Кўксимдаги Ватаним

Кўксимдаги Ватаним

@Sirdaryo
Ўзбекистон Республикаси Давлат Герби

2 июль – Ўзбекистон Республикаси Давлат Герби қабул қилинган кун!

Фуқаролик паспортингиз, туғилганлик ҳақида гувоҳнома, нафақа дафтарчаси, ўқиш жойингизда берилган диплом иловангиз, турли танлов ва тадбирларда қўлга киритган сертификат ёки мақтов ёрлиғингиз, чўнтагингизни тўлдирган сўмлар, яна шу каби ҳужжат ҳамда қоғозларда, спорт ёки бошқа кийимларимиз кўксида — сиз бир хил нишон тасвирини кўрасиз: Ўзбекистон Республикаси Давлат Герби. Бу Ўзбекистоннинг бир бўлаги эканлигингизни англатади. Биласизми, агар кимдир мендан Ўзбекистон қанақа мамлакат деб, сўраса лом-мим демасдан Гербимизнинг суратини кўрсатар эдим.

Ана, гербимизнинг қоқ марказида бобоқуёш беминнат нурларини пурвиқор тоғлар узра яшил водийга сочиб турибди. Ўзбекистон — серқуёш ўлка. Офтоб ҳар куни тонгда заҳматкаш халқни сеҳрли нурлари билан эркалаб уйғотади. Мевазорларга, далаларга файз олиб келади. Балки, шириндан-шакар ноз-неъматларга тўла Ўзбек бозорининг доим қайнаши ҳам шундандир...

HUMO bilan Misrga sayohat qiling! ✈️

Мана, гербимизда яна неча минг йиллик тарихга гувоҳ кўҳна тоғлар ҳам қад кериб турибди. Тоғлар орасидан тошдан-тошга урилиб икки дарё сув эмас гўё нур олиб келмоқда. Бу мангулик тимсоли. Яратганнинг инояти билан сувсиз ўтган кунимиз йўқ. Ариқларда кулча нонларни оқизоқ қилиб ейиш гаштини фақат ўзбек боласигина билса керак...

Гербимизда яна олижаноблик, бахт-саодат, омад тимсоли афсонавий Ҳумо қуши қанотларини ёзиб парвозга шайланиб турибди. Ҳа, бу жангу жадалларда буюк соҳибқиронларимизга мадад бўлган ўша бахт қушидир...

Сафарга чиқсангиз, мамлакатимиз йўллари бўйларида адоқсиз далаларга кўзингиз тушади. Бир ён пахтазор, бир ён буғдойзор. Бу тўкислик, мўл-кўлчилик тимсоллари бизнинг муқаддас тупроғимизни ҳам безаб турибди.

Хуллас, Ўзбекистонимизнинг бутун жилоси унинг гербида мужассам. Ўзини Ўзбек деб билган ҳар қандай инсон уни юзлаб сержило туғролар орасида осонгина таниб олади. Чунки ҳар қандай давлат рамзида Ватан нафаси бор. Ҳа, гербимизга Ватан каби «муқаддас» нисбасини беришимиз сабаби ҳам шундан.

Биласизми, унинг бебаҳолигини яна қачон ҳис қилиш мумкин? Қачонки,чет элдан келаётганимизда, диёримиз чегарасида бунёд этилган салобатли дарвозада Давлат гербини кўрганимизда. Ватан остонасида юрт тамғасини кўриб, қалбимиз жўш уриб кетади, онг-шууримизни фахр-ифтихор туйғуси эгаллайди.

Менинг бир устозим бўлар эди, улар доим бирор мусобақа ёки тадбирларга борсалар, ўзи билан бирга давлат байроғи ва герби тасвирланган икки энлик матони олиб юрар эдилар. Бунинг сабабини сўраганимда, "Булар биз учун муқаддас. Бизга куч беради. Иккиси ёнимиздалигини ҳис қилар эканмиз, доим ғолибмиз", дер эдилар. Бинобарин, ҳеч бир беллашувда бизни муваффақият тарк этган эмас. Мен ана шунда англаб етганманки, Ватан қанчалик улуғ ва азиз бўлса, рамзларимиз ҳам шу қадар қадрли ва мўътабардир. Таъбир жоиз бўлса, Гербимиз кўксимизда олиб юрадиган Ватанимиздир.

Камола АБДУНАБИЕВА,
Боёвут тумани

Report Page