ҲАМКАСБЛАРИМГА

ҲАМКАСБЛАРИМГА

Sirdaryo Xabarlari
Фото: Google Images

Ушбу нонни еб кўрганлар, бир умр фақат эл дарду ташвиши, қувончига шерик бўлиб ўтадилар. Эл қувонса, дастурхондан тотинган бир тишлам нон ширин, эл дардини тингласа, дастурхонини безаган бир коса ош заҳар... Аммо, шу соҳани севганлар ҳеч қачон ундан узоқлашиб кетмайдилар.

Кейинги пайтда ушбу соҳага адашиб кирганлар ҳам кўпайиб кетди. Иккита мақола ёзиб, ўзини “журналист” деб атайдиганлар, бировларнинг муаммосидан ўзлари учун “нон” топадиганлар кўпайиб қолди.  

Бунинг барчаси журналистикада кўп йиллар қалам тебратгану, аммо, ёшларга ҳечам йўл беришни хоҳламайдиган, ёлғиз ўзиникини маъқул қиладиган, 30-40 йиллаб ишлаб бирор тузук-қуруқ шогирд етиштирмаган баъзи қўштирноқ ичидаги “дарғаларимиз” туфайли эканми, деб ўйлаб қоласан, киши. “Фалончи-фалончи шогирдим бор” деганингиз билан, ўша кадрнинг эл танийдиган мухбир бўлиб етишишига ҳисса қўшмасангиз, устоз мақомингиз аниқ бекор. 

Бўлмаса айтингчи, нега вилоят журналистларининг сафи кенгаймайди? Нега Журналистлар уюшмаси аъзоси саноқлигина, уларнинг деярли барчаси нафақада, аммо, ортида уларнинг изини босадиган шогирди йўқ? Барчамиз ҳам бир кун нафақага чиқамиз, аммо,  кимгадир учи чархланган қаламимиз қолиши керакку?

Тўғриси, бугунги ёшларнинг кўпчилиги фақат телевидениега интилишади. Сирдарё вилоят телевидениесида 90 фоиз ёш йигит-қизлар қалам тебратишмоқда. Телевидение ҳар доимдагидек ёш кадрларни етиштириш, уларни чиниқтириш мактаби бўлиб қолмоқда. Телевидение соҳасида 20-30 йиллаб меҳнат қилган устоз журналистлар Тоҳир Самиев, Анорбой Қаҳҳоровлар бугунги кунда ҳам ўнлаб шогирдларни тарбиялашмоқда. 

Аммо, ёшлар газета соҳасида жуда камчиликни ташкил қилади. Борлари ҳам саноқли. Албатта, уларнинг орасида кичкина бўлса ҳам муваффақиятларга эришганлари борлиги кишини қувонтиради. Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаб, “Ишонч”газетасида вилоят мухбири, “Ойдин йўл” газетасининг ижрочи муҳаррири бўлиб ишлаётган Озода Мамадалиева ана шундай журналистлардан. Ўтган йил августда ўтказилган “Энг улуғ, энг азиз” танловида Озода Мамадалиева биринчи ўринни эгаллагани, шубҳасиз, бу соҳага иқтидорли ёш қаламкаш кириб келганидан далолатдир.

Аммо, юқорида айтганимдек, бу соҳада шогирд етиштириш, уларни тарбиялашни истамаганимиз учун ҳам, айнан истеъдодли ёшлар пойтахтга кетиб қолмоқдалар.  

Бугунги Сирдарё вилоят матбуоти ҳар қачонгидан-да ёш кадрларга муҳтож. Бу борада вилоят ҳокимимиз Ғофиржон Мирзаев ҳам журналистлар билан учрашувда таъкидлаб ўтди. Вилоят ҳокими Ўзбекистон Оммавий ахборот ва коммуникациялар университетига сирдарёлик ёшлар учун ҳар йили 5 та квота ўрни ажратиш таклифини билдирди. 

Ўйлаб қаранг, вилоят ҳокими ушбу соҳа учун куйиб-пишмоқда, чунки, вилоятнинг ютуқларидан қувониб, оламга ёядиган, муаммоларини тегишли раҳбарларга ўткир-ўткир, долзарб мақолалари билан билдирадиган ўтюрак журналистлар вилоят учун керак.  

Шу ўринда, ижтимоий тармоқларда, хусусан, “Telegramm” каналида янгиликлар каналини очиб, интернет журналистикаси борасида вилоятимизнинг юзига айланаётган “Sirdaryo xabarlari” телеграмм каналини айтиб ўтмоқ зарур. Ушбу каналнинг бошқарувчиси Ойбек Номозов интернет журналистикасига дадил кириб келган умидли ёшлардан. У бериб бораётган тезкор хабарларни бугунги кунда 11 минг нафардан ошиқ сирдарёликлар ўқимоқда. Бу эса жуда муҳим. 

Бу борада вилоят ҳокимимиз Ғофиржон Мирзаев айтганидек, бугунги кунда юртдошларимиз асосий ахборотни интернетдан олмоқдалар. Шунинг учун ҳам тезкор интернет журналистлари биз учун ҳар қачонгидан-да муҳим. Вилоятда рўй бераётган воқеликларни пешма-пеш оммага етказиб боришда Хусан Исоқулов маъмури бўлган “Sirdaryo24” телеграмм каналини ҳам айтиб ўтиш жоиз. “Сирдарё ҳақиқати-Сырдарьинская правда” газеталари бош муҳаррири Фарҳод Боқиевнинг янгиланиб бораётган жамоаси ҳам интернетда ўз ўрнини топишга интилмоқда. Кўпчилик юртдошларимиз Сирдарёда бўлаётган янгиликларни айнан шу иккита телеграмм каналдан билиб олишаётганини айтишади.

Аммо, юқорида айтиб ўтганимиздек, бугун каналингиз тасмасида вилоятдан ўта муҳим, қисқа ва лўнда ҳеч бўлмаганда 5та хабар кетмаса, бари бекор.

Байрам арафасида журналистлар билан бўлган матбуот анжуманида вилоят ҳокими ушбу соҳага бундан буён катта эътибор қаратишини, журналистлар вилоятда амалга оширилаётган эзгу ишларнинг ҳақиқий жарчисига айланишини исташини, бунинг учун барча шароитни яратишга тайёр эканини билдирди. Бу таклифга анжуманда қатнашган барча “тайёрмиз” деб жавоб берди. Аммо, нечтамиз шу мавзуда таклиф билдирдик? Нечтамиз ўзимизнинг фикримизни билдириб, мақола ёздик?

Азиз ҳамкасбларим, байрам муносабати билан табрик номамда қаттиқроқ фикр билдирганимга хафа бўлманг, чунки, сизларнинг бирингиз сифатида ушбу сўзларни айтишим керак эди. Қачондир, биз ўзимизга устоз сифатида қарашни ўрганишимиз, қаламимизни кимгадир совға қилишимиз шартлигини билишимиз зарур.  

Айтгандек, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида матбуот хизмати ходимлари йўналиши бўйича ҳам кадрлар тайёрлашни йўлга қўйишибди. Демак, вилоятимиздаги ташкилотларнинг матбуот хизматларида ҳамкасбимиз Илғор Халиловдек олий маълумотли, иқтидорли ёшларимиз кўпаяди.  

Касб байрами барчангизга муборак бўлсин, азиз журналистлар, қаламингиз ўткир, халқ олдида юзингиз ёруғ бўлсин!

Зебо Ҳайдарова

Report Page