“Ёшлар куни”да ёшлар учун Сирдарё театри ижодкорларидан байрам туҳфаси

“Ёшлар куни”да ёшлар учун Сирдарё театри ижодкорларидан байрам туҳфаси

Sirdaryo Xabarlari
Фото: Сирдарё вилоят театри

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 31 майдаги

“Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга

доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар

Маҳкамасининг 2018 йил 5 январдаги “2018-2022 йилларда давлат

театрларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг

фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари дастури туғрисида”ги 9-сонли

қарорининг 1-иловаси 8-банди ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан барча давлат театрларида 30 июнь “Ёшлар куни” муносабати билан “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди. Бунда республика миқёсидаги ҳар бир театр томонидан томошабинлар учун бепул спектакль намойиш этилиши таъминланди.

Фото: Сирдарё вилоят театри

Сирдарё вилоят мусиқали драма театри ижодкорлари ҳам ёшларга ажойиб намойиш ҳозирлади. Вилоят Ёшлар иттифоқи маркази томонидан барча туманлардан келган ёшлар бир жойга жам бўлишди. Иштирокчилар аввал Гулистон шаҳридаги “Билимдонлар маскани”га йиғилиб, мутасаддилар томонидан ташкил этилган байрам тадбиридан сўнг “Дўстлик” қўрғонидаги маданият маркази сари йўл бошлади. Сирдарё театри биносида таъмирлаш жараёни кетаётгани боис (яна қанча давом этилиши номаълум...), ижодкорлар вақтинча шу ерда фаолият кўрсатмоқда. Ёшлар маданият марказига кирар экан, томоша залидан олдин кириш фоейисидаги ажиб манзара уларни ўзига жалб этди. Мўъжазгина кўргазмада театрнинг саҳналаштирувчи рассоми Исмат Юнусов ижодига мансуб турли спектакллар учун ишланган саҳна декорацияси макетлари, айрим декоратив кўринишларнинг асл нусхалари, либослар эскизи, саҳна кўринишларидан фотолар, актёрлар учун турли кўринишдаги қўлланма қуроллар (реквизитлар) ўрин олган эди. Иштирокчилар уларни томоша қилгани сайин ҳайрат ва ҳаяжони тобора ортиб борарди...

Фото: Сирдарё вилоят театри

Томоша залига кирган иштирокчиларни саҳнада театрнинг устоз санъаткорлари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Шариф Жумаев, Мавлуда Маматиллаохунова, Адҳам ва Озода Абдуллаевлар кутиб олишди. Ижодкорлар ёшларга театр санъати, унинг ўзига хос сирлари, нозик томонлари, машаққатлари, жамиятдаги ўрни, бугунги кун томошабини учун нечоғлиқ зарурлиги ҳақида тушунчалар бериб, дилдан суҳбатлашишди. Ёшлар ҳам уларга ўзларини қизиқтирган саволларни бериб, керакли жавоблар орқали театр санъати борасида тасаввурга эга бўлишди. Шундан сўнг театр ижодкорлари томонидан Нурулло Аббосхон асари “Инсон ўзинг...” спектакли намойиш этилди.

Фото: Сирдарё вилоят театри

– Биз ёшлар қанчалар баркамол бўлсак, маънавий иммунитетимиз ҳам турли ёт ғояларга нисбатан шунча кучли бўлади, – дейди Сирдарё тумани 8-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Нигора Умарова. – Бугун эрта тонгдан ташкил этилган байрам намойишларининг иштирокчиси бўлиш олам-олам завқ улаш билан бирга хотирамга умрбод муҳрланмоқда. Айниқса, мана бундай беминнат намойиш этилаётган спектаклларни томоша қилганда ундаги воқеалар ҳаётимизни акс эттирувчи кўзгу эканини англаб етдим. Буни қаранг, Президентимиз олға сурган “Беш ташаббус”нинг амалдаги ифодаси мана шу тадбирда, театр ижодкорлари томонидан амалга оширилган шундай ислоҳотларда намоён бўлмоқда. Бунинг учун театр жамоасидан беҳад миннатдор эканимни изҳор этиб қоламан.

Фото: Сирдарё вилоят театри

Спектакль сўнгида ёш томошабинлар ўзларининг тўхтовсиз қарсаклари-ю, давомий узоқ олқишлари билан ижрочиларнинг ҳам қалбини тўлқинлантириб юборди. Уларнинг юз-кўзидан бахтли мамлакатнинг бахтли фарзанди экани сезилиб турарди. Байрам шодиёналари Гулистон шаҳри бўйлаб кечгача давом этади. Театр ижодкорларининг чиқишлари ҳам ҳали олдинда...

Бекмурод Бардош,

Театр адабий бўлими мудири.

Report Page