Адлия вазирлиги огоҳлантиради: шахсий ҳаёт дахлсиздир!

Адлия вазирлиги огоҳлантиради: шахсий ҳаёт дахлсиздир!

@Sirdaryo
Фото: xabar.uz

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ҳуқуқий ахборот каналида хабар берилди:

Охирги пайтларда айрим ОАВ ва ижтимоий тармоқларда инсонларнинг шахсий ҳаётига тегишли маълумотлар, хабарлар ва шунинг асосида хулосалар тарқатиш учрамоқда.

Адлия вазирлиги ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини олиб борувчи ташкилот сифатида қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон Конституциясининг 25-моддасида ҳар кимнинг эркинлик ва шахсий дахлсизлиги, 27-моддасида шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ҳуқуқи кафолатланган.

“Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, жисмоний шахснинг розилигисиз унинг шахсий ҳаётига тааллуқли ахборотдан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

“Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунга асосан, ОАВ орқали фуқароларнинг шахсий ҳаётига аралашиш тақиқланади.

“Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасига кўра, ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида журналист шахснинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиши шарт.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш, энг кам иш ҳақининг қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Адлия вазирлиги шахсий дахлсизлик ҳуқуқи Конституция билан ҳимояланишини ва бу кафолатни ҳеч ким поймол эта олмаслигини тушунтиради ва барча ахборот макони иштирокчиларини шу ҳуқуқларни ҳурмат қилишга ва қонунларга риоя этишга чақиради.

Зеро, ҳуқуқий давлат ва озод жамиятнинг негизида шахснинг дахлсизлиги ҳуқуқий жиҳатдан энг марказий аҳамиятга эгадир.

Report Page