Қўшничилик — минг йилчилик эмасми?..

Қўшничилик — минг йилчилик эмасми?..

@Sirdaryo
Фото: Боёвут тумани ҳокимлиги

Ҳар гал қўшнисининг уйига ўғирликка тушганлар ҳақида эшитганимизда, беихтиёр ёққа ушлаймиз. Агар қўшнисига бирор бир буюм билан тан жароҳати етказсачи? Унда қандай аҳволга тушамиз? Онда-сонда бўлса-да, учраб турадиган бундай ҳолатларнинг юз беришига, бундан-да ачинарлиси, турли кўринишдаги жиноятларнинг тобора урчиб бораётганига “Менга нима?” қабилида иш кўришимиз, лоқайдлик, бепарволикка берилишимиз сабаб эмасмикан?!

Баъзида арзимаган келишмовчилик йиллар ўтиб ҳусуматга айланиши ҳам мумкин. Бундай ҳолатларга бефарқ бўлиш ёмон оқибатларга сабаб бўлиши айни ҳақиқат.

Хусусан Боёвут тумани Алишер Навоий номли маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи А.Қаршибоев ва унинг қўшниси Д.Норалиевлар ўтган йилнинг қиш арафасида ўзаро келишмай қолишган. Бу эса бир нечта ўзаро жанжалларга сабаб бўлган. Орадан вақтлар ўтиб бу жанжаллар жиноятгача бориб етди.

Жорий йилнинг 28 июнь куни А.Қаршибоев ва унинг қўшниси Д.Норалиевлар ўртасидаги навбатдаги жанжалда Д.Норалиев ўзининг ёнида бўлган ўткир тиғли жисм (лезвия) билан фуқаро А.Қаришбоевнинг чап юзининг пешона қисми ва чап қўлининг билак қисмига тан жароҳати етказган.

Жабрланувчининг оила аъзолари томонидан маҳалла фуқаролар йиғини раисига ҳолат юзасидан мурожаат қилинган бўлса-да маҳалла раиси томонидан “ҳар доимги келишмовчиликда...” қабилида бефарқ қолдирилган.

Сирдарё вилояти прокурори Равшан Машарипов иштирокида бўлиб ўтган муҳокама айнан шу жиноят ишига бағишланди.

Фото: Боёвут тумани ҳокимлиги
Фото: Боёвут тумани ҳокимлиги

Жиноят содир этган фуқаро ва жабрланувчи, уларнинг оила аъзолари, шунингдек, маҳалла мутасаддилари ва фаоллари қатнашган йиғилиш давомида мазкур келишмовчиликнинг келиб чиқиш сабаблари, унинг жиноятгача етиб боришида маҳалла мутасаддиларининг роли танқидий кўриб чиқилди.

Фото: Боёвут тумани ҳокимлиги

Ушбу ҳолат юзасидан ИИБ тергов бўлими томонидан 2020 йил 29 июнь куни Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Д.Норалиевга нисбатан “тилхат” эҳтиёт чораси  қўлланилган бўлса-да, у муҳокама давомида ўз қилмишидан пушаймон эмаслигини билдирди. Бундан ташқари қўшничилик муносабатларини юмшатиш учун ҳаракат ҳам қилмаганлиги сабабли муҳокама ўтказилган залнинг ўзида “тилхат” эҳтиёт чораси “қамоқ” эҳтиёт чорасига ўзгартирилди.

Фото: Боёвут тумани ҳокимлиги

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, жиноятга жазо муқаррар. Лекин бу жиноят  ва жиноят содир этган фуқарога тайинланадиган жазо қўшничилик ришталарини батамом узилишига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Бу ҳолат маҳалла ва жамоатчиликка янада катта масъулият юклайди. Энди бефарқ бўлиш бу икки қўшни ва уларнинг оила аъзолари ўртасида бунданда катта жиноятларга сабаб бўлмаслиги учун маҳалла мутасаддилари томонидан профилактика ишларининг самарадорлигини ўн баробар оширилишини талаб этилади.

Яна шуни таъкидлаш керакки, Президентимиз ташаббуси билан тўртта ташкилот негизида вужудга келган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг қуйи ташкилотларининг фаолияти бу масалада айни муддао бўлди. Негаки, бу ташкилотлар яхлит бир тизимга келтирилиб, юқоридаги каби ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Ўз навбатида туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан бу йўналишда тизимли ишлар амалга оширилади ва бу каби жиноятларни олдини олиш билан бирга оилавий қадриятлар, шунингдек, қўни-қўшничилик ришталарини янада мустаҳкамлаб бориш чоралари кўрилади.

Боёвут тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

Report Page