қилиш хизматлари ва уларнинг фойдаланувчилари сони узлуксиз ошиб бораверади.

ХОРИЖ ТАЖРИБАСИ...

Ҳозирги кунда дунёда таксини онлайн буюртма қилиш хизматлари жуда кўп бўлиб, улардан энг машҳурлари “Uber” (АҚШ), “Яндекс.Такси и InDriver” (Россия), “Grab” (Сингапур), “Didi Chuxing” (Хитой) ва бошқалардир.

Турли давлатлар ҳукуматлари бу масалалар бўйича тартибга солувчи вазифасини турлича бажаряптилар.

Жаҳон бозорида биринчилардан пайдо бўлган ва энг йирик компаниялардан бири бўлган “Uber”нинг Европа бозорига киришини мисол қилсак, Португалия ўз ҳудудида мазкур компания фаолиятини қонунийлаштирди, Франция эса унинг фаолиятига чекловлар ўрнатди.

Шу билан бирга, таксини онлайн буюртма қилиш хизматлари билан тенг бўлмаган курашга киришган Европанинг анъанавий такси хизматлари ўз позицияларини улар билан тенглаштиришга ҳаракатни бошладилар ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар “Uber”га транспорт ширкати сифатида қаралишига эришдилар.

Финляндия ва Швецияда бир нечта тақиқларни жорий этишга уринишлардан сўнг таксини онлайн буюртма қилиш хизмати қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилиб қонунийлаштирилди.

Россияда “Uber” компанияси 2013 йилдан бери фаолият юритмоқда

ва ушбу мамлакатда юридик шахс ташкил этмасдан ўзининг маҳаллий ҳамкорлари орқали солиқларни тўлаб келмоқда.

Бунинг учун компаниянинг маҳаллий ҳамкорлари фирмалар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида рўйхатдан ўтганлар. Бунда, қўшимча қиймат солиғи миқдори йўловчиларнинг такси ҳайдовчиларига тўлови миқдоридан эмас, фақат “Uber”га тўланадиган комиссия тўловлари миқдоридан олинади.

Шу билан бирга, таксини онлайн буюртма қилиш хизмати соҳасини ҳуқуқий тартибга солиш бўйича бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида Россия Давлат Думасига тегишли қонун лойиҳаси киритилган.

Россиянинг ҳудудий субъектлари ҳам йўловчилар хавфсизлиги ва хизмат кўрсатиш жавобгарлигига боғлиқ равишда таксини онлайн буюртма қилиш хизматини тартибга солиш бўйича бўшлиқлар мавжудлигидан хавотирда.

Масалан, Курган области Думаси жорий йилнинг бошларида “Такси тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришларни ишлаб чиққан бўлиб, унга кўра, йўловчи ташиш вақтида ҳаёт ва соғлиқ учун етказилган зарар бўйича таксини онлайн буюртма қилиш хизматини субсидиар (қўшимча) жавобгар қилиб белгилаш таклиф қилинган.

БИЗДА ҲОЛАТ ҚАНДАЙ?

Бу соҳада муаммолар Ўзбекистонда ҳам мавжуд. Айни пайтда, таксиларни онлайн буюртма қилиш хизматининг фаолияти қонуний тартибга солинмаган.

Оқибатда, қонуний талаб ва назорат етишмаслиги туфайли нархни арзонлаштириш мақсадида йўловчилар хавфсизлиги ва сифатни иккинчи даражали масалага айлантириб қўйган ҳолда бир-бири билан рақобатлашаётган таксичилар бозори вужудга келиш хавфи пайдо бўлди.

Хорижий таксиларни онлайн буюртма қилиш хизматлари эса транспорт хизмати кўрсатиш тизимида ҳисобга олинмаган, уларнинг ҳуқуқ

ва мажбуриятлари, йўловчилар олдида жавобгарлиги ва бошқа муҳим масалалар белгиланмаган.

Айрим хорижий таксиларни онлайн буюртма қилиш хизматлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқари жойлашган техник алоқа воситаларидан фойдаланмоқдаларки, бу уларнинг Ўзбекистон ҳудудида ноқонуний фаолият олиб боришини тўхтатиб қўйиш имкониятини чеклайди, улар фаолиятни солиққа тортишни қийинлаштиради.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси вакиллари бир неча марта ОАВ орқали таксини хорижий онлайн буюртма қилиш хизматлари ва ноқонуний таксичилар томонидан солиқлар тўланмаётганлиги масаласини кўтардилар. Шунингдек, жиддий рақамларни келтирдилар (10 мингдан ортиқ ноқонуний таксичилар онлайн хизматлар орқали ишлайдилар ва солиқ тўламайдилар).

Мавжуд маълумотларга кўра, Давлат солиқ қўмитаси Ўзбекистонда иш олиб бораётган хорижий таксини онлайн буюртма қилиш хизматлари билан музокаралар олиб борган ва уларга рўйхатдан ўтиш ва бизнинг давлатимизда солиқлар тўлаш имкониятини тақдим қилган.

Умуман олганда, давлат таксини онлайн буюртма қилиш хизматлари фаолиятини тартибга солишга ҳаракат қилмаяпти деб бўлмайди. Муайян чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги жорий йилнинг март ойида жисмоний шахслар якка тадбиркорлар сифатида рўйхатдан ўтиб, электрон платформа орқали такси буюртма қилиш операторлари билан тузилган шартномага мувофиқ йўловчи ташиш хизматларини амалга ошириши мумкинлигини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини эълон қилди. Лекин ушбу ҳужжат ҳозиргача қабул қилингани йўқ.

ТАКЛИФЛАР...

Шундай қилиб, таксини онлайн буюртма қилиш хизматлари фаолияти ҳали ҳам ҳуқуқий тартибга солинмаган. Ўзбекистоннинг таксини онлайн буюртма қилиш хизматлари бозори эса бутун дунёдаги каби ўсишда давом этади. Шунинг учун бу турдаги тадбиркорлик фаолияти учун аниқ ва содда қоидаларни жорий этиш зарур.

Авваламбор, таксини онлайн буюртма қилиш хизматларини кўрсатувчи хорижий компанияларни Ўзбекистон ҳудудида алоҳида юридик шахс (МЧЖ, АЖ ёки бошқа шаклларда) ёки хорижий компания филиали шаклида фаолият олиб бориши тартибини жорий этиш лозим.

Бунда филиалга хўжалик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини бериш керак бўлади, чунки амалдаги қонунчиликка кўра, филиаллар юридик шахс ҳисобланмайдилар ва уларни ташкил этган юридик шахс номидан тўлиқ хўжалик фаолиятини олиб бориш ҳуқуқига эга эмаслар.

Яна бир шуки, бу – онлайн буюртмалар тўғрисидаги маълумотлар базаси ва базадаги маълумотларни қайта ишлаш имконини берувчи техника воситаларини Ўзбекистон ҳудудида жойлаштирилиши мажбурий бўлиши керак.

Ўз навбатида, талабларни кучайтириш билан бирга, таксини онлайн буюртма қилиш хизматлари фаолияти учун қулай шароитлар, айниқса, ноқонуний таксичиларни қонуний асосда фаолият олиб бориш учун таксини онлайн буюртма қилиш хизматларига жалб қилиш имконини берадиган шароит яратиш зарур.

Бу мақсадда таксини онлайн буюртма қилиш хизматлари билан ҳамкорлик қилувчи ҳайдовчилар учун қонунчиликда белгиланган талабларни соддалаштириш талаб этилади.

Бундай ташувчиларни тоифаларга ажратиш, улар учун рўйхатдан ўтишнинг соддалаштирилган тартиби ва унча катта бўлмаган, мисол учун, доимий равишда такси хизматини кўрсатувчилар учун ойига энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида, йўловчи ташиш билан доимий шуғулланмайдиган шахслар учун эса энг кам иш ҳақининг ярми миқдорида қатъий солиқ белгилаш мумкин.

Унча катта бўлмаган, аммо оммавий равишда жорий этилган бундай солиқ ҳайдовчилар учун тўлиқ ва ишдан бўш вақтида такси хизмати кўрсатиш, йўловчилар учун арзон нархларни сақлаб қолиш, шунингдек, бюджетга ҳар ойда 2 млрд. сўм атрофида (10 минг ноқонуний таксининг ҳар бирига энг кам иш ҳақининг бир бараваридан ҳисоблаганда) қўшимча тушумлар тушишини таъминлайди.

Ҳайдовчиларнинг ушбу тоифасини жорий қилиш ва уларнинг фаолиятини тартибга солиш лицензияга эга таксилар фаолиятига таъсир қилмайди, аксинча, ноқонуний йўловчи ташувчилар билан самарали кураш олиб борилишига имкон беради.

Юқорида санаб ўтилган чора-тадбирлар агар амалиётга жорий этилса, таксини онлайн буюртма қилиш хизматлари ва ноқонуний таксилар билан боғлиқ асосий муаммолар бартараф қилинади.

Бунинг учун «Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида»ги, «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги ва йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солувчи бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш зарур.

P.S. Таксини онлайн буюртма қилиш хизмати билан ҳамкорлик қилмайдиган ноқонуний таксичилар фаолиятига ҳам рўйхатдан ўтказишнинг соддалаштирилган тартиби ва унча катта бўлмаган қатъий белгиланган солиқлар тизимини татбиқ қилиш масаласини кўриб чиқиш керак. Бундай тоифадаги таксичилар ҳар доим мавжуд бўлиб келган ва улар учун ҳам қулай шароитлар яратиш орқали ноқонуний ишлашни давом эттирмасликларига эришишимиз лозим.

Report Page