Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси аъзолари Сирдарё вилоятида ўрганиш ишларини амалга оширди

Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси аъзолари Сирдарё вилоятида ўрганиш ишларини амалга оширди

Sirdaryo Xabarlari
Фото: senat.uz

Жорий йилнинг 27-29 июнь кунлари Сирдарё вилоятида ривожланиши орқада қолган ғўза майдонларида қўшимча агротехник тадбирларини ўтказиш ва биостимуляторлар билан озиқлантириш ишлари Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ҳамда ижро органлари ва жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ўрганилди. Бу хақида senat.uz хабар бермоқда.

Хусусан, 73396 гектар ернинг ҳолати бевосита жойида ўрганилганда 22222 гектар (30 фоиз) ғўза майдонлари бузилиб қайтадан экилгани аниқланган. Оқолтин туманида бундай ерлар 8185 гектар (умумий ғўза майдонининг 11 фоизи), Мирзаобод туманида 3 580 гектар (4 фоизи) ва Сирдарё туманида 3015 гектар (4 фоизи)ни ташкил этгани маълум бўлди. Шунингдек, ўз вақтида экилмаганлиги ва суғорилмаганлиги натижасида 2209 гектар ғўза майдони ривожланиши орқада қолган. Бундай ҳолат асосан Сардоба (514 га) Сайҳунобод (434 га), Оқолтин (367 га) ва Боёвут (317 га) туманларида юзага келган.

Мазкур майдонларни қолоқликдан чиқариш мақсадида сенаторлар, тегишли секторлар раҳбарлари, масъул корхона ва ташкилотлар вакиллари кўмагида бевосита жойида тезкор чоралар кўрилиб, қўшимча суғориш, маҳаллий ва минерал ўғитлар ҳамда биостимуляторлар билан озиқлантириш ишлари ташкил қилинди. Хусусан, қўшимча 200 кг дан озиқлантириш учун минерал ўғитлар етказиб, ўргимчаккана ва кўсак қуртига қарши олтинкўз ва трихограмма биомаҳсулотлари билан профилактик ишловлар бериш ташкил этилди. Такрорий экилган ғўза майдонлари Фито-вак, Байкал-ЭМ1 ва Узгуми биостимуляторлари (Энтожеан, Агрожеан, Сожеан) билан баргидан озиқлантирилди.

Бегона ўт босган 846 гектар майдоннинг ҳар бир гектарига  чопиқчилар жалб қилиниб, тозалаш ва қатор ораларини культиваторлар билан юмшатиш ишлари йўлга қўйилди.

Шунингдек, вилоятда суғориш ишларини амалга ошириш учун 278 та отряд ташкил этилиб, уларга сув хўжалиги ташкилотлари ва фермер хўжаликларидан 16980 дан зиёд сувчилар бириктирилди. Ғўза майдонларини шарбат усулида суғориш график бўйича йўлга қўйилди.

Фото: senat.uz

Ўз навбатида, бу борада фермерларнинг масъулиятини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Экин майдонларидан самарасиз фойдаланган фермер хўжаликлари фаолияти кенг жамоатчилик орасида муҳокама қилинди.

Имконияти бўла туриб, боқимандалик кайфиятидаги айрим ер эгалари жамоатчилик орасида муҳокама қилиниб, ердан самарасиз фойдалангани учун қонунчиликда белгиланган қатъий чоралар хусусида огоҳлантирилди.

Ишчи гурух томонидан вилоятнинг Сайҳунобод ва Гулистон туманларида фермер хўжаликлари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди ва уларни қийнаб келаётган муаммоларнинг аксарияти жойида бартараф этилди. 

Report Page