Сирдарё театри ижодкорларидан байрам шукуҳи: театр жамоаси Жиззахда!

Сирдарё театри ижодкорларидан байрам шукуҳи: театр жамоаси Жиззахда!

@Sirdaryo
Фото: Бекмурод Бардош / Telegram

Ёзнинг жазирама кунлари. Бундай пайтда юртимизнинг шундай хушманзара, сўлим гўшалари борки, беихтиёр инсон ўша масканларда ҳордиқ чиқаргиси келади. Ана шу боҳаво масканлар Жиззах вилоятида ҳам бисёр. Сирдарё вилояти мусиқали драма театрининг бир гуруҳ ижодкорлари 29 июнь куни эрта тонгдан Жиззах вилоятининг Янгиобод тумани сари йўл олди. Мамлакатимиз бўйлаб тантанали нишонланаётган “30 июнь – Ёшлар куни” муносабати билан бу ерда ҳам ўзгача тайёргарликлар кўрилган экан. Кенг адирликлар бағрида манзарали дарахтлар орасида мўъжаз саҳна, унинг атрофига туман миқёсидаги жамоат ташкилотлари, фаол ёшлар жамланган. Даставвал, спорт, санъат, бадиий адабиёт ва турли соҳада илдам, барчага ўрнак бўладиган ёшлар туман ҳокимлиги, Ёшлар иттифоқи маркази мутасаддилари томонидан тақдирланди. Байрамона кайфият Сирдарё театри ижодкорлари томонидан тайёрланган театрлаштирилган томоша дастури билан янада кўтаринки руҳда касб этди. Театр ижодкорлари томонидан ранг-баранг куй-қўшиқлар, жозибадор рақс ва ҳажвий саҳна кўринишлари йиғилганларга олам-олам қувонч улашди. Барчанинг юзида табассум уфуриб турарди.  Томоша сўнгида иштирокчилар мамнунлигидан театр жамоасидан шундай ҳамкорлик доимо бўлиб туришини, тез-тез келиб туришларини сўраб қолишди.

Фото: Бекмурод Бардош / Telegram

Шу куни Гулистон шаҳар “Дўстлик” қўрғонидаги маданият маркази томоша залида Нурулло Аббосхон қаламига мансуб “Инсон ўзинг...” трагикомедияси асосида саҳналаштирилган спектакль томошабинлар учун намойиш этилди. Асар қаҳрамони ёш йигит Азизбекнинг бошидан кечган воқеалар асосига қурилган ушбу спектакль барчанинг қалбидан жой олади, албатта. Одамлар ўртасидаги нозик туйғулар, азалий қадриятлар, меҳр-оқибат, садоқат ва матонатни, чин инсоний хислатларни тараннум этувчи томошани кўрган одам борки, дилида яширин ҳисларни туйиб, эзгуликни ўз олдига олий мақсад қилиб қўяди. Спектаклдан сўнг томошабинлар томоша залидан чиқар экан, юз-кўзида мамнуният уфуриб турарди.

Фото: Бекмурод Бардош / Telegram

Ҳа, яна бир гап, 30 июнь куни Республикамиздаги барча театрларда “30 июнь – Ёшлар куни” муносабати билан “Очиқ эшиклар куни” ўтказилади. Шу муносабат билан Сирдарё вилоят мусиқали драма театр ижодкорлари томонидан мазкур “Инсон ўзинг...” спектакли бепул намойиш этилади.

Бекмурод Бардош,
Театр адабий бўлими мудири.

Report Page