Умр заволи, тараққиёт кушандаси

Умр заволи, тараққиёт кушандаси

Sirdaryo Xabarlari
Фото: Google Images

Гиёхвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмаси дунё миқёсидаги энг долзарб муаммолардан бири. БМТ маълумотига қараганда, дунёда хар йили гиёхвандликка чалинган қарийб 230 минг киши хаётдан эрта кўз юмади. Шу боис наркотик ва психотроп воситалар контрабандаси ва унинг ноқонуний савдосига қарши курашиш ҳалқаро аҳамиятга молик масаладир.

Юртимизда гиёхвандликнинг олдини олиш, унга қарши курашиш борасида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борадаги ишлар, айниқса Ҳалқаро наркотик моддаларни суистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш куни муносабати билан ҳамда “Гиёхвандликка  қарши  курашиш  ойлиги”  доирасида  янада  кучайтирилди.

Мамлакатимизда қисқа даврда ушбу соҳада салмоқли ишлар амалга оширилди, айниқса Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегияси вазифаларидан келиб чиқиб, тинчлик, фаровонлик ва инсон манфаатларини таъминлаш чоралари кўрилаётир.

Натижалар хам шунга мос бўляпти. Амалга оширилган ташкилий-амалий ва оператив-профилактик тадбирлар туфайли ўтган йили аниқланган наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ жиноятлар 2017 йилдагига нисбатан 12 фоиз, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 2018 йилда мусодара қилинган наркотик воситалар миқдори 2017 йилдагига нисбатан 41 фоизга камайган.

Сирдарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан хам ушбу йўналишда зарур тадбирларни олиб бормоқдалар, хусусан ўтган давр давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа идоралар билан ҳамкорликда наркотик моддаларнинг   ноқонуний    айланмаси   билан   боғлиқ  12  та холат аниқланиб,  4942 туп канопля (наша), 103,83 гр. Марихуана гиёхвандлик воситалари ушлаб қолинган.

Шунингдек инсон рухиятига ва соғлиғига кучли таъсир қилувчи дори воситаларни аниқлаш бўйича хам тегишли тадбирлар ўтказилган бўлиб, бунинг натижасида 3 та  холатда 88 та психотроп таблеткалар ушлаб қолинган.

Шу билан бир қаторда бошқарма ходимлари томонидан республика худудига сифати кафолатланмаган ва хеч қандай хужжатларсиз биологик фаол қўшимчаларни олиб келиш борасида хам сезиларли натижаларга эришилди, жумладан ўтган давр мобайнида 11 та холатда умумий қиймати 677,1 миллион сўмлик жами 3125 дона хорижда ишлаб чикарилган, тасдикловчи хеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, сифати кафолатланмаган “Коэнзим-QH” ва “Активный коралловый кальций” номли биоактив (капсула ва таблетка кўринишдаги)  фаол биологик  қўшимчалар ушлаб қолинди.

Бошқарма ва бошқа хуқуқ-тартибот органлари билан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида контрабанда ашёси ҳисобланган 3 дона ўқ-отар қуроллари   аниқланиб, қонун доирасида чоралар кўрилди.

Ўтган давр мобайнида гиёхванд моддаларни назорат қилиш борасида икки ва кўп томонлама ҳамкорлик ишлари изчил давом эттирилди. Хусусан бир қатор минтақавий ва миллий лойихалар доирасида чегара худудлардаги назорат пунктлари модернизация қилинди ва қўшимча ускуналар билан жиҳозланди.

Давлат божхона қўмитасининг 2018 йил 25 июлдаги БМТ Гиёҳванд ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг “Мобил гуруҳлар ташкил қилиш йўли билан Ўзбекистонда афғон гиёҳвандлик воситаларининг контрабандасига қарши курашиш” бўйича ХАС/Z60 лойиҳаси  ижроси юзасидан ташкил этилган мобил ва тадбирларни мувофиқлаштириш бўйича тузилган гуруҳнинг иш фаолиятини ўрганиш мақсадида, жорий йил 15 январь куни БМТнинг Гиёҳванд ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг ҳудудий вакили Ашита Миттал, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларини назорат қилиш Миллий ахборот-таҳлил маркази директори Олим Нарзуллаев, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи вазирлик ва қўмиталарнинг масъул ходимлари Сирдарё вилояти божхона  бошқармасига  ташриф  буюрдилар.

Мониторинг гуруҳи томонидан вилоят божхона бошқармасида мобил ва тадбирларни мувофиқлаштириш бўйича тузилган гуруҳининг иш фаолияти учун ташкил этилган алоҳида хизмат хонасининг жиҳозланиши ҳамда БМТ томонидан тақдим этилган махсус техник воситалардан самарали фойдаланиш ахволи ўрганилди.

Шундан сўнг, Мониторинг гуруҳи Сирдарё ва Жиззах вилоятларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан 2018 йил давомида амалга оширилган ишлар, келгусидаги устувор вазифалар ҳамда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида эришилган натижаларга бағишланган презентация кўринишидаги суҳбатлар ўтказилди ва икки томонлама фикрлар алмашилди.

Хозирги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва давлат органлари билан хамкорликда меҳнат жамоалари, ўқув муассасалари ва махаллаларда аҳоли, хусусан ёшлар билан учрашиб, гиёхвандликнинг жирканч оқибатлари тўғрисида хаётий мисоллар асосида кенг тушунтиришлар олиб борилиши таъминланмоқда.

Юртимизда аҳолини наркотик моддалар ва бошқа таъқиқланган иллатлар зараридан  огохлантириш,  соғлом  ҳаёт  тарзини  кенг  тарғиб  қилиш,  ушбу эзгу мақсадларга қаратилган тадбирлардаги тарғибот ва ташвиқот ишлари,  медиа-компаниялар, шунингдек ижтимоий  роликлар  самарадорлигини  янада  ошириш  бугунги куннинг долзарб  талабларидандир.

Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар гурухи

Report Page